Янгиликлар

Россия расмийлари меҳнат муҳожирларига нисбатан босимни кучайтирмоқда

Россия расмийлари меҳнат муҳожирларига нисбатан босимни кучайтирмоқда

Россияда меҳнат муҳожирларининг мамлакатда қолиш тартибларини янада қаттиқлаштириш таклиф этилмоқда. Янги қонун лойиҳасига кўра, агар чет эл фуқароси Россияда истиқомат қилиш учун тегишли рухсатномани олган вақтидан бошлаб бир йил давомида ўн ойдан кам муддат ишлаган бўлса, унинг яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) ёки вақтинча яшаш рухсатномаси (РВП) бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси баҳорги сессия доирасида қабул қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, Володин 2026 йилнинг январь–март ойлари давомида 8 мингдан зиёд меҳнат муҳожирининг яшаш гувоҳномалари бекор қилинганига эътибор қаратди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 90 фоизга кўпдир. Бундан ташқари, вақтинча яшаш учун берилган рухсатномалар сони 27,5 фоизга, доимий яшаш гувоҳномалари эса 27,8 фоизга камайган. Мамлакатга кириб келаётган чет эл фуқароларининг умумий сонида ҳам 15 фоизлик пасайиш кузатилган.

Володин ушбу ўзгаришларни меҳнат муҳожирига оид қонунларнинг тобора кескинлашиб бораётгани билан изоҳлади. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 25 январидан бошлаб яшаш гувоҳномаси ва вақтинча яшаш учун рухсатномаси бериш ёки уларни бекор қилиш бўйича янги асослар кучга кирган эди. Унга кўра, хусусан, сохта никоҳ ёки оталикни ноқонуний йўл билан расмийлаштириш орқали олинган ҳужжатлар ўз-ўзидан бекор қилинади. Ушбу янги қонун лойиҳаси ҳам меҳнат муҳожириларнинг мамлакатда қолиш қонунийлигини, уларнинг бандлиги ва даромадлари устидан назоратни кучайтиришга қаратилган.

2026 йилнинг апрель ойи бошидаги ҳолатга кўра, Россияда 6,1 миллион нафар чет эл фуқароси истиқомат қилмоқда. Бир йил аввал бу рақам 6,8 миллионни ташкил этар эди. 2026 йилнинг биринчи чорагида мамлакатга 2,5 миллион киши кириб келган бўлиб, бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камдир. Уларнинг тахминан 1,8 миллион нафари МДҲ давлатлари фуқароларидир. Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазири ўринбосарининг маълум қилишича, 2025 йил декабрь ойи ҳолатига кўра хорижда 798,4 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқароси истиқомат қилади. Уларнинг катта қисми, яъни 341 094 нафари айнан Россияда меҳнат қилмоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button