Рамазон – Бир Уммат бўлиш мавсумидир

Рамазон – Бир Уммат бўлиш мавсумидир
Мусулмонлар Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ Мадинада Ислом давлатига асос солишлари билан тарих оқимини ўзгартирган буюк цивилизациион (ҳазорий) юришини бошладилар. Қисқа вақт ичида Осиёдан Шимолий-Ғарбий Африкагача ёйилган Халифалик давлати ўн уч аср давомида дунё йўналишини белгилаб берган етакчи куч сифатида сақланиб турди.
«Уммат» — қисқача айтганда, бир эътиқодни маҳкам ушлаган, мақсади муштарак, қувончи-ю қайғуси, қийинчилиги-ю изтироби бир бўлган, ягона фикр ва туйғу билан ҳаракат қилувчи инсонлар мажмуасидир. Бир онанинг фарзандлари бир-бирига қандай боғланган бўлса, Уммат фарзандлари ҳам Тавҳид ақидаси орқали бир-бирига узилмас ва мустаҳкам ришта билан боғлангандир.
Мўминлар ўртасидаги бу боғлиқлик биологик қариндошликдан ҳам кучлироқдир, зеро у иймонга асосланади. Ушбу алоқани сақлаш — шунчаки ихтиёрий танлов эмас, балки оламлар Роббисининг очиқ-ойдин буйруғидир.
Афсуски, мустамлакачи Ғарбнинг узоқ давом этган ҳарбий ва сақофий ҳужумлари натижасида бу робита дарз кетди. Ниҳоят, мусулмонларни асрлар давомида бир том остида бирлаштирган Халифалик давлати 1924 йилда қулатилди. Шу тариқа, яхлит бир Уммат миллий давлатчаларга бўлиниб кетди; ҳудудлар парчаланди, онглар заифлашиб, қалблар бир-биридан узоқлашди.
Мусулмон Уммати бу йилги Рамазон ойини ҳам худди бир аср олдингидек — Халифаликни йўқотган пайтдаги заифлик, тарқоқлик ва мустамлакачи кофирларнинг ҳукмронлиги остидаги чорасизликнинг оғир изтироби билан ўтказмоқда.
Ғазода гўдакларнинг фарёди кўкларга ўраламоқда, Шарқий Туркистон зор йиғламоқда, дунёнинг кўплаб нуқталарида зулм остида қолган биродарларимиз нажот кутмоқда. Бугунги хорлик душманнинг кучлилигидан эмас, балки бизнинг тарқоқлигимиздандир. Агар қувончимиз ва қайғумиз бир бўлганида, урушимиз ва тинчлигимиз ягона иродага боғланганида эди, ҳеч қандай куч мусулмонларнинг қонини бунчалик осон тўка олмасди.
Бугунги кунда «ягона Уммат» тушунчасининг ўрнини «миллий давлат» тушунчаси эгаллаб олди. Сайкс-Пико (Sykes-Picot) чегаралари нафақат ерларимизни, балки онгимизни ҳам бўлиб ташлади. Бир пайтлар ягона сиёсий ҳокимият остида яшаган мусулмонлар бугун элликдан ортиқ давлатга бўлиниб, турли байроқлар соясида бир-биридан ажратиб ташланди.
Ҳозирги пайтда мусулмонлар ҳарбий жиҳатдан замонавий қуролларга ва улкан армияларга эга бўлса-да, бироқ тарқоқ ҳолда қолмоқда. Иқтисодий жиҳатдан беҳисоб бойлик ва ресурсларга эга бўлса-да, аммо бу бойликлар душманлар томонидан таланмоқда. Инсоний ресурс етарли бўлса-да, бироқ умумий мақсаддан маҳрум қолмоқда. Ер шарининг энг стратегик ва марказий ҳудудларида яшаса-да, лекин 57та давлатнинг ҳар бири фақат ўз манфаатини ўйлаётгани сабабли Умматнинг умумий манфаатлари сояда қолиб кетмоқда. Бизда етишмаётган нарса — бирлигимиздир. Бизда етишмаётган нарса — «бир Уммат» бўлиш шуури ва бизни бирлаштирадиган Халифаликнинг йўқлигидир.
Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
إِنَّ هَٰذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُونِ
«Албатта, ушбу Умматингиз бир Умматдир. Ва Мен Роббингиздирман. Бас, Менга ибодат қилинг». (Анбиё сураси, 92-оят).
Ушбу оят Умматнинг яхлитлиги ва бирлигини ифодалайди. Бизнинг бирлигимиз географик чегаралардан, миллий давлатлардан, ватанпарварлик ёки миллатчиликдан, тил ва маданиятдан устун турувчи, оламлар Роббиси Аллоҳга қуллик қилиш ва Ислом ақидасига асосланган бирликдир.
Саҳиҳ Муслимда келган ҳадисда шундай дейилади:
مَثَلُ الْمُؤْمِنِينَ فِي تَوَادِّهِمْ وَتَرَاحُمِهِمْ وَتَعَاطُفِهِمْ مَثَلُ الْجَسَدِ إِذَا اشْتَكَى مِنْهُ عُضْوٌ تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ الْجَسَدِ بِالسَّهَرِ وَالْحُمَّى
«Мўминларнинг ўзаро меҳр-муҳаббати, раҳм-шафқати ва меҳрибонлиги бамисоли худди бир тана кабидир. Агар тананинг бирор аъзоси оғриса, қолган аъзолар бедорлик ва иситма билан унга шерик бўлишади».
Агар бир аъзо азоб чекаётганда бошқа аъзолар бефарқ бўлса, демак, онг йўқолган ёки алоқа узилган бўлади. Мусулмон географиясининг бугунги инқирози ҳам айнан мана шу алоқаларнинг узилганидадир. Сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳарбий ришталаримиз парчалаб ташланган.
Ягона Аллоҳга иймон келтирган, битта Китобни тасдиқлаган ва битта Пайғамбарга эргашган жамиятнинг нега ягона сиёсий ҳокимияти йўқ? Намозда бир имомнинг орқасида сафда турамиз-у, нега сиёсий ҳаётда бир етакчи атрофида бирлаша олмаймиз?
Жавоб аниқ: замонавий миллий давлат тизими — Уммат онгининг энг ашаддий душманидир. Миллатчилик ва тор манфаатлар «Уммат бўлиш» ғоясини заифлаштирди.
Ваҳоланки, Қуръон ва Суннат мусулмонларнинг бошқалардан ажралиб турувчи яхлит бир Уммат эканини таъкидлаб, бўлиниб-парчаланишни ҳаром қилган. Бу борада келган насс (далил)лар мусулмонларнинг бир Уммат бўлиши зарурлигини кўрсатибгина қолмай, улар қандай сифатларга эга бўлиши кераклигини ҳам аниқ белгилаб берган.
Бироқ, кофир Ғарбнинг Исломий тушунчаларни ўз моҳиятидан ажратишга бўлган уринишлари натижасида айрим истилоҳлар бурмаланиб қолди. Масалан: «Васат Уммат» ва «Гувоҳ Уммат» тушунчалари каби.
Қуръондаги «васат» сўзининг «адолатли» ва «танлаб олинган» деган маънолари четга сурилиб, у шунчаки «ўрта йўлни тутувчи» ёки «мўътадил Ислом» деб талқин қилинди. Аслида эса, бу оятнинг маъноси — инсониятга адолат билан гувоҳлик берадиган, танланган хайрли Уммат бўлиш демакдир.
Бу Умматнинг энг катта хусусияти — ҳақиқатни ўртага қўйиб, унга вакиллик қилувчи «Гувоҳ Уммат» бўлишидир. Аллоҳ бизни Ислом ҳақиқатлари билан бошқаларга ўрнак бўладиган Уммат қилди. Хўш, адолатни ўрнатиб, бошқаларга қандай гувоҳ бўла оламиз?
Биз фақат Қуръон билан яшаб, Қуръон билан ҳукм юритиб, Қуръон ҳақиқатларини сўзлаб ва Қуръон билан огоҳлантирганимиздагина «гувоҳлик берувчи Уммат» сифатига муносиб бўламиз. Адолатни қарор топтириш алоҳида шахсларнинг иши эмас. Масалан, олимларнинг гувоҳиги — ҳеч кимнинг маломатидан қўрқмай, ҳақни ботилдан ажратишдир. Умматнинг гувоҳлиги — шахсий манфаатни эмас, шариат ҳукмларини асос қилиб яшашдир. Бошқарувчиларнинг гувоҳлиги эса — Аллоҳнинг буйруқларига мувофиқ бошқариш ва Ислом билан ҳукм юритишдир.
Ушбу гувоҳлик тўлиқ бўлиши учун одамлар ибрат оладиган Исломий ҳаёт мавжуд бўлиши керак.
Яхлит Уммат бўлишнинг маъноси —байроқнинг битта бўлишидир. Бу Пайғамбаримизнинг ﷺ «Тавҳид» байроғидир. Бу — давлатнинг битта бўлишидир. Бу — Аллоҳнинг ҳукмлари билан бошқариб, Исломий ҳаётни қайтадан бошлайдиган Рошид Халифалик Давлатидир.
Эй, «инсонлар учун чиқарилган энг яхши Уммат»нинг авлодлари! Ушбу муқаддас Рамазон ойида Рошид Халифаликни тиклаш учун ҳаракат қилаётган даъватчилардан бўлинг. Халифалик йўлида бугунги куннинг Мусъаблари, Саъд бин Муозлари ва Асад бин Зураралари бўлинг!
Шуни унутмангки, Расулуллоҳ ﷺ бу дунёда гувоҳлик берганларидек, охиратда ҳам гувоҳлик берадилар. Аллоҳ Таоло омонат қилинган Қуръон ва Суннат нега ҳаётда устувор бўлмагани ҳақида сўраганда, Пайғамбаримиз ﷺ бизга гувоҳ бўладилар.
Шундай экан, бу дунёда азиз-мукаррам бўлиш ва охиратда Аллоҳнинг розилигига эришиш учун Ислом тузумини қайта тиклашга мажбурмиз. Рамазон ойи — Уммат онгини қайта қуриш учун улуғ имкониятдир. Шундай экан, Мусулмонларнинг тарқоқлигига чек қўйиб, уларни буюк ва қудратли бир Умматга айлантирадиган Халифаликни қайта барпо этиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз лозим.
Бурана




