Макка иттифоқининг асл мақсади

Макка иттифоқининг асл мақсади
Покистон Эронни Ямандаги ҳусийларга («Ансоруллоҳ»га) таъсир ўтказиб, Саудия Арабистонига қарши кучайиб бораётган ҳужумларни тўхтатишга чақирди. Шунингдек, у мазкур зарбалар кенг кўламли минтақавий инқирозга айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар тарқатди.
Покистон мудофаа вазири Хаважа Осиф Саудия Арабистонига қарши ҳар қандай тажовуз Макка мудофаа иттифоқини (Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасидаги уч томонлама иттифоқни) ишга тушишига сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.
«Биз мазкур пакт талаблари билан боғланганмиз ва агар иттифоқчиларга қарши тажовуз қилинса, биз ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизни бажарамиз. Бу борада ҳеч қандай икки хил тушунча бўлмаслиги керак», – деди Хаважа Осиф «Geo TV» телеканалига берган интервьюсида.
Саудия Арабистони ва Туркия билан мудофаа шартномасини тузган Покистон эҳтимолий ҳарбий аралашув фақат Саудия Арабистони ҳудудини ҳимоя қилиш билангина чекланишини, Яман ҳудудида тўғридан-тўғри ҳарбий операциялар олиб борилмаслигини маълум қилди.
Изоҳ:
Покистон мудофаа вазири «Макка иттифоқи»нинг туб мақсадини очиқламоқда, аниқроқ айтганда, бу иттифоқ Эронни босим остида сақлаш қуроли эканини фош этмоқда. Шундан келиб чиқиб, у минтақани навбатдаги ички урушга тортишга уриниш “сигнал”ини бермоқда. Шубҳасиз, бу ҳолат минтақани янада парчалашга интилаётган ҳамда Эронга қарши урушда ғалаба қозона олмай чорасиз қолган АҚШнинг манфаатларига хизмат қилади.
Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: Ғазода яҳудийларнинг бомбалари остида 70 мингдан ортиқ мусулмонлар қирғин қилинганда, Ироқ ва Афғонистонга салбчи Ғарб бостириб кирганда, Сурияда Башар Асад мусулмонлар устига бомба ёғдириб, кимёвий қурол қўллаганда, Кашмирдаги мусулмонлар ҳинд режимининг зулми остида қон йиғлаётганда нега буларга қарши иттифоқлар тузилмади? Бу ҳокимлар фақат АҚШнинг манфаатлари талаб қилгандагина иттифоқ тузадими? Қачон Исломий ўлкалар ҳақиқий душманга қарши бирлашади?




