Мақолалар

Нима учун Қирғизистон ва Грузия ўртасидаги муносабатлар илиқлаша бошлади?

Нима учун Қирғизистон ва Грузия ўртасидаги муносабатлар илиқлаша бошлади?

Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг Қирғизистонга амалга оширган ташрифи худди оддий ишчи ташрифлардек ўтди ва бошқа дипломатик тадбирлардан унчалик фарқ қилмади. Расмий маълумотларга кўра, учрашув ва унда муҳокама қилинган мавзулар савдо-сотиқ, инвестиция, туризм ҳамда маданий алоқаларга бағишланган. Бироқ, масалага кенгроқ назар ташланса, Евроосиёнинг иқтисодий ва сиёсий харитасини аста-секин ўзгартираётган жараёнларни пайқаш мумкин.

Ушбу ташрифнинг айнан ҳозирги вақтда амалга оширилаётгани алоҳида диққатга сазовордир. Қирғизистон ва Грузия ўртасидаги ўттиз йилдан ортиқ тарихга эга дипломатик муносабатлар давомида грузин ҳукумати раҳбарининг Бишкекка расмий ташрифи илк бор амалга оширилди. Бу икки давлат бир-бирини нафақат ўз ҳудудлари ташқарисидаги кичик шерик сифатида, балки анча муҳимроқ даражадаги ҳамкор сифатида кўра бошлаганидан далолат беради. Ёки бу алоқалар уларнинг ортида турган йирик давлатлар ва иттифоқларнинг ундаши билан фаоллашаётганидан дарак беради. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу ҳолат Евроосиё маконида янги логистик ва савдо йўналишлари қизғин ўрганилаётган пайтга тўғри келмоқда.

Пинҳона сабаблар

Расмий равишда томонлар ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида гапираётган бўлса-да, амалда асосий эътибор транспорт йўлаклари масаласига қаратилмоқда. Бугунги кунда Грузия Марказий Осиёни Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа билан боғлайдиган “Марказий йўлак” деб аталган йўналишнинг энг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади. Қирғизистон учун ушбу йўл янги бозорларга чиқиш ва янги логистик имкониятларга эга бўлиш демакдир. Айни пайтда, бу имкониятлар катта бозорлар ва чиқиш йўлларига муҳтож бўлган бошқа йирик давлатлар учун кўпроқ зарур эканини унутмаслик лозим. Грузия учун эса, бу юк ташиш оқимини кўпайтириш ҳамда Европа ва Осиё ўртасидаги транзит маркази сифатида ўз мақомини мустаҳкамлашни англатади.

Хуллас, бу ерда ўзаро савдо айланмаси ҳажми унчалик катта бўлмаган Қирғизистон ва Грузия ўртасидаги савдо-сотиқ ҳақида эмас, балки кўпроқ бошқаларнинг лойиҳалари учун инфратузилма тайёрлаш хусусида сўз бормоқда. Қирғизистон каби давлатларга эса инвестиция, бозор ва товарлар ўтадиган стратегик йўналишларнинг бир қисмига айланиш умиди ҳамда уларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи учун курашишдан ўзга чора қолмайди. Шу боис, ушбу контекстда Қирғизистон якуний истеъмол бозори сифатида эмас, Евроосиёнинг улкан транспорт занжиридаги бир элемент сифатида кўрилмоқда.

Лойиҳалар ортида ким турибди?

Қирғизистон ушбу учрашувнинг бевосита ташаббускори бўлгани даргумон. Бу ташаббус ортида анча йирик ўйинчилар тургани сир эмас. Хитой ўз товарларини Европага етказиб беришнинг муқобил йўлларини вужудга келтиришдан манфаатдор. Пекин денгиз йўналишларидан ҳам, Россия орқали ўтувчи шимолий йўлдан ҳам қарамликни камайтиришга интилмоқда. Унинг учун Марказий Осиё ва Кавказ муҳим захира ва шу билан бирга истиқболли йўналишга айланиб бормоқда. Айнан шу сабабли Қирғизистон борган сари Хитойнинг инфратузилма лойиҳаларида катта аҳамият касб этмоқда.

Европа Иттифоқи ҳам бу масалага алоҳида қизиқиш билдирмоқда. “Марказий йўлак” Брюссель учун анъанавий йўналишлардан қарамликни камайтириш билан бир қаторда, Осиё бозорлари ва хомашёсига ишончли йўл очиш имкониятига эга бўлишни англатади. Европадагилар ушбу минтақани иқтисодий хавфсизлик бўйича ўзларининг узоқ муддатли стратегиясининг бир қисми сифатида кўриб, Кавказ ва Марказий Осиёнинг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга борган сари фаолроқ инвестиция киритмоқдалар.

Бу жараёнда Туркия ўзига хос роль ўйнайди. Анқара азалдан Европа ва турк дунёси ўртасидаги асосий кўприк бўлишга интилиб келади. Унинг учун Кавказ ва Марказий Осиё орқали ўтувчи йўналишни ривожлантириш нафақат иқтисодий, балки сиёсий лойиҳа ҳамдир. Турк давлатлари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши Ўрта ер денгизидан тортиб Хитой чегараларигача бўлган улкан маконда Туркиянинг таъсирини кучайтиради.

Қозоғистон ва Озарбайжон ҳам жараённинг асосий иштирокчилари сифатида намоён бўлмоқда. Айнан ушбу давлатлар Каспий денгизи орқали ўтувчи бутун бир йўналишнинг ўзагини ташкил этади. Уларнинг портлари, темир йўллари ва логистика марказларисиз йўлакнинг тўлақонли фаолият юритиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Шу боис Бишкек ва Тбилисининг ҳозирги яқинлашувини анча кенг қамровли минтақавий ҳамкорликнинг бир қисми сифатида баҳолаш лозим.

Позицияларни қайта тартиблаш

Бу нуқтаи назардан қараганда, грузин Бош вазирининг ташрифи геосиёсий аҳамият касб этмоқда. Бироқ, бу билан иттифоқлар ўзгармоқда ёки Қирғизистоннинг ташқи сиёсатида кескин бурилиш юз бермоқда, деб айта олмаймиз. Аксинча, алоқаларни диверсификация қилиш йўлидаги ҳаракатларнинг кучаяётгани кузатилмоқда. Марказий Осиёнинг бошқа заифроқ давлатлари каби, Қирғизистон ҳам расмий равишда иқтисодий жиҳатдан фақат бир йўналишга қарам бўлиб қолмаслик ва имкон қадар кўпроқ ҳамкорлик каналларини тузиш позициясини тутмоқда. Қирғизистон иқтисодиёт соҳасида Хитой, Туркия, Форс кўрфази давлатлари ва Европа Иттифоқи билан муносабатларини ривожлантирмоқда, шунингдек Евроосиё интеграция тузилмаларидаги иштирокини ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Грузия ҳам европача йўналиш ва минтақадаги прагматик капиталистик сиёсат ўртасида мувозанатни сақлаган ҳолда худди шундай ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Айни пайтда, пинҳона геоиқтисодий жиҳатларни ҳам назардан қочириб бўлмайди. Ҳар қандай янги транспорт йўлаги манфаатлар мувозанатини албатта ўзгартиради. Россия, табиийки, ўз транзит мавқеини сақлаб қолишдан манфаатдор ва муқобил йўналишларнинг ривожланишига ҳасад билан қарамоқда.

Эрон эса ўзининг “Шимол–Жануб” йўлагини илгари суриб, транспорт рақобатини миллий манфаатлар масаласи сифатида кўради. Шу сабабли “Марказий Осиё — Кавказ — Европа” алоқаларининг ривожланиши, бора-бора келажакдаги савдо оқимлари учун кечаётган йирик рақобатнинг унсурларидан бирига айланиб бормоқда.

Хулоса қилиб айтганда, имзоланган ҳужжатлар сони ёки бугунги кундаги савдо айланмасининг ҳажми билан ушбу ташрифнинг аҳамиятини ўлчаб бўлмайди. Унинг асл моҳияти — Қирғизистон ва Грузиянинг Евроосиё юк ташишлари тизимида янгидан шаклланаётган логистик лойиҳада ўз ўрнини эгаллашга интилаётганида ўз аксини топади. Ушбу нуқтаи назардан олиб қараганда, учрашувнинг расмий баённомаси (протоколи) бутун Евроосиё муҳитидаги логистик қатламлар ва таъсир доираларини қайта тақсимлаш билан боғлиқ бўлган анчагина кенг кўламли жараённинг фақат ташқи кўриниши ҳисобланади.

Хужжат Жамиа

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button