Мақолалар

«Мадина» бозоридаги вазият: модернизациями ёки рейдерлик босқини?

«Мадина» бозоридаги вазият: модернизациями ёки рейдерлик босқини?

Бишкекдаги «Мадина» бозорини шу йилнинг 1 августидан бошлаб ёпиш ҳақидаги қарор жамиятда ва савдогарлар ўртасида норозилик тўлқинини кучайтириб юборди. Мазкур бозор мамлакатнинг енгил саноатини хомашё (мато, фурнитура, ускуналар) билан тўлиқ таъминлаб келаётган ҳамда «Made in KG» брендининг шаклланишига асос бўлган газлама хаби ҳисобланади.

Ҳокимият вакилларининг маълумотларига кўра, айни пайтда олиб борилаётган ишлар савдо марказини давр талабларига мослаштириш ҳаракати сифатида баҳоланмоқда. Мэрия ва бозор маъмурияти эса, бозор бутунлай йўқ қилинмаслигини, таъмирлаш ишлари якунлангач, савдогарлар яна ўз жойларига қайтишлари мумкинлигини билдирмоқда.

Бироқ масаланинг иккинчи томонига назар ташласак, ҳақиқат янада ойдинлашади. «Мадина» бозори атрофидаги можаролар ўтган йили Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан бозор асосчиси Турсунтай Салимовнинг уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинишига бориб тақалади. Салимов қамоққа олинганидан кейин унинг мулклари ва «Мадина» бозори ҳукуматга яқин бўлган компания «Тарим Трэйд» ихтиёрига ўтиб кетди. “Мадина” бозори билан бир қаторда, унга туташ бўлган “Темир-бетон буюмлари заводи”нинг 13 гектарлик ер майдони ва «Сан Сити» дам олиш маркази ҳам бошқа қўлларга ўтди. Ҳозирда мазкур ҳудудда янги газлама бозори қурилиши якунланиш арафасида турибди. Савдогарларнинг айни шу янги бозорга кўчиш талаб қилинаётгани сабабли, тадбиркорлар Президентга мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, тадбиркорлар янги қурилаётган корпуслардан ҳаддан ташқари юқори баҳода ($200 000 – $240 000) расталар сотиб олишга мажбур қилинмоқда.

Демак, «Мадина» бозори атрофида юз бераётган воқеалар шунчаки таъмирлаш ёки янгилаш ҳаракати эмас. Бу — капитализм табиатига мувофиқ ҳокимиятга яқин шахслар қўлида йирик молиявий имкониятларни жамлаш учун қилинган пухта режадир. Афсуски, бундай мулкни тортиб олиш жараёнларида нафақат эски эгалари зарар кўрмоқда, балки бутун умрини савдо билан ўтказган оддий тадбиркорлар ҳам оғир аҳволда қолмоқдалар. Шу боис, агар ҳукумат савдогарлар манфаатини ҳимоя қилиб, шаффоф шароитлар яратиб бермаса, бу вазият халқнинг навбатдаги норозилик тўлқинига сабаб бўлувчи омилга айланиши ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, ушбу жараённинг оқибати шусиз ҳам инқироз ёқасида турган тикувчилик тармоғини янада оғир бўҳронга тиқиши мумкин.

Бунинг акси ўлароқ, Ислом хусусий мулк дахлсизлигини юқори ўринга қўяди ҳамда давлат ёки ҳукумат вакиллари томонидан хусусий мулкларнинг тортиб олинишини қатъиян тақиқлайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«مَنْ ظَلَمَ قِيدَ شِبْرٍ مِنَ الْأَرْضِ طُوِّقَهُ مِنْ سَبْعِ أَرَضِينَ» «Кимки бир қариш ерни бўлса ҳам зулм билан тортиб олса, у (қиёмат куни) етти қават ер унинг бўйнига ўраб қўйилади». (Оиша розияллоҳу анҳодан Муслим ривояти).

Ақил Исаков

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button