Мақолалар

Президентнинг масжид очиши ва қўш стандартлилик сиёсати

Президентнинг масжид очиши ва қўш стандартлилик сиёсати

Талас шаҳридаги Марказий масжиднинг очилиш маросими диндор мусулмонлар ва шаҳар аҳли учун чинакам қувончли воқеа бўлди. Айниқса, намоз ўқиш учун жойлар етишмаётган бир пайтда, бу кун интиқлик билан кутилган муҳим кун бўлди. Бироқ масжиднинг очилиш маросимига Президентнинг шахсан ўзи иштирок этгани кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда.

Президент Садир Жапаров 4 500 кишига мўлжалланган тўрт қаватли масжиднинг очилишига шахсан ўзи ташриф буюриб, бинони кўздан кечирди ва намоз, тиловат, ҳамда дуолар билан якунланган тантанали маросимда иштирок этди. Шундан келиб чиқиб, ҳақли равишда савол туғилади: «Маъмурий мақом жиҳатидан Талас шаҳридаги бундай муассасанинг очилишида шаҳар ҳокими ёки президентнинг вилоятдаги ваколатли вакили ёхуд тегишли диний ташкилот раҳбари иштирок этса, шунинг ўзи етарли бўлмасмиди? Давлат раҳбарининг шахсан қатнашишига чиндан ҳам зарурат бормиди?»

Мамлакат раҳбарининг эътиборини ва бевосита аралашувини талаб қиладиган давлат миқёсидаги муҳим масалалар талайгина. Шу сабабли унинг бундай тадбирга шахсан ўзи қатнашиши объектив зарурат эмас, балки атайлаб қилинган сиёсий қадам сифатида қабул қилинмоқда. Президентнинг мазкур тадбирга нисбатан кўрсатган бундай ўзига хос муносабати сўнгги йилларда ҳокимият юритаётган диний сиёсат фонида жиддий қизиқиш уйғотмоқда.

2025 йилнинг январь ойида Садир Жапаров «Эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги қонунни имзолаган эди. Унга кўра, давлат диний соҳа устидан назоратни кескин кучайтирди, айни пайтда дунёвийлик (секуляризм) сиёсатини ҳам кескинлаштириб, дин билан сиёсат ўртасига қатъий чегара қўйди. Ушбу талабга мувофиқ, ҳозирда диний ташкилотларнинг сиёсий фаолият билан шуғулланиши тақиқланади ҳамда диний омилларга таяниб сиёсий бирлашмалар тузишга йўл қўйилмайди. Диний арбоблар ўз диний фаолиятини тўхтатганидан кейин ҳам, уларга сайловларда қатнашиши учун беш йиллик чеклов жорий этилган. Ибодат қилиш жойларида сиёсий тадбирлар ўтказиш ва сайловолди ташвиқотларини олиб бориш қатьиян ман этилган. Шунингдек, сиёсий ва сайловолди тадбирларида диний мавзулардан фойдаланишга ҳам қатор чекловлар қўйилган. Бошқача айтганда, давлат жамиятга: «Дин сиёсий қуролга айланмаслиги керак», деган тамойилни мажбуран сингдирмоқда. Бироқ нима учун бу тамойилларга амал қилиш диний ташкилотлар ва уламолардан қаттиққўллик билан талаб қилинади-ю, Президентга келганда осонгтна кўз юмиб қўйилади?

Диний арбобнинг сиёсатга аралашишига йўл қўйилмайди. Дин асосида сиёсий лойиҳалар тузиш тақиқланади. Масжидда сиёсий тарғибот юритиб бўлмайди. Диний мавзудан сиёсий қурол сифатида фойдаланишга ҳам чеклов қўйилган. Аммо Президент масжид очилишига келиб, диний тантананинг қоқ марказида туриб, ибодат ва дуо билан якунланган маросимда жамоатчилик олдида бемалол қатнаша олади. Устига-устак, бу сафар Президентнинг матбуот хизмати томонидан расмий тарзда ёритилиб, мамлакатнинг кундалик ахборот кун тартибининг асосий қисмига айлантирилади. У ҳолда ҳукумат белгилаган чегара қаерда қолди?

Агар Садир Жапаров у ерга оддий бир мусулмон сифатида келганида эди, ҳеч қандай савол туғилмасди. Инсоннинг эътиқоди — хоҳ у оддий фуқаро бўлсин, хоҳ президент бўлсин — унинг шахсий ишидир. Бироқ у ерга президент сифатида, расмий тадбир доирасида ва матбуот хизматининг расмий ёритуви остида бордими, демак, бу оддий мусулмон Жапаровнинг шахсий ибодати бўлмай қолади. Балки бу давлат раҳбарининг ижтимоий-сиёсий фаолиятининг бир қисми ҳисобланади. Сиёсатчининг жамоатчилик фаолияти хоҳласа-хоҳламаса, муқаррар равишда сиёсий маънога ва маълум бир сиёсий натижага эга бўлади.

Хўш, буларнинг барини ҳисобга олганда, қандай хулоса келиб чиқади? Биздан бу ерда ҳеч қандай сиёсий мақсад йўқлигига ишонишимизни кутишаяптими?

Натижа шуки, ҳукумат дунёвий давлат тамойилидан узоқлашиб, динни сиёсатдан ажратиш талабини фақат ўзига қулай ва манфаатли пайтлардагина қўллайдиган бир режим қарор топмоқда. Бошқача айтганда, диний рамзлар ҳукуматга сиёсий жиҳатдан фойдали бўлгандагина, улардан ижтимоий-сиёсий майдонда фойдаланишга йўл очилади.

Айнан шу ерда масала эътиқодда эмас, балки иккиюзламачиликда экани фош бўлмоқда. Аниқроғи, бу албатта президентнинг шахс сифатида иккиюзламачи эканини билдирмайди. Чунки биз унинг қалбида нима бор-у нима йўқлигини била олмаймиз, буни муҳокама қилиш ҳам бизнинг вазифамиз эмас. Гап сиёсий тизимнинг ўзи устида бормоқда. Зеро, жамият учун қатъий қоидаларни белгилаб қўйиб, айни пайтда сиёсий манфаатлардан келиб чиқиб ўзлари тақиқлаган нарсалардан фойдаланиш имкониятини ҳокимиятга бериб қўйиш — айнан мана шу нарса қўш стандартлиликни вужудга келтирмоқда.

Бу ерда яна: «Агар давлат диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишни қатьиян тақиқлаган бўлса, унда нима учун президентнинг ўзи диний-жамоатчилик майдонида бунчалик фаол кўринишга интилмоқда?», деган ҳақли савол туғилади.  Айнан мана шу зиддиятнинг ўзи «қўш стандартлилик» деб аталади.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button