Россия минтақадаги ҳарбий рақобатдан хавотирда

Россия минтақадаги ҳарбий рақобатдан хавотирда
«КХШТ – ШХТ хавфсизлик макони» деб номланган сессияда Россия Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Алексей Шевцов Марказий Осиё давлатлари Ғарбнинг ҳарбий инфратузилмасини минтақада жойлаштириш билан боғлиқ хавф-хатарларни яхши англашини, шу боис улар Ғарб кучларининг ушбу минтақада мавжуд бўлишидан манфаатдор эмаслигини билдирди (КирТАГ).
Изоҳ:
Бу баёнот дастлаб Ғарбнинг манфаатини эмас, аксинча, минтақа хавфсизлигига нисбатан рус томонининг манфаатларини акс эттиради.
Москва яна Марказий Осиё давлатлари номидан минтақадаги эҳтимолий хатарлар ҳақида гапирмоқда. Ҳолбуки, бу мамлакатларнинг ҳар бирининг ўз ҳукумати, ташқи ишлар вазирлиги ва миллий хавфсизликка қандай муаммолар таҳдид солишига нисбатан ўз қарашлари бор. Қолаверса, Россиянинг ўзи Марказий Осиёда кўп йиллардан буён ҳарбий иштирокини сақлаб келмоқда ва минтақага ўзининг стратегик манфаатларининг муҳим майдони сифатида қарайди.
Бу эса Кремль учун ғоят ўзига мувофиқ иккиюзламачилик позициясини юзага келтиради. Аниқроқ айтганда, Россиянинг ҳарбий иштироки барқарорлик ва ҳимоя рамзи сифатида кўрсатилса, бошқа ташқи ўйинчиларнинг минтақадаги иштироки олдиндан хавф-хатар манбаи сифатида эълон қилинмоқда. Бошқача айтганда, Марказий Осиё давлатлари қабул қилган қарорлар Россия томонидан Москванинг позицияси нақадар тўғрилигини тасдиқловчи ҳодиса сифатида талқин қилинмоқда.
Бироқ Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли урушидан сўнг бу важ бутунлай ишончини йўқотди. Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари учун хавфсизлик масаласи фақатгина ташқи сиёсат сабабли хавфнинг келиб чиқиши мумкинлиги билангина чекланиб қолмайди. Бир куни хавф айнан Россиянинг ўзидан келиб қолиши ҳам мумкин. Мана шу энг долзарб масалалардан биридир.
Украина Кремлнинг сиёсий ваъдаларига ишониб бўлмаслигини кўрсата олди. Марказий Осиёнинг бошқа куч марказлари билан бўлган муносабатларининг мустаҳкамланиши Москва учун бир томонлама, яъни фақат унинг ўз хавфсизлиги ва рус таъсири доираси нуқтаи назаридангина баҳоланади. Марказий Осиё давлатлари эса Ғарб ҳарбий инфратузилмасининг «хавфлилигини тушунади» деган важ асосий саволга жавоб бўлмайди. Бошқача айтганда: ким ва нима учун Россиянинг ҳарбий иштирокини минтақа учун хавфсиз деб ҳисоблаши керак?
Қолаверса, айнан ўша Россия ўзининг хавф-хатарлар борасидаги қарашларини Марказий Осиё давлатлари томонидан жиддий қабул қилинишини талаб қилиб келади ҳамда Марказий Осиё учун нима хавф сифатида қабул қилиниши кераклигини белгилашга уринади. Демак, бу шунчаки хавфсизлик ҳақидаги гап эмас. Балки бу мустамлакачилик ҳукмронлиги ва минтақа учун ўйин қоидаларини белгилаш ҳуқуқи масаласидир.
Москва албатта Марказий Осиёнинг русларга хос хавфсизлик тушунчаси устун бўлган макон бўлиб қолишидан манфаатдор. Бироқ ким билан ҳамкорлик қилиш кераклиги, қандай хавф-хатарларни ҳисобга олиш шартлиги ҳамда ўзлари учун қандай хавфсизлик механизмларини яратиш кераклиги каби масалаларда мустақил қарор қабул қилиш айнан минтақадаги давлатлар суверенитетининг асоси ҳисобланади.
Агар Россия чиндан ҳам ўзини хавфсизлик кафили сифатида мустаҳкамламоқчи бўлса, унда у аввало бошқа тарафнинг таҳдидлари ҳақидаги баёнотлари билан эмас, балки ўз сиёсатининг ишончлилиги билан шуғулланиши керак. Зеро, Украина урушидан кейин минтақадаги мамлакатлар учун «бизни кимдан ҳимоя қилиш зарур?» деган савол бутунлай бошқача янрай бошлади. Энг асосийси: «Ҳимоя қиламиз деб ваъда берганларнинг ўзидан Марказий Осиё давлатларини ким ҳимоя қила олади?»
Агар Марказий Осиё давлатлари босқинчилар томонидан содир этилаётган бўлиниш ва парчаланишларга алданмасдан, бирдам минтақа бўлиб, ягона мафкуравий ва сиёсий бирлашув зарурлигини англаб етса, у ҳар қандай кучдан ўзини ўзи ҳимоя қила олади. Демак, бу қадам орқали Марказий Осиё ўзини ҳимоя қилиб, эркин ривожланиши учун ҳам йўл очиши мумкин. Айнан шу йўл орқали Россия ва Ғарб бизни қўрқитаётган «хавфли кучлар» биз билан бир эътиқодда экани аён бўлар эди. Шундагина биз Ислом мафкураси асосида ажралмас қардошлик тушунчалари билан боғланган минтақага айлана оламиз.
Абду Шукур




