Қирғизистонда бир киши ойига 9300 сом билан яшай оладими?

Қирғизистонда бир киши ойига 9300 сом билан яшай оладими?
Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида минимал истеъмол харажатлари бир киши учун ойига 9,3 минг сомни ташкил этган. Ушбу маблағнинг қарийб 6 минг соми озиқ-овқатга, 1,5 минг соми эса озиқ-овқатдан ташқари нарсалар ва хизматларга сарфланади. Мазкур ҳисоб-китоб солиқ тўловларини ҳам ўз ичига олади. Меҳнатга лаёқатли кишилар учун бу кўрсаткич яна минг сомга юқори бўлса, пенсионерлар ва болалар учун, аксинча, 1300 сомга камроқ этиб белгиланган.
2026 йилнинг январь–февраль ойларида Қирғизистондаги ўртача ойлик иш ҳақи 45 700 сомни ташкил этди. Йил давомида маошлар 16 фоизга ошиши айтилмоқда.
Изоҳ:
Миллий статистика қўмитаси тақдим этган рақамлар билан халқнинг асл турмуш тарзи ўртасида улкан жарлик борлиги кундай равшан. Ҳатто ҳукумат бонг ураётган маошлар ошиши ҳам аҳолига ҳақиқий қувонч бағишлай олмаяпти. Чунки мамлакатдаги шиддатли инфляция ва қимматчилик оширилган маошларни бир зумда ютиб юбормоқда. Ўтган йили мамлакатда расмий инфляция 10 фоиздан ошгани айтилган бўлса-да, аслида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 40–50 фоизгача қимматлагани кузатилди. Масалан, гуруч нархи деярли 40 фоизга кўтарилди. Бунинг устига, ижара ҳақлари ҳам кун сайин ўсиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида ойликка кун кўрувчи фуқароларнинг харид қобилиятини кескин чеклаб қўймоқда. Бу ҳам етмаганидек, амалдаги ҳукумат электр энергияси тўловларини ҳар йили ошириб бориш ҳақида қарор қабул қилган. Бунинг ҳам мамлакатдаги нархлар ўсишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши табиий. Шунингдек, солиқларнинг янги-янги турларини ўйлаб топиш ҳам оддий халқнинг елкасига оғир юк бўлиб тушмоқда.
Бунинг қаршисида, Ислом нигоҳида фуқароларнинг эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш давлатнинг асосий масъулияти ҳисобланади. Яъни, муҳтож инсонларнинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва уй-жойи давлат томонидан тўлиқ кафолатланади. Давлатнинг вазифаси халқни сохта статистика ва қуруқ рақамлар билан алдаш эмас, аксинча, жамиятга мутлақо бепул тиббий хизмат кўрсатиш, таълим бериш ва хавфсизликни сақлаш ҳам давлатнинг зиммасидаги бурчи ҳисобланади. Шунингдек, Ислом иқтисодиёти олтин пул тизимини жорий этиш орқали судхўрлик асосида халқнинг бўйнига юк бўлиб илинган қарзлар ва молиявий юкларни бартараф этади. Бундай тузумда нарх-наво деярли ўзгармас бўлганлиги боис, маҳсулотларни монополия қилишга ҳожат қолмайди. Зеро, халқ ўз эҳтиёжларини қийинчиликсиз ва етарли даражада қондира олгани сабабли, келажакдан хавотирланиб заҳира тўплашга эҳтиёж сезмайди.
Нурдин Асаналиев




