Қозоғистон: Муфтиятнинг фаоллашуви диний муҳитда рақобат юксалаётганидан далолатдир

Қозоғистон: Муфтиятнинг фаоллашуви диний муҳитда рақобат юксалаётганидан далолатдир
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси сўнгги ойларда мамлакатнинг нафақат диний масалаларида, балки жамият ҳаётида ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлашга фаол интилмоқда. Ушбу ташкилот мусулмон аҳоли билан ишловчи асосий институтлардан бири сифатида ўз мавқейини кучайтирган ҳолда, жамият, таълим ва маърифий лойиҳаларда фаолият кўламини кенгайтирмоқда.
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг сўнгги ташаббуслари қаторига – Қурбон ҳайти муносабати билан ўн минглаб оилаларга қурбонлик гўштлари тарқатилган кенг қамровли хайрия тадбирларини ўтказиш, ёшлар учун ёзги диний курсларни ташкил этиш, шунингдек, фатволар, тақвимлар ва тушунтириш материалларини нашр этиш орқали расмий диний кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этиш ҳаракатлари киради. Шу билан бирга, муфтият жамият учун хавф туғдиришини тинмай таъкидлаб келаётган радикаллашувнинг олдини олиш борасидаги ўз фаолиятини ҳам кучайтирмоқда. Унинг вакиллари эса жамиятдаги баҳс-мунозараларда ва кампанияларда мунтазам қатнашиб келмоқда.
Изоҳ:
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси фаоллигининг ортиши мазкур ташкилотнинг тўсатдан пайдо бўлган ўзининг «уйғониши»га асосланган ташаббуси билан боғлиқ эмаслиги кундай равшан. Бу жараён нафақат Қозоғистонда, балки бутун Марказий Осиёда турли диний ва жамоавий ташаббуслар ўртасидаги рақобат кучайиб бораётган бир шароитда юз бермоқда. Бундай вазиятда ҳукумат мусулмонлар муҳитидаги жараёнларни ўз назоратида сақлаб қолишга интилиб, диндорлар билан ишлашда илгаридан шаклланган ва синовдан ўтган ишончли воситасига — расмий муфтиятга суянмоқда.
Айни пайтда, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг фаолиятини кенгайтириш зарурати шундан далолат берадики, мамлакатдаги секуляр ҳукуматнинг институтлари жамиятдаги ўзгаришлар билан ҳисоблашишга мажбур бўлмоқда. Аниқроғи, халқнинг кундалик ҳаётда Исломга асосланган ечимларга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини ва умуман олганда, исломий қадриятларга нисбатан жамият эҳтиёжини инобатга олишга тўғри келмоқда. Натижада муфтият фақатгина мусулмонларнинг руҳий эҳтиёжларини қондирувчи диний идора сифатида чекланиб қолмай, балки етакчилик учун курашаётган институт сифатида ҳам бўй кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Бу билан муфтият уммат ичидаги жамият ҳаётига таъсир ўтказишни ва Ислом қадриятлари устидан назоратни ўз қўлида ушлаб туришни кўзламоқда.
Ҳужжат Жамиа




