Хабар ва изоҳ

Қирғизистонда қиз болага ҳужум қилган Хитой фуқароси қўлга олинди

Қирғизистонда қиз болага ҳужум қилган Хитой фуқароси қўлга олинди

1980 йилда туғилган Хитой фуқароси Бишкек шаҳрида 1998 йилда туғилган қизга ҳужум қилиб, калтаклаганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақида Иссиқкўл вилояти Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Иссиқкўлдаги «Асман шаҳри» қурилиш объектида таржимон бўлиб ишлайдиган жабрланувчи қиз милицияга мурожаат қилиб, Хитой фуқароси уни аёвсиз калтаклагани ва юзига тупурганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, аввалига Хитой фуқароси у қиз билан яқинлашишга ва тил топишишга мунтазам ҳаракат қилиб, муносабат ўрнатишни таклиф қилиб юрган. Бироқ қиз унинг барча таклифларини рад этгач, у ҳақорат қилиш, босим ўтказиш ва қўпол муносабатда бўлишни бошланган. Ҳатто 15 июнь куни Хитой фуқароси қизнинг юзига тупуриб, уни қаттиқ калтаклаган. Калтак зарбидан ерга йиқилган қизни аёвсиз тепкилаган.

Изоҳ:

Бу ошкор бўлган ягона ҳолат холос. Ватандошларимиз, айниқса қизларимиз хитойликлардан яна қандай ҳақорату камситишларни ва аёвсиз калтакларни бошидан ўтказаётгани номаълум. Кўп ҳолларда бундай воқеалар ёпди-ёпди қилиниб, жамоатчиликка ошкор этилмай қолаверади. Чунки Хитой учун ҳам, унинг кредитларига ботиб қолган ҳукумат учун ҳам бу каби ҳодисаларнинг ҳалқ орасида катта акс-садо (резонанс) келтириб чиқариши манфаатли эмас. Зеро, улар учун инсон дахлсизлиги эмас, балки ўзларининг иқтисодий манфаатлари муҳимдир.

Афсуски, Қирғизистонда Хитойнинг иқтисодий таъсири ортиб бормоқда ва бунинг ортидан хитойликларнинг юртимизга оқиб келиши ҳам тобора кучайиб бормоқда. Натижада улар қизларимизни пуллари билан алдаб, алдай олмаса қўрқитиб, босим ўтказиб, уларнинг номусига тажовуз қилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Ҳукумат эса ўз келажагини Хитой билан боғлаб олди. Эртага ҳукумат чиқиб, «хитойликлар бизнинг биродарларимиз» деб даъво қилса ҳам ҳайрон бўлмайдиган даражага тушиб боряпмиз. Шу боис, опа-сингилларимизни таржимонлик ва шу каби хитойликлар билан яқин алоқада ишлашни талаб қиладиган бошқа ишлардан узоқ тутишимиз зарур.

Бу воқеа Исломдаги маҳрам-номаҳрам масаласи қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Исломнинг ижтимоий ҳаётга оид ҳукмлари аёл номусини ҳимоя қилишнинг кафолати ҳисобланади. Бугунги кунда биз бу ҳукмларга қанчалик муҳтож эканимиз яна бир карра ўз исботини топмоқда.

Аёл зотига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Чунки аёл — жамиятнинг устуни, келажак авлоднинг сарчашмасидир. Шу боис, унинг номусини ҳимоя қилиш энг бирламчи бурчларимиздан бири бўлмоғи даркор.

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button