Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларига тақиқлаган ерларни хорижликларга улашмоқда

Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларига тақиқлаган ерларни хорижликларга улашмоқда
Қирғизистоннинг янги Ер кодексига мувофиқ, давлат томонидан фуқароларга уй-жой қуриши учун бепул ер участкаларини ажратиш ишлари тўхтатилди. Бундан буён ер олди-сотдиси фақат бозор шартлари асосида амалга оширилади. Ер майдонларини фақат 5 гектардан кам бўлмаган ҳажмда сотишга ёки ажратишга рухсат берилади.
Бу борада президент Садир Жапаровнинг халқ билан учрашув чоғида берган баёноти аҳоли орасида кучли норозиликка сабаб бўлди. Унинг сўзларига кўра, фуқароларга ер участкалари бериш ўрнига, ҳудудларда кўп қаватли уйлар қуриш таклиф этилмоқда.
Қирғизистон жамоатчилигининг ушбу мавзу юзасидан норозилигини келтириб чиқараётган яна бир жиҳат — мамлакат расмийлари ўз халқига бермаган ерларни кофирларга гектарлаб топшираётганидир. Масалан, Қирғизистон Россияга ҳарбий базалар ва чегара хизмати учун умумий ҳисобда 924 гектардан ортиқ ер ажратиб берган. Бу ерларнинг аксарияти учун ижара ҳақи тўланмайди, бунинг эвазига Россия Қирғизистонга эскирган ҳарбий ва техникавий ёрдамларни жўнатиб туради. Бундан ташқари, Қирғизистон-Россия Славян университетига янги кампус қуриш учун Байтик қишлоғидан 30 гектар ер ажратилди.
Шунингдек, «Тамчи» махсус молиявий-инвестициявий ҳудуди ташкил этилиб, хорижликларга Иссиқкўл қирғоқларидан тахминан 6 минг гектар ер майдони берилди. Улардан ҳеч қандай солиқ ҳам олинмайди. Ушбу ҳудудда судхўрликка асосланган халқаро банк, меҳмонхона мажмуалари, жумладан, казинолар қуриш режалаштирилган.
Ер кодексидаги ўзгаришлар қаторида чет эл фуқароларига Қирғизистонда кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқининг берилиши ҳам аҳолининг ғазабини келтирмоқда. Бундан буён улар турар жой, хонадон ва тижорат биноларига эгалик қилишлари мумкин. Ер участкаси давлат тасарруфида қолса-да, ундан 49 йил муддатга ижара асосида фойдаланиш имкони мавжуд. Ушбу кодекс мамлакатда Хитой фуқароларининг кўпайишига, уларнинг кўчмас мулкларни ўзларининг ёки ўзгаларнинг номидан сотиб олишига замин яратмоқда. Расмий идоралар маълумотларига кўра, 2025 йилда хорижликлар Қирғизистондан 2408 та кўчмас мулк сотиб олган. Албатта, бу воситачиларсиз расмийлаштирилган мулклар рўйхатидир. Қирғизистон фуқаролари орқали сотиб олинган мулклар сони эса бундан бир неча баробар кўп экани шубҳасиз.
Ушбу адолатсиз ёндашув сўнгги пайтларда халқ ичида норозилик тўлқинини кучайтирмоқда. Қолаверса, Давлат ипотека компанияси (ДИК) томонидан қурилаётган биноларнинг сифати ва уларнинг нархининг аҳоли ҳамёнига оғирлик қилаётгани ҳам алоҳида бир муаммо. ДИК уй-жой қурган пудратчи ширкатлардан хонадонларнинг ҳар бир квадрат метрини 650–700 доллардан сотиб олиб, 250 доллар устамаси билан халққа 950 доллардан ипотека шарти, яъни судхўрлик асосида сотмоқда. Мамлакатдаги қимматчиликни ҳисобга олсак, бу уйларни сотиб олишга фақатгина ўзига тўқ одамларнинг қурби етади холос. Бу эса оддий фуқароларни турар жой билан таъминлаш масаласини ҳал этмайди. Айни пайтда, ДИК ва хусусий ширкатлар халқ ҳисобидан «бойлик орттиришмоқда». Бу адолатсизлик ва зулм бўлишдан ташқари, динимизда ҳаром қилинган судхўрликка мажбурлаш ҳисобланади.
Бунинг акси ўлароқ, мусулмонлар бир уммат бўлиб яшаган даврларда Ислом давлатининг раҳбарлари аҳолини ер ва уй-жой билан таъминлашни ўз бурчлари деб билишган. Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида Куфа, Басра ва Фустат каби шаҳарлар барпо этилиб, оилаларга ер участкалари, уй-жой, сув ва йўл инфратузилмаси туҳфа қилинган. Турар жой каби инсоннинг шахсий мулки эса Исломда дахлсиз ҳуқуқ ҳисобланган.
Ислом тупроқлари бутун умматнинг мулки бўлиб, уни кофирларга бериш қатъиян тақиқланган. Бунга Халифа Абдулҳамид II билан яҳудийлар вакили Теодор Герцль ўртасидаги воқеа ёрқин мисолдир. Ўшанда Герцль давлатнинг қарзларини узиш эвазига Фаластиндан яҳудийлар учун ер ажратиб беришни сўраганда, бунга жавобан Халифа Абдулҳамид шундай деган эди: «Вужудимни пичоқ билан тилка-пора қилиб ташланиши мен учун Фаластиннинг бир қарич еридан воз кечишдан енгилроқдир. Чунки у менинг шахсий мулким эмас, Ислом умматининг мулкидир. Мен тирик эканман, танамизнинг парчаланишига асло рози бўлмайман… Яҳудийлар пулларини ўзларида сақлаб туришсин. Агар Халифалик давлати қулатилса, ўшанда Фаластинни ҳеч қандай пулсиз, текинга қўлга киритиши мумкин бўлади…»
Демак, инсонларни эзиб, эксплуатация қиладиган капитализм шароитида нафақат уй-жой, балки бошқа ҳаётий масалалар ҳам чигал ва оғирлигича қолаверади. Зеро, бизни бошқариб турган демократик тузумнинг ҳақиқий башараси мана шудир. Муаммо фақатгина раҳбарларни алмаштириш билан ҳал бўлиб қолмайди. Чунки ҳокимият тепасига келган ҳар бир киши мамлакатни фақатгина моддий манфаат ва фойда асосида бошқаради. Шу боис, шахсларни эмас, балки тузумни тубдан ўзгартириб, казино, судхўрлик, коррупция ва зулмни бутунлай тугатадиган, Аллоҳ Таоло инсоният учун инъом этган ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) кўрсатиб берган низом билан ҳаёт кечирсаккина, икки дунё саодатига эришамиз.
Акилбек Аскаров




