Жаннат боғлари

Буюк саҳобий Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу

Буюк саҳобий Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу

«Эй Росулуллоҳ қонимиз қонингиз остида, қўлимиз қўлингизни остидадир. Биз ўзимизни, бола-чақамиз ва аёлларимизни нимадан ҳимоя қилсак сизни ҳам ўша нарсадан ҳимоя қиламиз».

Бу буюк саҳобий Абу Умома Асъад ибн Зурора ибн Удас ибн Убайд ибн Саълаба ибн Ғанам ибн Молик ал ансорий ал-Хазражийдир. У иймон келтириб жуда қисқа муддат уч йил ичида Исломни ёйиш ва Мадинада Ислом пойдеворига асос солишда буюк ишларни амалга оширди. Сўнг нусрат беришда, байъатда ва давлатни барпо қилишда ҳам буюк ишларни амалга оширди. Мадинани Авс ва Хазраж қабилалари ўзларидаги фикрларнинг хатолигини, яшаётган вазиятнинг ёмонлигини хис қилишар эди. Сабаби улар Мадинага даъват боришидан олдин ўзаро тўхтовсиз қон тўкар ва низолашар эдилар. Уларнинг орасида Пайғамбар ﷺ келишидан 3 йил олдин. «Буос» воқеаси бўлган эди. Бу воқеада аҳолининг кўпчилиги ва кўп улуғлари ҳам ўлган эди. Ораларида  уларни бу холдан қутқарадиган бошқа бир динга чақирувчи йўқ эди. Аҳли китоб бўлган яҳудийлар ҳам уларга бирор даъват ёки фикрни кўтармас эди. Қолаверса уларга янги пайғамбар келишини айтиб фахрланишар ва таҳдид қилишар эди. (Холбуки пайғамбар улардан бўлмади) Улар гоҳида Авс билан иттифоқлашса, гоҳида Хазраж билан иттифоқлашар, икки қавмнинг тарқоқлиги ва хусумати ортиб борар эди.

Мана шундай шароитда Пайғамбар ﷺ пайғамбар қилиб юборилганининг ўн биринчи йилида бани Нажжор саййиди Абу Умома Асъад ибн Зурора 6 нафар Хазражликлар билан Маккага йўл олди. Бу йилларда Пайғамбар ﷺ ҳажга келганларга Исломни таклиф қилар ва улардан нусрат ва ҳимояни талаб қилар эди.

Қавмида обрўли бўлган бирор кимсани эшитса у билан боғланар, уларнинг баъзиси рад жавобини берса баъзиси узр айтар эди. Бироқ Абу Умома ва асҳобларининг позицияси ўзгача бўлди. Улар Аллоҳ Таоло ирода қилган яхшиликка лойиқ эдилар. Улар иймон келтириб тасдиқладилар. Сўнг улар қавмининг ҳолати ва улар орасидаги нусрат беришга моне бўладиган бўлиниш ва адоватни айтишди. Лекин улар қавмини Исломга чақиришга ваъда беришди. Агар улар қабул қилишса Пайғамбар ﷺдан азизроқ бирор кимса бўлмаслигини ҳам айтишди.

Ибн Исҳоқ айтади: Аллоҳ Азза ва Жалла динини ғолиб қилиш, Пайғамбарини азиз қилиш ва ваъдасини рўёбга чиқаришини хоҳлаган вақтда Росулуллоҳ ﷺ ҳаж мавсумида бир неча нафар ансорларга йўлиқдилар. У киши Ақабада турганларида Аллоҳ уларга яхшиликни хоҳлаган Хазраж қабиласининг бир гуруҳига йўлиқди. Росулуллоҳ ﷺ улардан – кимсизлар – деб сўраганида, улар – Хазражданмиз – деб жавоб беришди. Яҳудларнинг иттифоқдошимисизлар – деб сўраганида, улар – ҳа – дейишди. Ўтириб суҳбатлашамизми дедидар, улар – ҳа – деб у киши билан ўтиришди. Росулуллоҳ уларни Аллоҳ Азза ва Жаллага чақирди, уларга Исломни таклиф қилди ва Қуръон ўқиб берди. Улар даъватни тасдиқлаб, Исломни қабул қилишди. Сўнг улар шундай дейишди: Бизнинг қавмимизнинг ўртасида ёмонлик ва адоват шундай даражадаки бу ҳол бошқа қавмларда учрамайди. Шояд Аллоҳ сиз туфайли уларни бирлаштирса. Биз уларни сизнинг ишингизга чақирамиз ва ўзимиз қабул қилган динни таклиф қиламиз. Агар Аллоҳ уларни шу дин устида бирлаштирса, сиздан азизроқ одам бўлмайди. Сўнг улар иймон келтирган, тасдиқлаган ҳолларида  шаҳарларига қайтишди. Ибн Исҳоқ айтади: Менга айтилишича, улар 6 нафар Хазражлик, жумладан бани Нажжордан Асъад ибн Зурора эди.

Мана бу озгина сўз билан, лекин буюк бир нур ва мустаҳкам ақида билан Абу Умома Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу ўзининг қавмига бани Нажжор бутларини парчалашни қасд қилиб қайтди. У ширкдан юз ўгириб, ҳидоят нурини, тавҳид (لا اله الا الله محمدر رسولالله) ақидасини Росулуллоҳдан тушунганидек соф ҳолда кўтариб чиқди. У ва унинг асҳоблари қўлида кимдир бунга иймон келтирди, яна кимдир кофир ҳолида қолди.

Лекин унинг янги динига муҳаббат ила маҳкам ушлаши ҳикояси ҳали ниҳоясига етмади ва унинг кўринишлари ҳали тамом бўлмади.

Унинг биринчи Ақаба байъатида Набий га байъат беришлари

Келгуси йилда Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу зўр иштиёқ ва интилиш билан қайтди. У қавмидаги янги вакиллар билан бирга улардан талаб қилинган нарсалар устидаги байъатни ва учрашувни янгилаш учун қайтди. Улар Росулуллоҳ ﷺдан уларга Қуръон ўқитадиган, динни тушунтириб ҳукмларни ўргатадиган, ўзларидан кўра янги динни яхшироқ биладиган кишини улар билан бирга, Мадинага юборишини сўрашди. Шояд Аллоҳ Таоло уларнинг ишини Набий ﷺ ва даъват устида бирлаштирса.

Ибни Исҳоқ айтади: келгуси йилги мавсумда ансорлардан ўн икки нафари Росулуллоҳ ﷺ билан Ақабада учрашишди. Бу биринчи Ақаба байъати эди. Улар Росулуллоҳ ﷺга аёллар байъати бўйича байъат  беришди. Бу уларга уруш фарз қилинишидан олдин бўлди.

Бухорий ушбу байъат тўғрисида Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан «Ансор элчилари» бобида зикр қилади. Унда  бу қавм Набий ﷺга қандай байъат бергани ҳақида зикр қилади. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: «Росулуллоҳ Ақаба кечасида (атрофида асҳобларидан бир неча киши бор эди): Келинглар, Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмаслик, ўғрилик ва зино қилмаслик, болаларингизни ўлдирмаслик ва ўз тарафингиздан бўҳтон тўқимаслигингиз ва маъруф ишда менга осийлик қилмасликка байъат беринглар. Қайси бирингиз бунга вафо қилса унинг ажри Аллоҳга ҳаволадир. Кимда-ким булардан бирортасини қилса ва дунёда жазосини олса, жазо унинг каффоротидир. Кимда-ким бу ишларни қилса-ю Аллоҳ уни беркитган бўлса унинг иши Аллоҳга ҳаволадир, Аллоҳ агар ҳоҳласа жазо беради ҳоҳласа кечиради», дедилар. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: Мен мана шунга байъат бердим.

Ибн Исҳоқ айтади: Росулуллоҳ ﷺ улар билан бирга Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни уларга қуръон ўқишни, Исломни ўргатиб динни тушунтириши учун юборди. Мадинада Мусъаб розияллоҳу анҳу Қуръон ўқитувчи, деб номланар эди. Унинг манзили Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳуникида эди.

Ибн Исҳоқ айтади: Осим ибн Умар ибн Қатода ривоят қилади: Мусъаб розияллоҳу анҳу уларга имом бўлиб намоз ўқиб берар эди. Сабаби Авс ва Ҳазраж бир-бирларига имомлик қилишини ёқтиришмас эди.

Шундай қилиб Абу Умома Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу Ақабада биринчи иймон келтирганлик, биринчи Ақаба байъатига гувоҳ бўлишлик ва Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга жой беришдек фазлга мушарраф бўлди.

Унинг Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Умайрларнинг Исломга киришларидаги роли:

Абу Умома розияллоҳу анҳу Мусъаб розияллоҳу анҳу билан бирга Мадинага даъват ишини олиб бориш учун қайтди. Абу Умома розияллоҳу анҳу Мусъаб розияллоҳу анҳуни одамларга йўллар ва олиб борар эди. У Мусъаб розияллоҳу анҳуни танитувчи ва ҳимоя қилувчи эди. У сабабли кўпчилик Исломга кирди, ҳатто Ислом ансорлар хонадонида ёйилди. Мусъаб розияллоҳу анҳу барча одамларни, Мадинадаги қувват эгаларини қасд қилар эди. Хазраж қабиласи даъватга ижоби қилди. Энди Авс қабиласининг ижобат қилиши қолган эди. Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу Мусъаб розияллоҳу анҳуни Авс қабиласидаги бани Абдул Ашҳал ва бани Зуфар хонадонларига олиб борди. У Саъад ибн Муозни ва Авс саййиди Усайд ибн Хузайрни қасд қилган эди. Аллоҳ уларни ҳар иккисини иймонга келишга муяссар қилди. Улар қавмлари билан бирга динга кирди. Бу иккисининг Исломга киришлиги ҳақида кўп намуналар ва буюк ибратлар бордир.

Ибн Исхоқ айтади: Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни Бани Абдул Ашҳал ва Бани Зуфар хонадонларига олиб борди. Саъд ибн Муоз Асъад ибн Зуроранинг холасининг ўғли эди. Уни бани Зуфар қалъаларидан бирига олиб кирди…

Иккови қалъа ичига кириб, ўтиришди. Уларнинг атрофига Исломга  кирган кишилар тўпланишди. Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳузайр шу кунда қавмлари Абдул Ашҳалнинг саййидлари эди. Ҳар иккиси ўз қавмлари динида бўлиб, мушрик эдилар. Иккови Мусъабни эшитишган вақтида Саъд ибн Муоз Усайд ибн Хузайрга айтди: Отанг йўқ бўлгур, заифларимизни аҳмоқ қилиш учун ховлимизга келган анави икковининг олдига бор. Икковларига қаттиқ тег ва хонадонимизга келишдан қайтар. Агар Асъад ибн Зурора холамнинг ўғли бўлмаганида сенинг ўрнинга ўзим борар эдим. Мен унга қарши боришга баҳона тополмаяпман. Усайд ибн Хузайр найзасини олиб икковини олдига келди. Асъад ибн Зурора уни кўрган пайтда Мусъаб ибн Умайрга: Бу қавмининг саййиди, у сени олдинга келди. Сен унинг ҳақида Аллоҳга содиқ бўлинг (ҳақни сўзланг), деди. Мусъаб, агар ўтирса у билан гаплшаман, деди. Усайд икковини ҳақорат қилган ҳолда айтди: Сизлар нимага келдинглар? Икковингиз заифларимизни аҳмоқ қилмоқдасиз. Агар жонларинг керак бўлса қайтиб кетинглар. Мусъаб унга: Ўтириб эшитиб кўрмайсанми? Агар ёқса қабул қиласан, агар ёқмаса қабул қилмайсан, деди. Усайд инсоф қилдинг деб найзасини ерга санчиб, ўтирди. Мусъаб унга Ислом ҳақида сўзлаб, Қуръон ўқиб берди. Асъад ибн Зурора ва Мусъаб айтишади: Биз унинг юзида гапиришидан олдин Исломни кўрдик. Сўнг Усайд айтди: Бу сўз нақадар яхши ва чиройли, агар бу динга киришни хоҳласангизлар нима қиласизлар? Улар айтди: Ювуниб покланасан ва кийимларингни поклайсан сўнг шаҳодат калимасини айтиб гувоҳлик берасан, сўнг намоз ўқийсан. У туриб ювинди, кийимларини поклади, шаҳодат калимасини айтиб гувоҳлик берди ва икки ракаат намоз ўқиди. Сўнг икковига айтди: менинг ортимда бир киши бор агар у сизларга эргашса қавмидан бирортаси унга қарши чиқолмайди, мен ҳозир уни сизларга юбораман. Усайд найзасини олиб Саъд ва қавми олдига кетди. Улар ўз мажлисларида ўтиришган эди. Саъд ибн Муоз унинг келаётганини кўриб айтди: Аллоҳга қасамки Усайд сизларнинг олдингиздан кетганидан бошқачароқ юз билан келяпти. Усайд уларнинг олдига келганда Саъд унга, нима қилдинг деди. Усайд айтди: мен иккаласи билан гаплашдим, уларда бирор зарарни кўрмадим. Уларни қайтардим, хўп, сен айтганингдек қиламиз, дейишди. Менга айтишларича бани Хориса Асъад ибн Зурорани ўлдириш учун – у холангнинг ўғли эканини билишса ҳам сени унинг адаштиришидан асраш учун – уни қидириб йўлга чиққан эмиш, деди . Саъд унинг гапларини эшитиб ғазабга келди ва шошилиб қўлидан найзани олиб, унга: Аллоҳга қасамки сен ҳеч нарсани эплолмадинг, деди. Сўнг Саъд икковининг олдига кетди, бориб уларни ҳотиржам ҳолда кўриб, Усайд уни ҳам улардан эшитишини хоҳлаганини билди. Уларни ҳақорат қилган ҳолда Асъад ибн Зурорага айтди: Эй Абу Умома агар сен билан менинг ўртамизда қариндошлик бўлмаганида мени бу ҳолатда кўрмаган бўлар эдинг. Сен хонадонимизга биз хоҳламайдиган нарсани олиб келяпсанми? – Асъад ибн Зурора Мусъаб ибн Умайрга айтди: Эй Мусъаб, Аллоҳга қасамки, сенга қавмининг саййиди келди, агар у сенга эргашса қавмида бирортаси унга қарши чиқолмайди. – Мусъаб унга: ўтириб эшитиб кўрмайсанми? Агар бу ишга рози бўлиб рағбат қилсанг қабул қиласан, агар хоҳламасанг биз сен хоҳламаган нарсани сендан четлатамиз, деди. Саъд инсоф қилдинг – деб найзасини ерга санчдида ўтирди. Мусъаб унга Исломни таклиф қилди ва Қуръон ўқиб берди. (Мусъаб ва Асъад айтади: Аллоҳга қасамки у гапиришидан олдин юзида Исломни кўрдик) сўнг Саъд икковига айтди: Сизлар бу динга киришдан олдин нима қилдинглар? Улар айтди: Ювуниб покланасан ва кийиминнгни поклайсан сўнг шаҳодат калимасини айтиб гувоҳлик бериб икки ракаат намоз ўқийсан. У туриб ювуниб покланди, кийимини поклади ва шаҳодат калимасини айтиб, гувоҳлик бериб, икки ракат намоз ўқиди. Сўнг найзасини олиб қавмининг олдига қайтди. Усайд ибн Хузайр улар билан бирга эди.

Ибн Исхоқ айтади: қавми унинг келаётганини кўриб айтишди: Саъд сизларнинг олдингиздан кетганидан кўра бошқачароқ юз билан қайтаяпти. У уларнинг олдига келиб: Эй бани Абдул Ашҳал менинг ишимни қандай, деб биласизлар? Улар айтди: Сен бизнинг саййидимиз, фикрлироқ ва онглироғимизсан. Саъд айтди: Токи сизлар Аллоҳга ва унинг Росулига иймон келтирмас экансизлар эркагу аёлларингизни гапириши менга ҳаромдир, деди.

Саъд ва Усайд айтади: Аллоҳга қасамки Абдул Ашҳал хонадонининг эркагу аёллари тонггача мусулмон бўлди. Асъад ва Мусъаб Асъаднинг манзилига қайтиб келиб одамларни Исломга даъват қила бошлади. Ансорлар хонадонларида мусулмон бўлмаган эркагу аёл қолмади. Бани Умайя ибн Зайд,  Хатама, Воил, Воқиф хонадонларининг барчаси Исломга кирди.

Шундай қилиб бани Абдул Ашҳал (хонадони) Исломга кирди, уларнинг кетидан Авс хонадонларининг кўпчилиги ҳам Исломни қабул қилди. Қавмларининг саййиди бўлган бу икки кишининг Мадинада даъватнинг ёйилишида катта таъсири бўлди. Қолаверса Авс ва Хазражнинг ҳимоячи ва нусрат берувчилари ҳам тайёр бўлди. Маккада эса қавмнинг катталари саркашлик қилиб ва Росулуллоҳни ёлғончига чиқариб кўп одамларни даъватдан тўсдилар. Мадина аҳли саййидларининг кўпчилиги қалблари эзгуликка мойил бўлдилар, ақллари ҳақни қабул қилди. Натижада ҳақни олиб чиқувчи давлат уларнинг ерида барпо бўлди. Бутун инсонларга ҳидоят бўлиши учун Ислом рисолати Мадинадан оламга ёйилди.

Мусулмонларни жамлаган биринчи одам

Бу буюк саҳобийнинг мусулмонлар билан биринчи бўлиб жума намозини ўқиб бериши ҳам унинг фазилатларидандир. Мусъаб розияллоҳу анҳу ҳам бирга бўлган, деб ҳам айтилади.

Ибн Исхоқ айтади: Муҳаммад ибн Абу Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайф отаси Абу Умомадан, у Абдураҳмон ибн Каъаб ибн Моликдан ривоят қилади: Мен отам Каъаб ибн Моликни кўзи кўрмай қолганидан кейин етаклаб юрар эдим. Мен отамни жума намозига етаклаб чиққанимда, отам жума азонини эшитса Абу Умома Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳуни дуо қилар эди. Бу ҳол давом этди. Мен ўзимга ўзим, отамнинг Абу Умомани дуо қилиши сабабини сўрамаганим ўзимнинг ожизлигимдан, дедим. Мен бир куни ҳар сафардагидек отамни жума намозига олиб чиқдим. Отам жума озонини эшитган пайтда уни дуо қилиб унга мағфират тилади. Мен отамга айтдим: Эй ота сиз нима учун жума озонини эшитсангиз Абу Умомани дуо қиласиз? Отам айтди: Эй ўғлим, у Мадинада бизни жума намозига жамлаган биринчи одамдир. Мен ўша кунда сизлар қанча эдинглар, деб сўраган эдим, у – 40 киши эдик – деб жавоб берди.

Иккинчи «Ақаба» байъатида қавмнинг нақиби (бошлиғи) сифатида Набий га байъат беришлари

Пайғамбар ﷺнинг элчи қилиб юбрилишининг 13-йилида  Мусъаб ибн Умайр Маккага келиб Мадинадаги иймон, Ислом дини ва пайғамбарига нусрат беришлик учун етарлик ҳимоя ҳақида хушхабар берди. Дарҳақиқат Росулуллоҳ ﷺ амакилари вафотидан кейин парвардигорига қавмининг ўзи ва динига жафо келтираётгани ҳақида шикоят қилган эди. Аллоҳ Таоло айтади:

وَقِيلِهِۦ يٰرَبِّ إِنَّ هٰٓؤُلَآءِ قَوْمٌ لَّا يُؤْمِنُونَ

(Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳис-саломнинг): «Парвардигорим, дарҳақиқат ана улар иймон келтирмайдиган қавмдир», деган (сўзларини ҳам билур). [43:88]

Шунингдек Парвардигоридан ёрдам берадиган султонни сўраб дуо қилар эди. Аллоҳ Таоло айтади:

وَاجْعَل لِّي مِن لَّدُنكَ سُلْطَانًا نَّصِيرًا

– „Мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин. [17:80]

Аллоҳ Таоло у кишини қабилалардан нусрат талаб қилишга буюрди. Шунинг учун у киши даъватга иймон келтириб нусрат берадиган ҳимоя ва қувват эгаларини излар эдилар. Имом Табарий ушбу оятнинг тафсирида Қатодадан нақл қилади. Аллоҳнинг Пайғамбари (Росулуллоҳ) бу ишга фақат султонлик билангина эришиш мумкинлигин билиб, Аллоҳ Азза ва Жалланинг китобига, Аллоҳнинг қонунлари, фарзларига ва Аллоҳнинг динини барпо қилишга нусрат берувчи султонни сўради. Абу Ҳотам айтади: Аллоҳ Азза ва Жалла Росулуллоҳни араб қабилаларини ёлғиз Аллоҳга даъват қилишга буюрди. Токи улар бирор нарсани Аллоҳга шерик қилмай, Росулуллоҳга нусрат бериб уни тасдиқласинлар.

Бу нусрат Мадинада рўёбга чиқди. Чунки қавм саййидлари нусрат ва ҳимояни рўёбга чиқаришга имкон берадиган нарсага жавоб қилган эдилар. Иккинчи Ақаба байъатида нусрат берувчи султонликка ва ҳар қандай холатда бўлса ҳам иш эгаларига итоат қилишга байъат берилган эди. Мен қуйида бу ривоятни нақл қиламан. Бу ривоят бу байъатнинг бандларида келган нарсани, шунингдек бу байъатда Асъад ибн Зурора муҳим рол ўйнаганини очиб беради. Бу ривоятда келган маъноларни бошқа кўплаб ривоятлар ҳам тасдиқлайди.

«Уқайл ибн Абу Толибнинг «Муснад»ида келишича, Аббос ибн Абдул Мутталиб уларга: Эй Авс ва Хазраж жамоаси, бу укамнинг ўғли ва менга энг севимли одам. Агар уни тасдиқлаб, унга иймон келтириб ва уни бирга олиб чиқиб кетмоқчи бўлсангизлар мен хотиржам бўлишим учун сизлар уни ёрдамсиз ташламаймиз ва унга ҳиёнат қилмаймиз, деб сизлар менга аҳд беришингизни хоҳлайман. Сизларга душман  бўлган яҳудлар билан яшайсизлар, улар жиянимга зарар етказиб қўйишидан қўрқаман, деди. Асъад ибн Зурора Набий ﷺга юзланиб айтди: эй Росулуллоҳ ҳар бир даъватнинг оғир ёки енгил йўли бўлади. Сиз бизни бугун одамларга нохуш ва оғир бўлган даъватга чақирдингиз. Сиз бизни динимизни ташлаб, сизнинг динингизга эргашишга чақирдингиз ва бу оғир ҳолдир, биз бунга рози бўлдик. Сиз бизни одамлар билан бизниинг ўртамиздаги қўшнилик қариндошлик яқин ва узоқликни узишга чақирдингиз, бу оғир ҳолдир, биз бунга ҳам рози бўлдик. Биз бирортаси тама қила олмайдиган азиз ва кучли жамоамиз. Сиз бизни устимиздан ўзимиздан бошқа қавми ва амакилари ёлғизлатган бир кишини бошчилик қилишига чақирдингиз, бу ҳам оғир ҳолдир. Биз буни ҳам қабул қилдик. Бу ҳолатларнинг барчаси Аллоҳнинг рушду ҳидоятини қасд қилган ва яхши оқибатни истаган кишилардан бошқа одамларга нохушдир. Биз тишимиз ва қалбимиз билан сиз келтирган нарсага иймон келтириб тасдиқлаб ва қалбимизга ўрнашган маърифат билан рози бўлдик. Биз сизга ва сизни ҳам, бизни ҳам Роббимиз бўлган Аллоҳни ўртага қўйиб байъат берамиз. Аллоҳнинг қўли бизнинг қўлимиз устидадир, қонингиз қонимиздан устун ва қўлингиз қўлимиздан устун (яъни сизга жонимиз фидо, биз қўл остингизда бўламиз). Биз ўзимизни, бола-чақа ва аёлларимизни нимадан ҳимоя қилсак сизни ҳам ўша нарсадан ҳимоя қиламиз. Агар биз бунга вафо қилсак, биз Аллоҳга вафо қилдик ва биз бу билан бахтли бўламиз, агар ҳиёнат қилсак, бас биз Аллоҳга ҳиёнат қилдик ва биз бу билан бахтсиз бўламиз, буни сидқидилдан айтмоқдамиз, Эй Росулуллоҳ ﷺ ёрдам сўраладиган Зот Аллоҳдир. Сўнг Аббос ибн Мутталибга юзланиб айтди: Сен Набий ﷺ олдида бизга эътироз билдирдинг, бу билан нимани ирода қилганингни Аллоҳ ўзи билади. Сен Набий ﷺни акамнинг ўғли, менга энг севимли одам деб айтдинг. Биз ҳам яқин ва узоқ қариндошлардан узилдик. Бу киши келтирган нарсаси одам сўзига ўхшамайди, у каззоб эмас Аллоҳ ўз ҳузуридан юборилган элчи, деб гувоҳлик бердик. Сен унинг иши борасида аҳд  олмагунингча хотиржам бўла олмаслигингни айтдинг. (Биз бу аҳдни фақат Росулуллоҳгагина берамиз). Сен хоҳлаганингни ол,  деди. Сўнг Набий ﷺга қараб айтди: Эй Росулуллоҳ ﷺ ўзингиз ва Роббингиз учун хоҳлаганингиздек шарт қўйинг. Набий ﷺ: Парвардигорим учун унга ибодат қилиб, унга бирор нарсани шерик қилмасликларингиз-ни, ўзим учун эса, ўз жонларингизни, бола-чақа ва аёлларингизни ҳимоя қилганингиздек мени ҳам ҳимоя қилишингизни шарт қиламан, дедилар. Улар айтди: Биз розимиз Эй Роусуллоҳ ﷺ.

Росулуллоҳ ﷺ ушбу шартлар билангина кифояланиб қолмай, улардан қавм устидан жавобгар бўладиган нақиб (бошлиқ) бўлишини талаб қилди. Абу Умома Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу биринчи нақиблардан бўлди. Нақиблар ичида ундан ёшроғи йўқ эди. Буни Нажжор уни Росулуллоҳ ﷺ билан биринчи қўл беришган одам дейишади.

Бу байъатнинг аҳамияти ҳеч кимга сир эмас. Бу байъат ҳижратга ва давлат барпо бўлишига сабаб бўлди. Қурайш даъват хабарини эшитган вақтда қўрқувга тушди. Сўнг Мадиналик ҳожиларни мусулмон ва мушрикларни тўплаб байъат иши тўғрисида қасам ичишларини талаб қилди. Уларнинг мушриклари (улар ўша кунда мусулмонлардан кўпроқ эди). Ўша кечада содир бўлган нарсани билмас эдилар. Шунинг учун ўзлари билан Росулуллоҳ ўртасида ҳеч нарса бўлмади, деб қасам ичишди. Қурайш байъат хабарини аниқлагандан сўнг уларнинг ортидан қувиб бориб икки кишини тўсиб қолди. Роббиул аввал ойининг ўн иккисида, мана шу байъатга биноан Набий ﷺ Мадинага ҳижрат қилиб, ишлар тизгинини ва раҳбарликни қўлларига олдилар. Ҳар бир қабила Росулуллоҳ уларнинг хонадонларига тушиши шарафига эришиш учун ҳаракат қилар эди. Набий ﷺнинг туялари бани Адий ибн Нажжор хонадони олдига етганида (улар у кишининг тоғалари эди). Салит ибн Қайс ва Абу Салит Асийра ибн Абу Хорижа бани Адий ибн Нажжордан бўлган кишилар қуршовида у кишига пешвоз чиқишди. Улар: Эй Росулуллоҳ ﷺ ҳамма имкониятлари бор тоғаларингизникига тушинг, дейишган эди, Пайғамбаримиз ﷺ: уни йўлини очиб қўйинглар, унга буюрилган, дедилар. Туяни ўз ҳолига қўйишди ва у йўлида давом этди.  .

Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу ва Масжид қурилиши

Зўҳрий айтади: Росулуллоҳ ﷺнинг туялари масжид ўрнига чўкди. Бу жой ансорлардан Саҳл ва Суҳайл исмлик икки етим боланинг қўрғони эди. Улар Асъад ибн Зуроранинг қарамоғида эди. Росулуллоҳ улар билан қўрғонини масжид қилиб олиш учун савдолашди. Улар, эй Росулуллоҳ уни сизга совға қиламиз, дейишди. Росулуллоҳ унамади. Улардан у ерни ўн динорга сотиб олдилар.

Росулуллоҳ ﷺ келишидан олдин Асъад ибн Зурора шу ерда намоз ўқир ва одамларни тўплар эди.                 Саҳиҳда келишича, Росулуллоҳ – эй Бану Нажжор қўрғонингларни баҳосини айтинглар – деганлар. Улар: Йўқ, Аллоҳга қасамки унинг пулини талаб қилмаймиз, ажрини Аллоҳдан сўраймиз, дейишди.

Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳунинг вафоти

Росулуллоҳ ﷺ келганидан олти ойдан кейин Асъад ибн Зурора хиқичоқ (ангина) туфайли вафот этди. Ибн Исҳоқ айтади: Ушбу ойда Асъад ибн Зурора вафот этди. Масжид қурилаётган кунлари у хиқичоқ (ангина) касалига учраган эди.

Яҳудлар – агар у пайғамбар бўлганида, дўсти ўлмаган бўлар эди – деб айтишди. Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: «Мен ўзим ва сафдош дўстим учун Аллоҳдан ҳеч нарсага молик эмасман».

Ибн Исҳоқ айтади: Менга Осим ибн Умар ибн Қатода ансорий айтди: Абу Умома Асъад ибн Зурора вафот этганида Бани Нажжор қабиласи Росулуллоҳ ҳузурига йиғилди. Абу Умома уларнинг нақиби бўлган эди. Улар: Эй Росулуллоҳ, унинг ўрни қандай эканини биласиз, унинг ўрнига у қилаётган ишни қила оладиган бирор кишини тайин қилинг, дейишди. Росулуллоҳ ﷺ уларга: «Сизлар менинг тоғаларимсиз, мен сизларнинг орангиздаман ва мен сизларнинг нақибингизман», дедилар. Қавмлари устидан Росул ﷺни нақиб, деб ҳисоблашлари бани Нажжор учун фазлдир. Росулуллоҳ ﷺ Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳунинг касал эканлигини билган вақтда уни зиёрат қилди. У хиқичоқ касалига учраган эди. Сўнг у вафот этди. Асъад қизларини Росулуллоҳга васият қилди. Унинг уч қизи бор эди. Улар Росулуллоҳнинг кафолати ва тарбиясида бўлди.

Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу вафот этганида, уни ювиш ва кафанлашда Росулуллоҳ ﷺ ўзлари ҳозир бўлди ва дуо қилдилар. Росулуллоҳ ﷺнинг тобут олдида юриб бораётганлари кўрилинди. Уни Бақиъга дафн қилди.

Бағавий айтади: у ҳижратдан кейин ўлган биринчи саҳобийдир ва Росулуллоҳ ﷺ намоз ўқиган биринчи маййитдир. Воқидий Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазмдан ривоят қилади: Бақиъга дафн қилинганларнинг биринчиси Асъад ибн Зурорадир. Бу ансорлар сўзи.

Умматимиз Халифаликка интилиб уни барпо қилиш сабаблари ҳақида изланмоқда. Бу уммат уч йилга ҳам етмаган қисқа муддат ичида буюк ишларни амалга оширган бу буюк саҳобий каби улуғ инсонлар сийратига эргашишга нақадар мухтож бўлиб турибди. Биз бу сийратдан андоза олиб унинг асосида ҳидоят йўлини тутишимиз лозим. Шунда шояд Аллоҳ Таоло ўша буюк инсонлардек Ислом азизлигининг қайта тикланиши, Қуръон билан ҳукм юритиш ва халқларнинг энг яхшиси бўлмиш Пайғамбар ﷺ суннатини улуғ мақомига қайтаришнинг бизнинг қўлимизда амалга ошиши шарафига муяссар айласа. Шунингдек биз Олий, Қодир Зот Аллоҳдан бизга ўша улуғ инсонлар иймонидек иймон, уларнинг ихлосидек ихлос ва уларнинг фидокорлигидек Исломга фидокорлик беришини сўраб қоламиз.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button