Жаннат боғлари

Туфайл ибн Амр ад-Давсий розияллоҳу анҳу

Туфайл ибн Амр ад-Давсий розияллоҳу анҳу

«Парвардигоро, сен унга ният қилаётган эзгу ишида ёрдам берадиган бир белги-аломат қилиб бергин».

Расул ﷺнинг унга қилган дуосидан

Туфайл ибн Амр ад-Давсий жоҳилият даврида Давс қабиласининг саййиди, арабларнинг эътиборли аслзодаларидан ва машҳур соҳоватли кишиларидан бири эди… Ҳеч қачон унинг қозони ўчоқдан тушмас ва эшиклари  бирорта йўловчи олдида ёпилмас эди… Оч қолганни тўйдирар, хавф-хатардаги одамни хатардан қутқарар, ҳимоя сўраб келганни ҳимоясига олар эди. Бундан ташқари у зийрак доно адиб, ҳассос шоир ҳам эди. Сўз сеҳрлаб қўядиган ўринда баённинг ширину аччиғини фарқлай биларди.

Туфайл Туҳомадаги ўз қавми манзилини тарк этиб Макка томон юзланди. Бу вақтда Расули Карим ﷺ билан Қурайш кофирлари ўртасида кураш давом этаётган бўлиб, ҳар иккала томон ҳам ўзига ёрдамчиларни жалб қилишни хоҳлар эди … Расул ﷺ ўз Роббисига даъват қилар, қуроли эса иймон ва ҳақиқат эди. Қурайш кофирлари эса унинг даъватига барча турдаги қуроллар билан қарши курашар ва одамларни ундан ҳар қандай йўл билан тўсишар эди. Туфайл бу жангга ҳеч қандай тайёргарликсиз кириб боришига ва унинг гирдобига беихтиёр шўнғишига тўғри келиб қолди… Чунки у Маккага бу мақсадда келмаган эди. Бундан олдин Муҳаммад ва Қурайшнинг иши унинг хаёлига ҳам келмаган эди.

Туфайл розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади: Мен Маккага келдим. Мени Қурайшнинг саййидлари кўриши биланоқ менинг олдимга келишиб қуюқ салом беришди ва ўзларининг энг азиз жойларига ўтиргизишди. Сўнг менинг олдимга уларнинг саййидлари ва катталари келишиб: Эй Туфайл, сиз бизнинг юртимизга мана бу ўзини пайғамбарман, деб даъво қилаётган киши ишимизни бузиб, бирлигимизга раҳна солиб, жамоатимизни тарқатиб турган бир вақтда келиб турибсиз.  Биз сизга ва қавмингиздаги етакчилигингизга бизга етган бало етиб қолишидан қўрқамиз. Шунинг учун у билан гаплашманг, ундан ҳеч нарса эшитманг. Чунки унинг сўзлари сеҳр кабидирки, фарзанд билан отанинг, ака билан уканинг, хотин билан эрнинг орасини ажратиб юборади, дейишди.

Яна Туфайл розияллоҳу анҳу айтади: Аллоҳга қасамки, улар менга унинг ғаройиб хабарларидан тинимсиз сўзлайверишди ва унинг ажойиб ишлари билан ўзим ҳамда қавмимга зарар етишини айтиб қўрқитаверишди. Ҳатто мен унга яқинлашмасликка, у билан гаплашмасликка ва ундан ҳеч нарса эшитмасликка қарор қилдим. Мен Каъбани тавоф қилиб, биз ҳаж қиладиган ва улуғлайдиган санамларни табаррук қилиш учун масжидга борган пайтимда Муҳаммаднинг сўзлари қулоғимга чалиниб қолишидан қўрқиб қулоғимга пахта тиқиб олдим. Лекин мен масжидга кирганим замон уни Каъба олдида бизнинг намозимиздан ўзгача намоз ўқиётган, бизнинг ибодатимиздан ўзгача ибодат қилаётган ҳолда топдим. Шунда унинг кўриниши мени асир этди, ибодати қаттиқ таъсирлантирди. Мен беихтиёр унга аста-секинлик билан яқинлашиб, унинг ёнига етиб қолганимни сезмай қолдим… Аллоҳнинг хоҳиши билан у айтаётган сўзларнинг айримлари қулоғимга чалинди. Мен ундан жуда гўзал сўзларни эшитдим. Шунда мен ўзимга: Эй, йўқотиб қўйиб онанг йиғлагур Туфайл… Сен ўзинг зийрак шоир бўлсанг, гўзаллик нима-ю қабиҳлик нима эканлиги сенга сир бўлмаса, бу одамдан айтаётган сўзларини эшитишдан сени нима ман қилмоқда… Агар у олиб келган нарса гўзал бўлса оласан, қабиҳ бўлса тарк этаверасан-да, дедим.

Туфайл розияллоҳу анҳу айтади: Сўнг Расулуллоҳ ﷺ ўз уйига қайтгунича турдим. Мен унинг ортидан эргашдим. У уйига кирган вақтида мен ҳам унинг орқасидан кириб бордим. Унга: Эй Муҳаммад, қавмингиз менга сиз ҳақингизда шундай-шундай гапларни айтишди. Аллоҳга қасамки, улар мени сизнинг ишингиздан қўрқитаверишганидан мен сизнинг сўзингизни эшитиб қолмаслик учун қулоғимга пахта тиқиб олдим. Сўнг Аллоҳ мен у сўзлардан айримларини эшитишимни хоҳлади. Мен уни гўзал топдим. Менга ишингизни кўндаланг қилиб, мени таништиринг, дедим. Мени ишилари таништирдилар. Ихлос ва Фалақ сураларини ўқиб бердилар. Аллоҳга қасамки, унинг сўзидан гўзалроқ сўз эшитмаган, унинг ишидан кўра одилроқ иш кўрмаган эдим. Шунда мен унга қўлимни чўздим ва Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг элчисидир, деб гувоҳлик бериб Исломга кирдим.

Туфайл розияллоҳу анҳу   айтади: Сўнг Маккада бир қанча вақт туриб Исломдан  таълим олдим. Бу вақт оралиғида менга муяссар бўлганича Қуръон ёдладим. Мен ўз қавмимга қайтишга қарор қилган пайтимда: Эй Расулуллоҳ, мен ўз қавмида итоат қилинадиган одамман. Мен уларнинг олдига қайтиб бориб, уларни Исломга даъват этаман. Сиз Аллоҳга дуо қилингки, мен уларни даъват қилаётган нарсада менга ёрдамчи бўладиган бир белги-аломат қилиб берсин, дедим. Шунда Расулуллоҳ ﷺ:

«اَللَّهُمَّ اجْعَلْ لَهُ آيَةً»

«Парвардигорим, сен унга бир белги-аломат қилиб бергин», деб дуо қилдилар. Мен қавмим сари йўл олдим. Қавмимнинг манзилларидан бўлган бир баландликка етиб борганимда икки кўзимнинг ўртасига чироққа ўхшаган бир нур келиб тушди. Шунда мен: Эй Парвардигорим, Сен уни юзимдан бошқа ерга қилгин. Чунки мен уларнинг динларини тарк қилганлигим учун юзимга тушган жазо, деб гумон қилишларидан қўрқаман, дедим… Нур турган жойидан кўчиб, қамчимнинг учига келиб тушди. Мен довондан улар томон тушиб борар эканман, одамлар менинг қамчимнинг учидаги қандил сингари нурни бир-бирларига қўрсата бошлашди. Мен тушгач, олдимга отам келди – отам кекса чол эди – Мен унга: Мендан нари туринг эй ота,  мен сиздан эмасман, сиз эса мендан эмассиз, дедим. Отам: Нима учун, эй болам? деди. Мен Исломга кирдим ва Муҳаммад rнинг динига эргашдим, дедим. Отам: Менинг диним сенинг динингдир, деди. Мен: Боринг ғусл қилинг, либосларингизни покланг, сўнг олдимга келинг, мен ўзим ўрганган нарсаларни сизга ўргатайин, дедим. Отам бориб, ғусл қилиб, либосларини поклаб келдилар. Мен унга Исломни кўндаланг қилдим. У Исломга кирди. Кейин олдимга хотиним келди. Мен унга ҳам: Мендан нари тур. Мен сендан эмасман, сен ҳам мендан эмассан, дедим. У эса: Ота онам сенга фидо бўлсин, нима учун? деди. Мен унга: Мен билан сенинг орамизни Ислом ажратди. Мен Исломга кирдим ва Муҳаммад ﷺнинг динига эргашдим, дедим. У: Сенинг дининг менинг динимдир, деди. Мен: Бор Зушшаронинг сувида покланиб кел, дедим. (Зушшаро Давс қабиласининг санами бўлиб, унинг артофида тоғдан тушиб келадиган сув оқарди). Хотиним: Ота онам сенга фидо бўлсин, Зушшародан бирор мусибат етиб қолишидан қўрқяпсанми? деди.  Шунда мен: Сени ҳам Зушшарони ҳам ер ютсин, мен сенга бориб одамлардан узоқроқ ерда ғусл қилиб кел деб айтяпман. Мен сенга бу кар тош ҳеч нарса қила олмаслигига кафилман, дедим. У бориб ғусл қилиб келди. Мен унга Исломни кўндаланг қилгандим, у Исломга кирди. Сўнг Давсни даъват қилдим. Улар сусткашлик қилишди. Фақат Абу Ҳурайрагина уларнинг орасидан Исломга энг тез кирди.

Туфайл розияллоҳу анҳу айтади: Мен Абу Ҳурайра билан бирга Расулуллоҳ ﷺнинг ҳузурларига Маккага келдим. Шунда Набий ﷺ менга: «Ортингда қандай хабарлар бор, эй Туфайл», дедилар. Мен: Устини парда ва қаттиқ куфр босган қалблар бор. Давс қабиласига фосиқлигу исёнкорлик ғолиб келди, деб жавоб бердим. Расулуллоҳ ﷺ ўринларидан туриб тоҳорат олдилар, сўнг намоз ўқидилар ва қўлларини осмонга кўтардилар. Абу Ҳурайра айтадилар: Мен У зотнинг бундай қилаётганини кўриб қавмимнинг ҳалок бўлиб кетишларидан қўрқиб кетиб: Воҳ шўрлик қавмим-а, деб юбордим. Лекин Расулуллоҳ:

«اَللَّهُمَّ اهْدِ دَوْساً… اَللَّهُمَّ اهْدِ دَوْساً… اَللَّهُمَّ اهْدِ دَوْساً…»

«Парвардигорим, Давсни ҳидоят қил… Парвардигорим, Давсни ҳидоят қил… Парвардигорим, Давсни ҳидоят қил…», дея дуо қила бошладилар. Сўнг Туфайлга юзланиб: «Қавмингизга қайтинг, уларга мулойим бўлинг ва уларни Исломга даúват этинг», дедилар.

Туфайт розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ ﷺ Мадинага ҳижрат килиб, Бадр, Уҳуд, Хандақ жанглари бўлиб ўтгунга қадар мен Давс ерида бўлиб, уларни Исломга даъват қилишда давом этдим. Шундан кейин пайғамбарнинг олдиларига келдим. Мен билан бирга Давс қабиласидан Исломга келган ва Исломи гўзал бўлган саксон хонадон ҳам бор эди. Расулуллоҳ бизнинг келганимиздан қаттиқ хурсанд бўлдилар. Мусулмонлар билан бирга Хайбар ғаниматларидан бизга ҳам улуш бердилар. Биз У зотга: Ё Расулуллоҳ, олиб борадиган барча ғазотларингизда бизларни ҳамиша ўнг қанотингизга қўйинг ва бизларга «мабрур» деган шиор беринг, деб айтдик.

Туфайл розияллоҳу анҳу айтадилар: То Аллоҳ Расулуллоҳ ﷺга Маккани фатҳ қилгунга қадар У зотнинг ёнларидан жилмадим. Макка фатҳидан кейин: Ё Расулуллох ﷺ мени Амр ибн Ҳамаманинг санами бўлмиш «Зул каффайн»га юборинг. Мен уни ёқиб юборайин, дедим. Набий ﷺ унга изн бердилар. Туфайл розияллоҳу анҳу ўз қавмидан иборат бўлган сарийя (отряд) билан санам сари йўл олди. Санам олдига етиб бориб уни ёқмоқчи бўлганида унинг атрофига аёллар, эркаклар, гудаклар йиғилиб унга бир ёмонлик етишини, агар у «Зул каффайн»га бирор ёмонлик қилса уни чақмон уриб кетишини кутиб туришарди. Лекин Туфайл розияллоҳу анҳу ибодат қилувчиларининг кўз ўнгида санам олдига келди ва қуйидаги байтни ўқиган ҳолда унга ўт қалай бошлади:

Эй Зул каффайн мен сенинг ибодат қилувчиларингдан эмасдирман

Менинг туғулган куним сенинг туғулган кунингдан қадимроқдир

Мен сенинг вужудингга ўт қаламоқдаман

Бу олов санамни йўқ қилиш билан бирга Давс қабиласидаги қолган-қутган ширкни ҳам йўқ қилди. Қавмнинг ҳаммаси Исломга кирди ва уларнинг исломлари гўзал бўлди.

Шундан сўнг то Расулуллоҳ ﷺ Роббиларининг ҳузурларига қайтгунларича Туфайл ибн Амр ад-Давсий у зотдан ажрамадилар. У зотдан сўнг халифалик унинг дўсти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўтгач Туфайл розияллоҳу анҳу ўзи, қиличи ва ўғлини Расулуллоҳ ﷺ халифасининг итоатига қўйди. Муртадлар уруши бошланиб кетганида Мусайлама каззобга қарши уруш қилиш учун чиққан мусулмон қўшинининг олдинги сафида бўлди. Бунда унинг ўғли Амр ҳам у билан бирга эди. Ямомага кетаётиб йўлда у бир туш кўрди. Шунда асҳобларига: Мен бир туш кўрдим, менга унинг таъбирини айтиб беринглар, деди. Нима туш кўрдинг, деб сўрашди. Тушимда сочим қирдирилганини, оғзимдан бир қуш учиб чиқиб кетганини, бир аёл мени ўз қорнига киритиб олганини, ўғлим Амр шошганича мени излай бошлаганини, бироқ мен билан унинг ўртаси тўсиб қўйилганини кўрдим, деб жавоб берди. Асҳоблари: яхшилик бўлсин, дейишди. Туфайл розияллоҳу анҳу: Аммо мен – Аллоҳга қасамки – бу тушни таъвил қилиб бўлдим; сочимнинг қирилиши – бошимнинг кесилишидир. Оғзимдан учиб чиққан қуш эса – менинг руҳимдир. Мени ўз қорнига киритиб олган аёл – Ердирки, мен учун қазилиб, унинг қорнига дафн қилинаман. Мен шаҳид ҳолда ўлдирилишни умид қиламан. Энди ўғлимнинг мени излашига келсак, у – Аллоҳнинг изни ила – тез фурсатда менга насиб бўладиган шаҳидликни излашини англатади. Лекин ўғлим шаҳидликни кейинроқ топади.

Ямома жангида буюк саҳобий Туфайл ибн Амр ад-Давсий розияллоҳу анҳу мардонавор жанг қилиб жанг майдонида шаҳид бўлди. Ўғли эса то жароҳатлар ҳолдан тойдиргунча жанг қилишда давом этди. Унинг ўнг кафти кесилиб кетди. Ямома ерларида отаси ва қўлини қолдирган ҳолда Мадинага қайтди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Амр ибн Туфайл розияллоҳу анҳу унинг ҳузурига кирди. Шу пайт Форуққа (Умарга) таом олиб келинди. Унинг ҳузурида одамлар ўтиришганди. Умар уларнинг ҳаммасини таомга таклиф қилди. Амр эса улардан ўзини четга олди. Форуқ розияллоҳу анҳу унга: Сенга нима бўлди? Эҳтимол сен қўлингдан хижолат бўлиб таомдан ўзингни олиб қочаётгандирсан, деди. Ҳа, эй амирал мўминин, деб жавоб берди Амр. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: Аллоҳга қасамки, то сен ўша кесилган қўлинг билан бу таомни аралаштириб бермагунингча уни тотмайман… Аллоҳга қасамки, бу ўтирган қавм ичида сендан бўлак баъзи аъзоси жаннатда бўлган бирон кимса йўқ, деди. Бу билан у кесилган қўлини назарда тутган эди.

Отасидан айрилганидан буён Амрга тинимсиз шаҳидлик тушлари кўрина бошлаган эди. Ярмук жанги куни Амр унга биринчилардан бўлиб шошилди. У жанг қилишда давом этди ва отаси эришган шаҳидликка у ҳам эришди.

Аллоҳ Туфайл ибн Амр ад-Давсийни Ўз раҳматига олсин. Зеро унинг ўзи ҳам шаҳид ва шаҳиднинг отасидир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button