Назорат остидаги солиқлар: Бизнес учун янги воқелик

Назорат остидаги солиқлар: Бизнес учун янги воқелик
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси солиқ маъмуриятининг қоидаларини тубдан ўзгартирувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим қилди. Ҳужжатда бизнес устидан назоратни кучайтириш, жараёнларни рақамлаштириш ва солиқ органларининг ваколатларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган янгиликлардан бири — солиқ органларига видеокузатув тизимларига кириш ҳуқуқини бериш талаби бўлди. Агар тадбиркорда камералар бўлмаса, текширувчилар уларни ўзлари ўрнатиши мумкин. Солиқчилар текширувлар ўтказиш ва қонунбузарликларни қайд этишда ушбу маълумотлардан фойдаланиши режалаштирилмоқда.
Давлат қаттиқ назорат орқали солиқ соҳасида тартиб ўрнатишни кўзламоқда. Бунинг учун солиқ хизматига камералардан фойдаланиш, рейдлар сонини кўпайтириш, бизнесдан кўпроқ маълумот олиш, ҳатто савдо марказлари ва бозорларни ягона назорат тизимига улаш каби кўпроқ имкониятлар бериш таклиф этилмоқда. Ташаббуснинг моҳияти айнан мана шундан иборат.
Бир қарашда, бу ҳаракатлар тўғри қадамдек туюлиши мумкин. Яъни, «яширин» иқтисодиёт камаяди, шаффофлик ортади, солиқ тушумлари кўпаяди, деган важлар келтирилмоқда. Бироқ, бу ишларнинг қандай амалга оширилиш механизмига эътибор қаратсак, жиддий саволлар туғилиши табиий.
Энг нозик масала — бу камералардир. Тадбиркорлар ё ўз видеокузатув тизимларига солиқ хизмати учун кириш имконини бериши керак, ёки солиқчилар камераларни ўзлари ўрнатишади. Расмийлар бу қонунбузарликларни қайд этиш учун зарурлигини айтишмоқда. Аммо амалда бу давлат хусусий бизнеснинг ичида нима бўлаётганини узлуксиз кузатиш имкониятига эга бўлишини англатади. Бундай қадам солиқ текшируви доирасидан бутунлай чиқиб кетмоқда. Бу ўринда: «Агар бу сенинг иш жойинг ва сенинг мулкинг бўлса, унда давлат асоссиз ҳатлаб ўтмаслиги керак бўлган чегара қаерда?», деган ҳақли савол туғилади.
Масала нафақат принципда, балки хавф-хатарларда ҳамдир. Камералар ходимларни, мижозларни ва жараёнларни — хуллас, ҳамма нарсани ёзиб туради. Маълумотларни ҳимоя қилиш даражаси паст бўлган тақдирда, бу ахборотнинг осонгина сизиб чиқишига ёки бошқа мақсадларда ишлатилишига олиб келиши мумкин. Бундай вазиятда солиқ қуроли таъқиб (айғоқчилик) қуролига айланиб қолади.
Набатдаги босқич — рейд назоратидир. Солиқчилар исталган вақтда келиб, ўша ернинг ўзидаёқ қанча одам ишлаётганини, кассага пул тушаётганини ва тўловлар ҳолатини текшира оладилар. Ҳа, бир томондан, бу қонунбузарликка қарши кураш бўлиши мумкин, бироқ, иккинчи томондан — ваколатларни кенгайтиришда ҳаддан ошиш ҳисобланади. Реал ҳаётда кўп нарса муайян бир текширувчига бориб тақалади. Демак, босим ўтказиш, танлаб текшириш ва норасмий келишувларнинг кўпайиш хавфи туғилади. «Текширувчининг хоҳишига қараб» ҳал қилинадиган бундай вазиятлар қанчалик кўпайса, коррупция эҳтимоли шунчалик ортиб бораверади.
Бозорлар ва савдо марказлари эса алоҳида мавзу. Ижара берувчиларга ижарачиларни назорат қилиш ва улар ҳақидаги маълумотларни давлатга етказиб туриш мажбурияти юкланмоқда. Яъни, хусусий бизнес солиқ хизматининг функцияларини бажариши керак. Бу мантиққа зиддир. Чунки ижара берувчида ижарачининг солиқларини назорат қилиш учун на бир восита, на бир қизиқиш бор. Бундан ташқари, бу табиий зиддиятни келтириб чиқаради. Яъни, ижара берувчи ё ижарачилар билан муносабатларни бузиши керак бўлади, ёки ўзини хавф остига қўйиши керак бўлади.
Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда ҳам бу осонгина кечадиган жараён эмас. Йирик бизнес кўпинча бундай шароитларга мослашиб кетиши мумкин, чунки йирик тадбиркорларда маблағ, юристлар ва махсус тизимлар мавжуд. Бироқ, ўз аравасини зўрға тортиб юрган кичик бизнес яна бир қўшимча юкка дуч келади. Камералар, ҳисоботлар, текширув хавфлари — буларнинг барчаси маблағ ва катта меҳнат талаб қилади. Натижада, тадбиркорларнинг бир қисми ўз фаолиятини тўхтатади ёки «яширин фаолиятга» ўтиб кетади. Яъни, яширин бизнесга қарши курашиш учун кўрилган бундай чоралар уни бошқа кўринишда кўпайиб кетишига олиб келиши мумкин.
Такси хизматлари, етказиб бериш (курьерлик) тармоқлари ва бошқа турли бизнес платформалари бўйича ҳам муҳим жиҳат мавжуд. Бу соҳалар кириш осонлиги ва тез даромад топиш имконияти борлиги туфайли оммалашиб кетган. Агар улар анъанавий бизнес каби қаттиқ тартибга солиниб, текширила бошланса, бу уларнинг энг асосий устунлигини — яъни оддийлигини йўққа чиқаради. Оқибатда, ушбу соҳа ортидан тирикчилик қилиб юрган оддий одамлар зарар кўради.
Ислоҳот «агар назорат кучайтирилса, тизим яхшироқ ишлай бошлайди» деган ғоя атрофида қурилмоқда. Бироқ бу ёндашув фақат кучли институтлар ва энг муҳими, ишонч бор жойдагина самара беради. Акс ҳолда, назорат босим сифатида қабул қилинади ва бизнес «тоза ишлаш» ўрнига, тазйиқдан қочиш йўлларини излай бошлайди. Шу тариқа, қарама-қарши вазият юзага келади. Давлат қисқа муддатда, айниқса кучайтирилган назорат ҳисобидан кўпроқ солиқ йиғиши мумкин, лекин бунинг ортидан бизнес харажатларининг ортиши, ҳуқуқларни суиистеъмол қилиш учун шароитлар яратилиши ва хусусий мулк дахлсизлигининг йўқолиши каби салбий оқибатлар келиб чиқади.
Муаммо давлатнинг тартиб ўрнатишни хоҳлаётганида эмас, балки танланган услубдадир. Тартибга солиш ташаббуслари қоидаларни соддалаштириш ва «тоза ишлаш» учун шароит яратиш орқали эмас, аксинча, кузатув ва босимни кучайтириш орқали амалга оширилмоқда. Айнан шу жиҳат ислоҳотни самарасиз қилиб қўйиши мумкин бўлган асосий омилдир.
Ҳужжат Жамиа




