2025 йилда Қирғизистоннинг ташқи молиявий қарамлиги қарийб 1 миллиард долларга етди

2025 йилда Қирғизистоннинг ташқи молиявий қарамлиги қарийб 1 миллиард долларга етди
2025 йилда Қирғизистоннинг ташқи қарзга ва молиявий ёрдамга таяниши рекорд даражага етди. Давлат халқаро донорлардан жами 981,3 миллион доллар маблағ олди. Евроосиё барқарорлик ва тараққиёт жамғармасининг ҳисоботига кўра, бу йил сўнгги 12 йил ичида қайд этилган энг кўп маблағ олинган йиллардан бири бўлди. Айни пайтда республикада халқаро ташкилотлар иштирокида 55 та лойиҳа молиялаштирилди. Маблағларнинг асосий қисми, яъни 811,5 миллион доллари (82,7%) паст фоизли ва узоқ муддатли имтиёзли кредитлар шаклида олинган, қолган 169,8 миллион доллари (17,3%) эса беғараз грантлар сифатида олинган.
Асосий донорлар қуйидагилардир: Жаҳон банки (385,4 млн доллар берган), Осиё тараққиёт банки (255,6 млн доллар берган) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (112,7 млн доллар берган).
Ушбу маблағларнинг 273,2 млн доллари мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш ва бюджетни қўллаб-қувватлашга, 201,4 млн доллари қишлоқ жойларини ичимлик суви билан таъминлашга, сув қувурлари ва канализация тизимларини қуришга, 92,4 млн доллари энергетика соҳасига, 77 млн доллари деҳқонларни қўллаб-қувватлаш ва аграр соҳани ривожлантиришга ажратилган.
Изоҳ:
Ушбу маблағларнинг асосий қисми халқнинг турмуш тарзини яхшилаш ва инфратузилмани ривожлантириш ниқоби остида олинган. Бу кўрсаткичлар «2025 йилда давлат бюджети профицит (даромаднинг харажатдан ортиқлиги) билан чиқди» деган баландпарвоз иддаоларни чиппага чиқаради. Рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, давлат ҳамон ташқи молиялаштиришга (деярли 1 млрд доллар) қарам бўлиб қолмоқда. Бундай молиявий қарамлик жиддий хавф-хатарларни келтириб чиқаради. Асосий муаммо қарзларнинг фоизидир. Уларнинг фоиз ставкаси паст бўлгани билан, бу қарз миқдорининг мунтазам ўсиб боришига, натижада мамлакат «қарз ботқоғи»га ботиб қолишига олиб келади. Шунингдек, қарз бераётган томонлар давлатдаги лойиҳалар қандай шаклда амалга оширилиши борасида ўз шартларини тиқиштириш орқали ички сиёсатга таъсир ўтказади. Масалан, электр энергияси нархини ошириш ёки коммунал тўловларни кўтариш каби халқ елкасига оғир юк бўлаётган ташаббуслар айнан мана шу халқаро ташкилотларнинг талаблари ҳисобланади.
Бундан ташқари, бу йирик ҳажмдаги маблағларнинг деярли барчаси иқтисодий ривожланишга, аниқроғи иқтисодиётнинг таянчи бўлган завод ва фабрикалар қуришга эмас, балки бюджетдаги «камомад»ни ямашга сарфланмоқда. Бу иқтисодий юксалишга эмас, аксинча молиявий қарамликка олиб келади.
Энг хавотирли жиҳати шундаки, давлат ислоҳотларини ва бошқарув тизимининг тақдирини айнан шу ташкилотлар белгилайди. Уларнинг тўғридан-тўғри кўрсатмалари ва ташаббуслари билан давлат тузилиши шаклланади. Ўз навбатида, капиталистик дунёнинг қуроли бўлган бу ташкилотлар мамлакатнинг чин маънода ривожланишидан манфаатдор эмас. Аксинча, уларнинг асл мақсади — ўлкани қарзга ботириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни рақобатга бардош бера олмайдиган даражага етказиш билан ўз товарлари учун бозор очиш ва табиий бойликларимизни ҳеч қандай тўсиқсиз олиб чиқиб кетиш учун замин яратишдир.
Шу боис, «тараққиёт» ниқоби остида тақдим этилаётган ҳамда давлат бошқарувининг ич-ичигача илдиз отиб кетган бу каби заҳарли ташаббусларини рад этиш зарур. Зеро, бу йўл юртни кишанлаб, қарамликни кучайтиради.
Ҳарун Абдулҳақ




