«Толибон»нинг АҚШга қўйган таклифи ва унинг ортида турган хавф-хатарлар

«Толибон»нинг АҚШга қўйган таклифи ва унинг ортида турган хавф-хатарлар
Расмий Кобул Вашингтонга Америка элчихонаси фаолиятини қайта тиклаб, дипломатик муносабатлар ўрнатишни, шунингдек, Афғонистоннинг бой табиий захираларини ўзлаштириш, йўллар ҳамда сув омборлар қуриш учун инвестиция киритишни таклиф қилди. Бир қарашда, бу ташаббус «Толибон» ташқи сиёсатида жиддий бурилиш ясалаётганини кўрсатаётгандек туюлиши мумкин. Бироқ амалда бу қадамни АҚШ билан бўлган муносабатларни ҳарбий тўқнашувлар ҳамда ўзаро талаблар доирасидан чиқариб, дипломатик ва иқтисодий ҳамкорлик йўналишига буришга уриниш сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади.
Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Американи мамлакатга қайтишга чорлар экан, айни пайтда муҳим бир шартни, бошқача айтганда, Афғонистонда АҚШнинг ҳарбий аралашувига қатъиян йўл қўйилмаслигини очиқ-ойдин илгари сурди. Вашингтоннинг аввалги позицияси билан солиштирсак, бу талабнинг нақадар муҳимлигини яққол ҳис этишимиз мумкин. АҚШ Баграм ҳарбий базасига қайтиш имкониятини очиқ муҳокама қилиб, унинг стратегик аҳамиятини, айниқса Хитойга яқин жойлашганини қайта-қайта таъкидлаб келмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, «Толибон»нинг асосий мақсади халқаро изоляциядан чиқиш, иқтисодиёт учун ўта зарур бўлган молия ҳамда технологияларни жалб қилиш, шунингдек, Афғонистон фақатгина Хитой, Россия ёки бошқа бирор шерикка қарам бўлиб қолмаслигини бошқа ташқи ўйинчиларга кўрсатиб қўйишдан иборат бўлиши мумкин. Бошқача айтганда, гап Кобулнинг кўп векторли ташқи сиёсат юритиши ва йирик давлатлар ўртасидаги рақобатдан ўзининг сиёсий имкониятларини кенгайтириш йўлида фойдаланишга уриниши ҳақида бормоқда. Бунда америкаликларга шунчаки «Афғонистонга қайтиш» таклиф қилинаётгани йўқ. Аксинча, уларга мамлакат иқтисодиётига сармоя киритиш, унинг инфратузилма лойиҳаларида қатнашиш ҳамда Кобул билан дипломатик алоқаларни ривожлантириш имконияти тақдим этилмоқда.
Бироқ айнан шу ерда асосий стратегик таҳлика туғилади. «Толибон» шуни ҳисобга олиши керакки, АҚШ ўзининг иқтисодий ва дипломатик жиҳатдан Афғонистонга қайтишини алоҳида мақсад сифатида эмас, балки минтақадаги узоқ муддатли таъсирини қайта тиклаш воситаси сифатида кўради. Агар америкаликларнинг мамлакатдаги иштироки босқичма-босқич разведка соҳасидаги ҳамкорликка, инвестициялар хавфсизлигини таъминлашга, стратегик инфратузилма объектларига эга чиқишга ва Хитойга қарши қаратилган сиёсатга боғлана бошласа, у ҳолда бугунги иқтисодий ҳамкорлик музокаралари вақт ўтиб сиёсий қарамликка олиб келиши турган гап.
Бу ерда Хитой омили ўта нозик масала ҳисобланади. Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бирига боғловчи географик макон сифатида стратегик аҳамиятга эгадир. Қолаверса, мамлакатнинг ер ости бойликлари ҳам ташқи ўйинчиларнинг қизиқишини доимо кучайтириб келмоқда. Шу сабабли Вашингтон Кобул билан ҳамкорликни фақатгина Афғонистоннинг ички тараққиёти доирасидаги масала деб эмас, балки Пекин билан кетаётган кенг кўламли геосиёсий рақобатнинг бир қисми сифатида қабул қилиши аниқ.
Агар вазият шу зайлда давом этадиган бўлса, «Толибон» олдида жиддий танлов пайдо бўлади. У ё Америка томонининг манфаатларидан Афғонистоннинг тараққиёти йўлида фойдаланиши керак бўлади ёки мамлакат секин-аста АҚШнинг Хитойни жиловлашга қаратилган стратегиясининг таянч майдончасига айланиб қолиши керак бўлади. Айнан шу сабабли ҳам асосий хавф америкалик дипломатлар ёки инвесторларнинг Афғонистонга келишида эмас, балки жиддий хавф — «Толибон»нинг вазият ва сиёсий жараёнларни ўз назоратида сақлаб туриш имкониятидан маҳрум бўлиб қолишидадир.
Кобул «дипломатия ва инвестицияга – ҳа, ҳарбий базаларга – йўқ» деган тамойилни ўзи белгилаб, ҳамкорлик чегарасини ўзи чизиб турган экан, бу ташаббус Афғонистон ташқи сиёсатининг ўз манфаатларига хизмат қилувчи қуроли бўлиб қолаверади. Бироқ ҳамкорлик шартларига Вашингтон диктат қарата бошласа (бундай хавфнинг эҳтимоли жуда юқори) у ҳолда вазият тубдан ўзгариб кетиши мумкин. Зеро, Америка инвестициялари вақт ўтиши билан хавфсизлик, разведка, стратегик инфратузилма ва ташқи сиёсат бўйича муайян талаблар билан қоришиб кетади.
Бундай шароитда расман суверен бўлиб қолган Афғонистон босқичма-босқич ташқи мажбуриятлар ва қарамликларнинг мураккаб тўрига илиниб қолади ҳамда ундан иқтисодий ва сиёсий йўқотишларсиз қутулиб чиқиш борган сари қийинлашиб боради.
Бу ҳолат «Толибон» учун яна бир жиҳатдан ҳам ўта хавфлидир. Чунки АҚШ билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳозирги ташаббус «Толибон» ҳаракатининг ҳокимиятга қайтганининг беш йиллиги нишонланаётган пайтга тўғри келмоқда. Бу кунларда расмий ҳисоботларда АҚШ ва НАТО Афғонистонда тор-мор этилган кучлар сифатида кўрсатилмоқда. Мамлакатда ҳарбий парадлар ўтказилиб, ҳатто Америка аскарларига қарши уюштирилган ҳужумларнинг саҳналаштирилган кўринишлари намойиш этилмоқда.
Амир Хан Муттақий ҳам ўз баёнотларида хорижий босқинчиликка ва Афғонистонга ғарбча сиёсий модель тиқиштирилишига қарши курашда ғалаба қозонилганини бот-бот таъкидлаб келади. Айнан шу вазиятда АҚШни дипломатик ва иқтисодий жиҳатдан Афғонистонга қайтишга чорлаш уринишини — Афғонистон ўз мафкурасидан воз кечаётгани сифатида эмас, балки Американинг у ердаги иштирокини шакл ва мазмун жиҳатидан ўзгартиришга уриниш сифатида изоҳлаш мумкин.
«Толибон»нинг қарашларига ва улар урғу бераётган фарқларга таянсак, Афғон заминидаги Америка аскари – босқинчилик рамзи, Америка дипломати эса – янги Афғонистон шартларини қабул қилган инвестордир. Бошқача айтганда, у Кобул билан ҳамкорлик қилиш учун келган шерик сифатида тасвирланмоқда. Аниқроғи, ҳарбий қарамлик ўрнини иқтисодий ва сиёсий қарамлик эгаллаб бораётган вазият юзага келмоқда.
«Толибон»нинг фикрлаш тарзига кўра, Афғонистондан ҳарбий куч сифатида чиқиб кетган АҚШ, эндиликда мамлакатга устун куч сифатида эмас, аксинча, Кобул билан музокарага киришишга ва ўзаро муросага боришга мажбур бўлган давлат сифатида қайтмоқда. Бироқ бундай муносабатнинг ўзи ҳам ўта мўрт, хавфли ва чеклангандир. Агар Америка инвестициялари янги иш ўринларини яратиб, инфратузилмаларни ривожлантирса ҳамда бюджет даромадини кўпайтириб, Кобулга ташқи алоқаларини диверсификация қилиш имконини берса, у ҳолда бундай ҳамкорлик Афғонистоннинг иқтисодий салоҳиятини кенгайтириб, мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин. Бироқ капитал билан бирга мамлакатнинг стратегик бойликлари ва муҳим инфратузилмаси устидан назорат ўрнатила бошланса, у ҳолда бу ҳамкорлик кўзланган натижанинг аксини бериши тайин.
Бундай шароитда АҚШнинг ҳарбий жойлашувига ҳам ҳожат қолмаслиги мумкин. Негаки, иқтисодий қарамликнинг ўзиёқ сиёсий таъсир кўрсатиш учун энг таъсирли рычагларни яратиб бера олади.
Вашингтон Кобулга иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва сиёсий алоқаларни нормаллаштиришни таклиф қилиб, бунинг эвазига Хитойга қарши Америка стратегиясини қўллаб-қувватлашни талаб қиладиган бўлса, у ҳолда вазият Кобул учун оғирлашиб, жиддий тус олади. Чунки «Толибон» расмий равишда мамлакат мустақиллигини сақлаб қолгани билан, амалда ташқи сиёсатини юритишда Америка манфаатларини ҳисобга олишга мажбур бўладиган ҳолатга тушиб қолади. Натижада Афғонистон ўз мустақил ташқи сиёсатини юритиш имкониятидан маҳрум бўлиб, йирик давтатлар ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг гирдобига тушиб қолиш хавфи остида қолади. Шунинг учун ҳам ҳозирги ташаббус фақатгина биргина шарт билан кучли дипломатик қадам бўла олади: «Толибон» ўз сиёсий йўналишини ва ҳамкорликнинг асосий шартларини Ислом мабдасига мувофиқ равишда назорат қилиб бориши ҳамда бу ҳамкорлик секин-аста мустамлакачи кучлар манфаатларига хизмат қилувчи бир томонлама мажбуриятларга айланиб кетишига йўл қўймаслиги керак.
Ҳозирги ташаббуснинг яна бир асосий хавфи ҳам айнан шу ерда ётибди. «Толибон» Вашингтонга ҳарбий мавжудлик ўрнига дипломатик ва иқтисодий имкониятларни тақдим этиш орқали биринчи қадамда сиёсий ютуққа эришиши мумкин. Бироқ агар у ҳамкорликнинг кейинги шартларини белгилаш ва назорат қилиш имкониятини қўлдан чиқариб юборса, бугунги кунда ўз манфаатларига хизмат қилдиришга уринаётган геосиёсий ўйиннинг гаровга олинган қурбонига айланиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.
Демак, «Толибон» АҚШнинг Афғонистонга бўлган қизиқишини афғон сиёсатининг манфаатларига хизмат қилувчи ресурс сифатида ишлатиб, айни пайтда Афғонистоннинг ўзини америкаликларнинг Хитой билан олиб бораётган геосиёсий рақобатидаги сиёсий қуролга айлантириб юбормаслик учун музокаралар шартларини ўз назоратида сақлаб қола оладими? деган асосий савол жавобсиз қолмоқда.
Латифул Расих




