Жаннат боғлари

Умар розияллоҳу анҳунинг хутбаларидан

Умар розияллоҳу анҳунинг хутбаларидан

Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлганларида минбарга кўтарилиб айтган биринчи сўзлари шу сўз бўлди: «Аллоҳим, мен қаттиққўлман, Ўзинг мени мулойим қил, мен заифман, Ўзинг мени кучли қил, мен бахилман, Ўзинг мени сахий қил», «Аллоҳ сизларни мен билан синади, дўстимдан кейин мени сизлар билан синади, бас, Аллоҳ ҳаққи, сизларнинг ишингиз кучли ва ҳақиқатпарвар волийларсиз ҳал бўлмайди, мен ўшандай волийларни сизнинг устингиздан тайинлайман, агар улар тўғри иш тутсалар, бу ўзлари учун мукофот бўлади, агар аксинча бўлса, улар қаттиқ жазоланадилар, агар сизларнинг ишингиз яқинда бўлса, уларни ўзим ечаман, аммо узоқда бўлса, ўша ердан кучли ва омонатгўй волийлар тайинлайман».

Умар розияллоҳу анҳу яна бундай дедилар:

«Эшитдим, одамлар менинг қаттиққўллигимдан ҳайбатланиб, қўполлигимдан хавфсирашяпти экан, Росулуллоҳ ﷺ орамизда борликларида Умар бизга қаттиққўллик қиларди, кейин Абу Бакр бизга раҳбар бўлганида ҳам қаттиққўл бўлди, энди, унинг ўзи раҳбар бўлганда нима бўларкин, дейишяпти экан. Ким шундай деган бўлса, тўғри айтибди. Ҳақиқатдан ҳам мен Росулуллоҳ ﷺ билан бўлганимда ул зотнинг қули ва ходими бўлдим, ул зотнинг мулойимлик ва раҳмдиллик сифатига ҳеч ким тенглаша олмас эди, ул зот Аллоҳ бундай деган сифатга эга эдилар:

 بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَّحِيمٌ

«(Росулуллоҳ) барча мўминларга марҳаматли, меҳрибондир» [Тавба 128]

Мен Росулуллоҳ ﷺ ёнида яланғочланган қилич эдим, мени ё қинга солиб юрардилар ёки баъзан тарк қилардилар-кетардим. Шу зайл Росулуллоҳ ﷺдан айрилмадим ва ниҳоят, ул зот мендан рози бўлган ҳолда Аллоҳнинг ҳузурига реҳлат қилдилар, мен бунинг учун Аллоҳга беҳисоб ҳамд айтаман ва мен ул зот билан бахтлиман… Кейин мусулмонларга Абу Бакр амир бўлдилар, у киши даъвати, саҳовати ва мулойимлиги кўп инсон эдилар, мен у кишининг ходими ва ёрдамчиси бўлдим, қўлидаги яланғочланган қиличи бўлдим, мени ё қинга солиб юрардилар ёки баъзан тарк қилардилар-кетардим. Шу зайл Абу Бакрдан айрилмадим ва ниҳоят, ул зот мендан рози бўлган ҳолда Аллоҳнинг ҳузурига реҳлат қилдилар, мен бунинг учун Аллоҳга беҳисоб ҳамд айтаман ва мен ул зот билан бахтлиман. Эй инсонлар, мен энди сизларга бошлиқ бўлдим, бас, қаттиққўллигим бўшашди, энди у мусулмонларга зулм ва адоват қилганларга нисбатан кучаяди, аммо тинчлик, дин ва мақсад аҳли учун эса, мен уларнинг бир-бирларидан ҳам мулойимроқман, бировни бировга адолатсизлик қилишига, ёки душманлик қилишига йўл қўймайман ва албатта ундайларнинг бурнини ерга ишқайман. Ҳаққа эгилмаганларни, бўйнига оёқларимни қўйиб бўлса ҳам эгдираман, ориятли ва олийҳиммат инсонлар учун қаттиққўллигимдан тушиб, ҳатто бўйнимни ерга теккизишга тайёрман. Бироқ, эй мусулмонлар, менга шундай хислатлар керакки, сиз уларни менда назорат қилинг: Аллоҳ сизларга инъом этган нарсалардан заррасига ҳам тегмаслигимни, фақат Аллоҳнинг ризоси учунгина тегишимни назорат қилинг, қачон қўлимга бир нарса тушса, қайтиб чиқмаслигини, фақат Аллоҳнинг ҳаққигина чиқишини назорат қилинг, Аллоҳнинг изни ила, менинг сизга совға-ю армуғонларни зиёда қилишимни, дахлсизлигингизни ҳимоя қилиб, уларни очиқ қолдирмаслигимни ва сизларни ҳалокатга ташлаб қўймаслигимни назорат қилинг. Агар сафарда, яъни жиҳодда бўлиб қолсангиз қайтгунингизгача мен оила отасиман. Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқинг! Нафсимни тийишимда менга ёрдам беринг, маъруфга буюриб, мункардан қайтаришимда, ишларингизни бошқаришдек Аллоҳ менга топширган вазифалар тўғрисида насиҳатни олишимда менга ёрдамчи бўлинг. Бу сўзларимни айтар эканман, Аллоҳдан ўзим ва сиз учун истиғфор айтиб қоламан. Аллоҳим, мени адаштирмагин, мени бемаҳал ушламагин, ғафлатда қолганлардан қилмагин».

Шаъбий айтди: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа қилиб сайлангач, минбарга кўтарилди ва: “Оллоҳ мени Абу Бакрнинг ўтирган ўрнига лойиқ кўради деб ўйламайман”, деди-да, бир поғона тушиб зинага ўтирди. Оллоҳга ҳамду сано айтди. Сўнгра шундай деди: «Қуръон ўқинглар, уни яхши тушунасизлар. Унга амал қилинглар, унинг аҳлидан бўласизлар. Амалларингиз сарҳисоб қилинишидан олдин, ўзларингизни сарҳисоб қилинглар. Сизлардан ҳеч нарса махфий бўлмайдиган ва ўзингиз Оллоҳга рўбарў қилинадиган катта кўрик кунига зийнатланиб, тайёрланинглар. Ҳақдорнинг ҳақи Оллоҳга гуноҳкор бўлинадиган ишларда унга итоат қилиш даражасига етмасин. Билингларки, мен Оллоҳнинг молига нисбатан ўзимни етим молини ейишдан қўрққандек қўрқиш даражасига қўйиб олганман, агар беҳожат бўлсам ундан олмайман. Агар муҳтож бўлсам, яхшилик билан (яъни инсоф билан) ейман». Аҳмад ҳам худди шундай ривоят қилган.

Мусо ибн Уқбадан Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу сермазмун хутбаси ривоят қилинди. Бу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг солиқ йиғувчиларни жўнатаётган кунидаги хутбаси: «Аммо баъд: барча нарсалар фоний бўлиб, танҳо Ўзи қолувчи Оллоҳдан тақво қилишингизни васият қиламан. У Зотга итоат қилиш билан Унинг дўстлари улуғланади, Унга гуноҳкор бўлиш билан Унинг душманлари хор бўлади ва залолатга кетади. Бир залолатни қилиб, ҳалок бўлган кимсанинг узри йўқ, унинг ҳидоят топиши уни залолатдан қутилишига кифоя қилур эди. Шунингдек, унинг учун ҳақни тарк қилишида ҳам бир узр йўқ-ки, унинг ҳақ тарк қилиши залолат учун кифоя қилур эди. Раҳбарнинг ўз раияти билан бўлган энг ҳаққоний аҳди, уларнинг устидан Оллоҳнинг дин вазифаларидан иборат ҳаққини чиройли адо қилишлари учун бўлган аҳдлашувидир. Сизларни Оллоҳ итоат қилишни буюрган нарсаларга буюришлик ва У қайтарган нарсалардан қайтариш биз учун вожибдир. Шунингдек, одамларнинг яқини бўладими, узоғими, сизлар ҳақингизда Оллоҳнинг буйруқларини қойим қилишимиз ва бу иш ҳаққа мойил бўлган одамнинг зарарига бўлишига эътироб бермаслигимиз ҳам биз учун вожибдир. Мен ўз динларида қуруқ орзуларга берилиб кетган қавмларни биламан. Улар жамоат билан намоз ўқияпмиз, мужоҳид билан бирга жиҳод қиляпмиз, ҳижрат қиляпмиз дейишади. Бу қуруқ орзуларни дин ҳаққини тўла адо этмаётган қавмлар қилмоқда. Зеро, иймон ширин орзу-ҳаваслар билангина бўлмайди… Гоҳо бир киши ҳижрат қилдим дейди, ваҳоланки, у ҳижрат қилмаган бўлади. Ҳақиқий муҳожирлар ёмонликларни тарк қилган кишилардир. Баъзилари жиҳод қилдик дейишади, Оллоҳнинг қўлидаги ҳақиқий жиҳод душман билан жиҳод қилиш ва ҳаром ишлардан сақланишдир. Баъзилар урушга чиқиб, унда чиройли қатнашади. Бировларнинг мукофот беришини, ном чиқаришни мақсад қилмайдилар. Уруш ҳалоклардан бир ҳалокатдир, холос. Ҳар бир киши нима ниятда урушга чиққан бўлса, ўша нарсани олади. Бир киши табиатан шижоатли бўлиб, таниган, танимаган кишиларни қутқаради. Бошқа бир киши эса табиатан қўрқоқ бўлиб, ҳатто ота-онасини ҳам душманга топшириб қўяди.

Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, айтди: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хутбасида шундай дер эди: «Сизлардан кимки ҳавойи нафсидан, ғазабдан, таъмадан сақланса ва гапида ростгўй бўлса, нажот топибди. Чунки ростгўйлик яхшиликка олиб келади. Ким ёлғон гапирса, фожир бўлади, ким фожир бўлса, ҳалок бўлади. Бугун тирик, эртага эса ўлик. Кун-бакун амал қилиб боринглар. Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, ўзингизни ўлганлар қаторида хисобланглар».

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button