Хитой сиёсатини акс эттирувчи ташкилот рўйхатдан ўтказилди

Хитой сиёсатини акс эттирувчи ташкилот рўйхатдан ўтказилди
Қирғизистонда «Марказий Осиё ва Хитойнинг тинчлик йўли билан бирлашишига кўмаклашиш уюшмаси» номли жамоат ташкилоти рўйхатга олингани маълум қилинди. Бу янгилик жамоатчилик ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, зеро ташкилот номи минтақанинг Хитой билан эҳтимолий сиёсий бирлашувига ишора сифатида қабул қилинмоқда.
Оммавий ахборот воситаларининг очиқлашича, мазкур ташкилот Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган. Унинг раҳбари сифатида Хитой Халқ Республикаси фуқароси Шао Куйнин кўрсатилган. Бироқ ташкилотнинг мақсад ва вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари ҳақида ҳозирча расмий изоҳ берилгани йўқ.
Халқ орасида ушбу янгиликка нисбатан салбий муносабат шакллангач, Адлия вазирлигининг ҳудудий бошқармаси расмий баёнот бериб, жамоат бирлашмаси 2025 йилнинг 30 декабрида тезкор давлат рўйхатидан ўтказиш маркази орқали рўйхатга олинганини маълум қилди. Кейинчалик эса рўйхатга олиш ҳақидаги буйруқ бекор қилингани хабар қилинди.
Вазирлик рўйхатдан ўтказиш қарори нима сабабдан бекор қилингани, ташкилот кейинчалик бошқа ном билан қайта рўйхатдан ўтган ёки ўтмагани, шунингдек, мазкур жамоат бирлашмаси айнан қандай фаолият билан шуғулланиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
Изоҳ:
«Марказий Осиё ва Хитойнинг тинчлик йўли билан бирлашишига кўмаклашиш уюшмаси» деб номланган жамоат ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтиши жамиятда катта хавотир уйғотди. Зеро, одамлар Хитойнинг мамлакатдаги иқтисодий экспансияси (тажовузкор кенгайиши) тобора сиёсий тус олаётганидан хавфсирамоқда. Шусиз ҳам Хитойнинг иқтисодий таъсири кучайиб бораётган бир шароитда, ҳукуматнинг бундай ташкилотни рўйхатга олиши халқни ташвишга солиши табиий. Чунки мамлакат ташқи қарзининг салмоқли қисми Хитойнинг ҳиссасига тўғри келади. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 27 миллиард долларга етган бўлса-да, Қирғизистон импорт қилаётган товар ҳажми у экспор қилаётган товар ҳажмидан анча юқори — яъни савдо баланси Хитой фойдасига ишламоқда. Бу вазият Хитойга бўлган қарамликни кўрсатувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабли одамлар Хитой чангалига тушиб қолишдан қўрқишмоқда.
Юқорида тилга олинган ташкилот номи Хитой ҳукуматининг Марказий Осиёга нисбатан асл қарашларини акс эттиради, десак муболаға бўлмайди. Хитой тарихий ва бугунги геосиёсий сабабларга кўра Марказий Осиёни ўз таъсир доирасидаги минтақага айлантиришга интилмоқда.
Бироқ, минтақа ва Хитой ўртасида асрлар бўйи давом этиб келган курашлар халқ хотирасида Хитой ҳақида салбий тасаввур шакллантиргани сир эмас. Хитойнинг янгитдан таъсир ёйишига тўсиқ бўлаётган ушбу салбий қиёфани ўчириш учун эса одамларнинг онгини ўзгартириш талаб этилади. Шу боис, Хитой бу йўналишда фаол ҳаракат қилишга, яъни «юмшоқ куч» сиёсатига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хитойнинг сиёсий мақсадларини очиқ-ойдин акс эттирувчи ушбу ташкилотнинг юзага чиқиши — фақат биргина ҳолат, холос. Ваҳоланки, номидан ҳеч қандай хавотир уйғотмайдиган яна қанчадан-қанча Хитой ташкилотлари фаолият юритмоқда?! Йилдан-йилга уларнинг сони ортиб боришига ҳеч шубҳа йўқ.
Хитойдан «иқтисодий манфаат» умид қилаётган ҳукумат эса унинг обрўсини кўтариш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Хитой ташкилотлари у ёқда турсин, ҳатто ҳукуматнинг ахборот машинаси ҳам айни пайтда Хитойнинг нуфузини оширишга тўлиқ сафарбар этилган. Президент матбуот котибидан тортиб, ёлланма блогерларгача — барчаси Хитойни қўллаб-қувватлаш ва уни оқлаш билан банд. Бундан ташқари, икки давлат ўртасида маданий тадбирларнинг ташкил этилиши, олий таълим муассасаларида Хитой марказларининг очилиши ва бошқа шу каби саъй-ҳаракатларнинг барчаси Хитойнинг «юмшоқ кучи»га хизмат қилмоқда.
Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорлик мамлакат манфаатларига, мустақиллигига ва хавфсизлигига путур етказиши мумкин бўлган нуқтага яқинлашмоқда. Савдо айланмасининг кескин ортиши, импортга бўлган қарамлик ва Хитой капитали таъсирининг кучайиши мамлакатни бора-бора ташқи кучга кўпроқ қарам бўлиб қолишига олиб келади. Бундай қарамлик эса нафақат иқтисодий, балки сиёсий қарорлар қабул қилинишига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Ҳарун Абдулҳақ




