Иймоннинг уч сифати

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳадиси Шариф билан
Иймоннинг уч сифати
Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
ثَلَاثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ وَجَدَ حَلَاوَةَ الْإِيمَانِ: أَنْ يَكُونَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِمَّا سِوَاهُمَا، وَأَنْ يُحِبَّ الْمَرْءَ لَا يُحِبُّهُ إِلَّا لِلَّهِ، وَأَنْ يَكْرَهَ أَنْ يَعُودَ فِي الْكُفْرِ كَمَا يَكْرَهُ أَنْ يُقْذَفَ فِي النَّارِ
Муҳаммад ибн ал-Мусанна Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтади: Пайғамбар ﷺ шундай дедилар:
«Кимда уч ҳислат бўлса, у иймон ҳаловатини тотади: Аллоҳ ва Унинг Расули унга бошқа барча нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлиши; бирор кишини фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши ва куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши». (Саҳиҳи Муслим)
Азиз биродарлар! энг гўзал сўз –Аллоҳ Таолонинг сўзидир, энг тўғри йўл эса – Унинг Пайғамбари Муҳаммад ﷺнинг йўлидир…
Бу ҳадиси шарифда инсонлардаги иймоннинг айрим кўринишлари ҳамда иймоннинг хулқ-атвор ва амаллар орқали қандай намоён бўлиши ҳақида сўз юритилиб, учта муҳим жиҳатни баён қилинмоқда:
Биринчидан: Инсон ўзининг бошқаларга қанчалик яқин ёки узоқлигидан қатъи назар, Аллоҳ ва Унинг Расулини барча нарсадан кўпроқ севиши лозим. Бу ерда севги фақатгина қалб ҳиссиётларини ифодалаш билан чекланмайди. Аксинча, севимли Зотнинг розилигига интилиш, Унга яқинлашиш ва Унинг ғазабидан сақланишга ҳаракат қилишни англатади. Бу даражага ҳеч қандай шубҳа, гумон, умидсизлик ёки ранжиш аралашмаган чинакам севги орқалигина эришилади. Севимли Зотнинг севганини севиб, Унинг ёмон кўрганини ёмон кўриш керак бўлади. Аллоҳ Таоло бизга нимани севиши ва нимани ёмон кўришини очиқ-ойдин баён қилиб қўйган, шу боис биздан фақат Аллоҳ Таолонинг буйруқларини мукаммал равишда бажариш талаб этилади. Шунингдек, севимли Пайғамбаримиз ﷺнинг изидан бориш ва Аллоҳ Таолога яқинлашиш учун у зотга эргашишимиз лозим.
Иккинчидан: Бир мусулмоннинг бошқа мусулмонларга бўлган муҳаббати Ислом негизларига асосланиши керак. Шу сабабли у ўз мусулмон биродарини унинг эътиқоди ва Аллоҳга бўлган итоати учун севмоғи лозим. У ухровий қадрдонига фақат яхшилик ҳамда манфаат бўлишини истайди, шунингдек, унинг Аллоҳ азобидан қутулишини хоҳлайди. Ўзининг севимли дўстини дўзахдан сақлаб қолишга ва уни Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ҳар қандай нарсадан йироқ тутишга ҳаракат қилади. Аллоҳ Таолонинг буйруқларини бажаришда унга маслаҳат бериб, тўғри йўлни кўрсатади ва доимо уни яхшиликка ундайди.
Учинчидан: Аллоҳ Таоло уни ҳидоятга бошлаганидан сўнг турли фитналарга алданмасдан, чинакам мусулмон сифатида яшаш ҳамда Роббисига мусулмон ҳолида йўлиқиш учун ўз динини маҳкам ушлашга ва уни асраб-авайлашга хизмат қиладиган барча эзгу амалларга интилади.
Биз Аллоҳ Таолодан қалбларимизда Ўзига ва Расулига бўлган севгимизни янада зиёда қилишини, мусулмон биродаримиз билан бўлган муносабатларимизни Унинг Улуғворлиги асосида мустаҳкамлашини сўраймиз. Шунингдек, бизни охиратда ҳалокатдан қутқарадиган, бандаларига манфаат келтирадиган ва бу дунёда душманлардан ҳимоя қиладиган тўғри йўлда юрган ҳолимизда Ўзига рўбарў қилишини тилаймиз… Омин.
Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
Ҳижрий 1448 йил, 4-робиус соний.
Милодий 2026 йил, 16-сентябрь.




