Янгиликлар

Уч нафар мусулмон ўз жонлари эвазига 140 нафар боланинг ҳаётини сақлаб қолди

Уч нафар мусулмон ўз жонлари эвазига 140 нафар боланинг ҳаётини сақлаб қолди

2026 йилнинг 18 май кунида икки неонацист — 17 ёшли Кейн Ли Кларк ва 18 ёшли Калеб Лиам Васкес Сан-Диегодаги энг йирик масжидлардан бирига қуролли ҳужум уюштирди.

Хабарларга кўра, асли америкалик бўлган бу икки террорчи ўзларини оқ танлилар устунлиги ғоясининг тарафдорлари деб ҳисоблашган. Улар Янги Зеландиядаги масжидларда қонли теракт содир этган қотилнинг шарафига ўзларини «Таррантнинг ўғиллари» деб аташган. Ҳужумдан олдин ирқий урушга чорловчи манифест эълон қилган бу кимсалар, масжидга неонацистлик рамзлари туширилган ҳарбий либосда (камуфляжда) келишган.

Уларнинг асосий нишони масжид қошидаги Ислом мактабида таҳсил олаётган ўқувчи болалар эди. Бироқ хавфсизлик хизмати ходими Амин Абдулла ҳамда масжид ходимлари Надер Авад ва Мансур Казиха мудҳиш ҳужумга тўсқинлик қилиб, неонацистларни тўхтатиб қолишга муваффақ бўлишди. Қаҳрамонлар террорчиларни автотураргоҳнинг ўзида тўхтатиб, улар билан курашаётган бир пайтда, ичкаридагилар барча кириш эшикларини қулфлашга улгуришди.

Бу фидоийлик натижасида у ерда Қуръон ва араб тилини ўрганаётган 140 нафар боланинг ҳаёти сақлаб қолинди. Аммо мадрасани жонлари билан ҳимоя қилган уч нафар жасур ходим олган жароҳатлари туфайли шаҳид бўлди.

Ҳужум қилган неонацистлар эса полиция томонидан қуршовга олингач, ўз жонига қасд қилишди. Айни пайтда ФБР диний ва ирқий нафрат негизида содир этилган террорчилик ҳаракати сифатида ушбу ҳодиса устидан расман тергов ишларини олиб бормоқда.

Фожиадан кейин дастлабки икки сутка ичида бутун дунёдаги қалби пок инсонлар, ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллион доллардан зиёд маблағ йиғишди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button