Сеул саммити ким учун муҳим?

Сеул саммити ким учун муҳим?
2026 йил 16 сентябр куни Жанубий Корея пойтахти Сеулда «Марказий Осиё – Корея Республикаси» форматидаги саммит бўлиб ўтди. Корея президенти Ли Чжэ Мён раислигида ўтган саммитга Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари иштирок этди. Сеул декларациясининг қабул қилиниши ушбу саммитнинг асосий натижаси бўлди.
Декларацияга кўра, томонлар ҳамкорликни тизимли тусга келтиришга ва «Марказий Осиё – Корея» форматидаги саммитларни ҳар икки йилда бир марта барқарор асосда ўтказиб боришга келишиб олдилар. Иқтисодий ҳамкорлик масалалари иштирокчиларнинг диққат марказида турди. Стратегик етказиб бериш занжирларини диверсификация қилиш, ўта муҳим минералларга барқарор эришишни таъминлаш, яшил энергетика, рақамли технологиялар, сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳалар, шунингдек, транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш шулар жумласидан. Саммит Жанубий Кореянинг Евроосиядаги мавқеини мустаҳкамлашга, минтақага технологик муқобил ва узоқ муддатли инвестицияларни таклиф қилишига йўл очади.
Изоҳ:
Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги бундай иқтисодий таъсирини кенгайтириши фақат унинг шахсий тижорий манфаатларигагина чекланган эмас. Бунинг ортида АҚШнинг минтақадаги Хитой ва Россиянинг таъсирини камайтириш бўйича стратегик мажбуриятларини ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, бу Вашингтоннинг глобал технологик етакчилиги учун зарур бўлган ноёб минералларга эришишни таъминлаш мақсадини ҳам кўзда тутади. Сеулнинг Марказий Осиёга юз буриши АҚШнинг ноёб минералларни назорат қилиш ва Пекин ҳамда Москванинг технологик устунлигини чеклаш борасидаги глобал стратегиясига тўла мос келади. Вашингтон ишончли иттифоқчиларнинг (масалан, Жанубий Корея ва Япония каби) Евроосиянинг бой ресурсли ҳудудларида ўрнашиб олишидан, у ердаги Ғарбнинг геосиёсий рақибларини четлаштирган ҳолда очиқ-ойдин қоидалар, стандартлар ва технологик хабларни шакллантиришидан манфаатдор. АҚШ учун бу юқори технологиялар соҳасида иқтисодиётнинг омон қолиш масаласи ҳисобланади. Сеул яримўтказгичлар, электроника, автомобилсозлик ва аккумулятор сектори учун хомашёнинг узлуксиз етказиб берилишига қарамдир. Марказий Осиёнинг ресурс базасини Кореянинг қайта ишлаш технологиялари билан бирлаштириш Сеулга Хитойдан келувчи монополистик таъминотлардан қарамликни камайтиришга ва глобал етказиб бериш занжирларини диверсификация қилишга шароит яратади.
«Марказий Осиё — Корея» форматидаги ўзаро ҳамкорлик Сеулни хомашё хавфсизлиги ва товарларини сотиш бозорлари билан таъминлаб, АҚШ ва унинг сиёсатига кўпроқ фойда келтиради. Минтақа мамлакатларига эса фақат муқобил инвестициялар ва технологияларни ваъда қилиши мумкин. Бироқ минтақа ичидаги иқтисодий тафовут туфайли иқтисодий дивидендлар, заводлар ва индустриал лойиҳалар Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонга кўпроқ тегишли бўлади. Қирғизистон каби кичик давлатлар учун кўп томонлама саммитлар дипломатик мувозанатни сақлаш воситаларини беради. Бироқ бунда объектив тарзда сиёсий жиҳатдан иккинчи ролда қолиб, чекланган грантлар ва рақамлаштириш лойиҳалари билангина чекланиб қолиш хавфи мавжуд.
Абду Шукур




