Терроризмга қарши кураш – бюджетни тўлдириш усулидир

Терроризмга қарши кураш – бюджетни тўлдириш усулидир
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси Адилбек Касималиев Жиноий фаолиятни молиялаштиришга ва жиноий йўл билан олинган даромадларни қонунийлаштиришга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиянинг 18 йиғилишида иштирок этди. Йиғилишда Қирғизистоннинг Евроосиё гуруҳи (ЕАГ) ўзаро баҳолашнинг учинчи раундига тайёрлиги ва ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Бироқ кун тартибида эълон қилинган масалага назар ташласак, бу муҳокама қилинган натижаларга мутлақо мос келмаслиги аён бўлади. Берилган ҳисобот матнидан «ёлғон-туҳмат сиёсати» сезилиб турибди. Аниқроқ айтганда, унда тушунчаларни ўзгартириш, мақсадларни бузиб кўрсатиш ва асоссиз айбловларга тўла ҳаракатлар борлиги маълум бўлди. Тадбирнинг расмий сабаби ва кун тартиби сифатида (пулни оқлаш/оффшорга чиқариш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш каби) миллий хавфсизлик масаласи кўтарилганига қарамай, кўрсатилган натижалар фақат фискал кўрсаткичлар ва иқтисодий ўсиш ҳақидаги сўзлар билан чекланди.
Мақсадларнинг фарқини қуйидаги жиҳатларда яққол кўриш мумкин. Терроризмни молиялаштириш ва жиноий йўл билан олинган даромадларни қонунийлаштиришга қарши кураш — бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш доирасига кирадиган ўзига хос муҳим вазифа ҳисобланади. У оғир жиноятларни фош этиш, миллий хавфсизликни таъминлаш ҳамда экстремизмни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш каналларини тўсиб қўйишга қаратилади. Бироқ амалда иқтисодий сиёсат доирасига кирувчи яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, солиқ ва божхона бошқарувини рақамлаштириш натижалари тақдим этилди. Эслатиб ўтамиз, иқтисодий сиёсатнинг асосий мақсади — бюджет даромадларини кўпайтиришдир.
Шунингдек, кун тартибида кўрсатилган натижаларда антитеррор ва жиноятчиликка қарши кураш доирасидаги «ютуқлар»нинг сифатига тўғри келмайдиган муҳокамалар кузатилди. Унда қуйидаги макроиқтисодий кўрсаткичлар келтирилган: ЯИМ 2 триллион сомгача ўсди, солиқ тушумлари 106 миллиард сомдан 308 миллиард сомгача, божхона тўловлари эса 47 миллиард сомдан 157 миллиард сомгача ортди.
Амалда эса терроризмни молиялаштириш билан бевосита боғлиқлиги аниқланган жиноятлар ёки террорчилик активларини тўсиб қўйиш ёхуд хавфсизлик соҳасида амалга оширилган ишларнинг аниқ натижалари ҳақида ҳисоботда мутлақо ҳеч қандай маълумот йўқ.
Натижада биз тушунчаларнинг қўпол равишда бузиб кўрсатилишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Солиқ ва божхона органларининг бизнесни яширин иқтисодиётдан чиқариш ҳамда давлат даромадларини кўпайтириш борасидаги ютуқлари жиноий йўл билан олинган даромадларни қонунийлаштиришга қарши кураш соҳасидаги муваффақиятлар сифатида тақдим этилмоқда. Иқтисодиётни «яширин иқтисодиётдан чиқариш» ёқимли қўшимча натижа бўлиб кўриниши мумкин. Аммо бунинг ўзигина кўрсатилган муаммолар ҳақиқатда мавжудлигига далил бўлолмайди. Қолаверса, бу профилли муассасаларнинг терроризмни молиялаштириш каналларини тўсиш бўйича ишларининг самарадорлигини акс эттирувчи кўрсаткич эмас.
Бундай риторика орқали халқаро хавфсизлик соҳасидаги натижа ҳукуматнинг иқтисодий ютуқлари натижаси билан алмаштирилмоқда. Бу эса терроризмни молиялаштириш муаммоси амалда йўқлигини исботлайди. Кўтарилаётган бу масала ўз мустамлакаларида Исломга қарши сиёсат юритаётган босқинчиларга ҳисобот топширишда ҳаддан ташқари бўрттириб кўрсатиш учунгина хизмат қилади. Бу босқинчилар мавжуд бўлмаган хавф-хатарларни гўёки ҳақиқатдек кўрсатишга тинимсиз ҳаракат қилади. Исломий ўлкаларнинг раҳбарлари эса бу хавф-хатарлардан иқтисодий тешикларни ямаш, бюджетни тўлдириш ҳамда капитализмга асосланган иқтисодий сиёсатнинг камчиликларини яшириш учун фойдаланиб келмоқда.
Абду Шукур




