Умар ибн Хаттобдек рошид халифа насиб этсин

Умар ибн Хаттобдек рошид халифа насиб этсин
«Канзул уммол»да сўзлар ва феъллардаги суннатлар ҳақида қуйидагилар келган: Шаъбийдан ривоят қилинишича Забарқон ибн Бадр Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келди. У ўз қавмининг саййиди эди. У бундай деди: эй амирул мўминин, Жарул мени ҳажв қилди, деди. Умар розияллоҳу анҳу: сени нима деб ҳажв қилди, деди. Забарқон: ушбу сўзи билан ҳажв қилди, деди: “Маккоримга (сахийлик, яхши ахлоққа) ҳам йўл бер, нафс истакларига қараб кетаверма, бўлмаса ўзингнинг қорнинг тўқ, устинг бут ўтиравер”
Умар розияллоҳу анҳу: мен бунда ҳажвияни эшитмаяпман, у бир таъна, қоралаш, холос, деди. Забарқон: эй амирул мўминин, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бирон кимса мени бундай ҳажв қилмаган, мени ҳажв қилган кимсани жазоланг, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: Ибн Фариани, яъни Ҳассон ибн Собитни чақириб келинглар, деди. У келгач Умар унга: эй Ҳассон, Забарқоннинг даъво қилишича Жарул уни ҳажв қилган эмиш, деди. Ҳассон розияллоҳу анҳу: нима деб ҳажв қилибди? – деб сўради. Умар розияллоҳу анҳу унга: ушбу сўзи билан деди: “Маккоримга (сахийлик, яхши ахлоққа) ҳам йўл бер, нафс истакларига қараб кетаверма, бўлмаса ўзингнинг қорнинг тўқ, устинг бут ўтиравер”.
Буни эшитиб Ҳассон розияллоҳу анҳу: эй амирул мўминин, уни ҳажв қилмабди, деди. Умар: унда нима қилган? – деди. Ҳассон: унинг устига ахлат ағдарган, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: Жарулни олиб келинглар, деб буюрди. У келгач Умар розияллоҳу анҳу унга: эй ўзига душман кимса, мусулмонларни ҳажв қиласанми, деди. Сўнгра уни қамаб қўйишни буюрди. Жарул қамоқдан Умар розияллоҳу анҳуга бундай деб мактуб ёзди: Эй амирул мўминин,
Ўз инида сув, донсиз момиқ жўжалар қолса
Уларни боқувчисин Умар зиндонга солса
Эй мўминлар амири, бу ҳақда нима дейсиз
Сиз халқпарвар имомсиз, халқнинг ғамини ейсиз
Мўминларнинг амирин Аллоҳ ҳидоят этсин
Кўкси юмшаб Умарнинг менга марҳамат этсин
Башар сизга ўзининг бошқарувин юклади
Ўз соҳибидан кейин имом бўлишин танлади
Мақсадлари имомин ғамин ейиш эмасди
Бошқа ҳеч ким сиз каби халқ ғамини емасди
Умар розияллоҳу анҳуга унинг ночор аҳволда эканлиги, қавми унга кам ёрдам бериши айтилди. Буни эшитгач Умар розияллоҳу анҳу Жарулни чақириб: ҳолингга вой бўлсин эй Жарул, мусулмонларни нега ҳажв қилдинг? – деди. Жарул: бунга сабаб мени қамраб олган бир неча хислатлардир. Улар қуйидагилар: тилимда ўрмалайдиган «чумоли» (яъни тилимнинг ўткирлиги), иккинчиси аҳли аёлимни боқишим, учинчиси Забарқон ўз қавми ичида бой бўлиб, у менинг ночор аҳволда эканимдан ва боқувимдаги аҳли аёлим кўплигидан хабардор. Шундай бўла туриб менга раҳми келмади ва мени сўрашга мажбур қилди. Ундан сўрасам менга бермади, эй амирул мўминин. Ҳолбуки сўраш ҳар бир эришиладиган нарсанинг тўловидир. Мен унинг Аллоҳ ва Росули молида ағанаб ётганини кўрардим, мен эса камбағаллик ва муҳтожликда ўтирардим, унинг туянинг очкўзлигидек очкўз эканини кўрардим, мен эса аҳли аёлим билан сарсон-саргардон бўлиб арпа нони ушоқларига зор бўлдим. Эй амирул мўминин, кимки кунлик тирикчилик луқмаси топишдан ҳам ожиз бўлса жим туролмайди. Буни эшитиб Умар розияллоҳу анҳунинг кўзи ёшга тўлди ва ундан: қарамоғингда қанча аҳли аёлинг бор? – деб сўради. Жарул уларни санаб берди. Шундан кейин Умар розияллоҳу анҳу уларга ҳар йили етарли таом, кийим-кечак ва нафақа бериб туришни буюрди ва Жарулга: агар муҳтож бўлиб қолсанг бизнинг ҳузуримизга яна кел, сенга яна шунча нарсани берамиз, деди. Шунда Жарул: эй амирул мўминин, Аллоҳ сизни аброрларни мукофотлагандек мукофотласин ва сизга ахёрлар ажрини берсин. Зеро сиз эзгу иш қилдингиз, додимга етдингиз, меҳрибонлик қилдингиз ва марҳамат кўрсатдингиз, деди. Жарул кетгач Умар розияллоҳу анҳу бундай деди: “эй одамлар, қариндошлар ва қўшниларингиз борасида Аллоҳдан тақво қилинглар, қачон уларнинг муҳтож эканликларини билсангиз уларга ҳамдард бўлиб уларга меҳрибонлик кўрсатинг, сўрашга мажбур қилманг. Зеро Аллоҳ Азза ва Жалла бандадан – агар у бой, ўзига тўқ бўлса – унинг ўз қариндошларига, яқинларига ва қўшниларига қандай ёрдам бергани ҳақида сўрайди, агар муҳтож бўлса сўрамасдан туриб унга беришни буюради”.
Аллоҳ саййидимиз Умар розияллоҳу анҳуни раҳмат қилсин, устимизга унга ўхшаб мусулмонларга ҳам, ғайримусулмонларга ҳам ғамхўрлик кўрсатадиган, улар ҳақида қайғуриб кўз ёши тўкадиган, энг аввало ўзини эмас, уларни ўйлайдиган бир рошид халифани келтиргин, Аллоҳумма, амин.
