Шотландияда мусулмонларга қуролли ҳужум уюштирилди

Шотландияда мусулмонларга қуролли ҳужум уюштирилди
2026 йилнинг 19 июнь оқшомида Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида мудҳиш воқеа содир бўлди. Болта ва пичоқ билан қуролланган 36 ёшли фуқаро шаҳар ғарбидаги «Брумхаус» масжиди яқинида мусулмонларга таҳдид солиб, бир қатор ваҳшиёна ҳужумларни амалга оширди. Мусулмонларга қарши ҳужумларини шаҳарнинг бошқа мавзеларида ҳам давом эттирган ушбу жиноятчи тез фурсатда қўлга олингани айтилмоқда.
Британия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ўша куни кечқурун Шотландия полициясига шаҳарнинг турли нуқталаридан таҳдидлар, жисмоний ҳужумлар, талончилик ва вандализм (мулкка зарар етказиш) фактлари бўйича кўплаб хабарлар келиб тушган.
Илк мудҳиш хабар маҳаллий вақт билан соат 20:50 атрофида «Сайтхилл» маҳалласидан келиб тушган бўлиб, у ерда икки киши оғир жароҳат олгани аниқланган.
Шаҳарнинг ғарбий қисмидаги «Брумхаус» масжиди яқинида бошланган бу зўравонлик оқибатида жабрланган икки фуқаро зудлик билан Эдинбург Қироллик шифохонасига етказилган. Бундан ташқари, «Телфорд-роуд» ва «Лит-Уолк» мавзеларида яна уч киши жароҳатланган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирларда белигача яланғоч бўлган эркак қўлида ўткир тиғли қурол билан шаҳарнинг турли жойларида мулкларни вайрон қилаётганини кўриш мумкин. Шунингдек, у ёнилғи қуйиш шохобчасидаги таксиларнинг ойналарини синдиргани ва «Лит-Уолк» ҳудудидаги пиццерия эшигига қутуриб зарбалар бергани ҳам тасвирга тушиб қолган.
Шотландия масжидлари уюшмасининг баёнотига кўра, тан жароҳати олган икки нафар мусулмон маҳаллий масжидда ибодатини адо этиб чиқаётган вақтда ҳужумга учраган. Уюшма мазкур фожиани бутун Шотландия бўйлаб мусулмонларга, масжидлар ва исломий муассасаларга қарши қаратилган нафрат ҳамда зўравонликнинг «хавотирли ва мудҳиш занжирининг навбатдаги ҳалқаси» дея баҳолади.




