Мақолалар

Ҳурмуз бўғози – қўлдан бой берилган стратегик қуролдир

Ҳурмуз бўғози – қўлдан бой берилган стратегик қуролдир

Мунажжий Муҳаммад

Америка ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар одатда урушлар туфайли очилиб қоладиган ҳақиқатлардан бирини фош қилди. Зеро, уруш — бу яширин геостратегик сирларни фош қиладиган ва асл манзарани борича намоён қиладиган ўзига хос бир «лаборатория»дир. Бугунги кунда Америка ва Эрон ўртасидаги уруш воқеалиги очиб берган энг улкан ҳақиқат эса — Ҳурмуз бўғозининг аҳамиятидир. Бу бўғоз шунчаки денгиз йўли эмас, балки рақибни нафассиз қолдирувчи, ҳал қилувчи «бўғувчи нуқта» ҳисобланади. Америка ва Эрон ўртасидаги уруш бўғознинг ҳозирги вақтда Эрон қўлидаги энг кучли стратегик қуролга айланганини кўрсатди.

Ҳурмуз бўғози дунё энергетика савдоси учун энг муҳим стратегик денгиз йўлларидан бири ҳисобланади. У шимолдаги Форс кўрфазини жанубдаги Уммон кўрфази ва Араб денгизи билан боғловчи ягона дарвозадир. Унинг географик тузилиши беқиёс стратегик қийматга эга. Чунки кемалар ва улкан танкерлар ҳаракатланадиган асосий йўлак шу қадар торки, ҳар бир йўналиш учун атиги уч километрлик масофа мавжуд. Танкерлар фақат иккита тор йўлдан фойдаланади: бири кириш, иккинчиси чиқиш йўлидир. Ҳар бир йўлакнинг кенглиги атиги уч километр бўлгани учун, у жуда тор ҳудуд ҳисобланади. Мана шу торлик уни жуда нозик “бўғувчи нуқта”га ва маҳкам ёпилувчи қулфга айлантиради. Бундай имконият эса мабдаий қарашга ва мустақил сиёсий қарорга эга бўлган ҳар қандай томонга бўғозни тўлиқ назорат остига олиш имконини беради.

Бўғознинг стратегик вазнини ошириб турган яна бир жиҳат — унинг алтернативи йўқлигидир. Саудия Арабистони ва БААда алтернатив қувурлар борлиги ҳақидаги даъволарга қарамай, халқаро энергетика марказлари ва АҚШ Энергетика маълумотлари бошқармаси бир овоздан: «Бу ҳудуддан чиқадиган юкларнинг катта қисми учун Ҳурмуздан бошқа йўл йўқ», деб таъкидлайди. Демак, Ҳурмуз бўғози — Осиё ва жаҳон бозорларига йўналтирилган йирик нефть ва газ танкерларининг асосий ҳаёт томири ҳисобланади. Бу ердан Саудия, Қувайт, Ироқ, Қатар, Баҳрайн, БАА ва Эроннинг бебаҳо бойликлари олиб ўтилади. Аниқроқ айтганда, бу бўғоз Ислом ўлкаларининг хазинаси ва мусулмонларнинг талон-торож қилинаётган бойликлари олиб ўтиладиган асосий йўл ҳисобланади.

Ҳурмуз бўғози дунёдаги энергия савдоси учун энг муҳим денгиз йўли ва “бўғувчи нуқта”сидир. Чунки дунё бўйлаб денгиз орқали ташиладиган хом нефтнинг учдан бир қисмидан кўпроғи айнан шу Ҳурмуз бўғозидан ўтади. Бу жаҳон нефть таъминотининг қарийб 38%ини ташкил этади. Ҳар куни ушбу бўғоз орқали 20–21 миллион баррель нефть ва нефть-кимё маҳсулотлари ўтиб туради.

Шунингдек, у суюлтирилган газнинг асосий ўтиш жойи ҳисобланади. Дунёдаги суюлтирилган табиий газ савдосининг 20%идан 33%игача бўлган қисми ушбу бўғоздан ўтади. Масалан, Қатар ўз газини жаҳонга экспорт қилишда тўлиқ ушбу бўғозга қарам. Бу йўл Хитой, Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Корея каби иқтисодий гигантлар учун ҳаётий зарур энергия томири ҳисобланади.

Бундан ташқари, мазкур бўғоз ўғитлар ва кимёвий моддалар савдоси учун ҳам ўта муҳим. 2026 йилги маълумотларга кўра, жаҳондаги азотли ўғитлар (хусусан, карбамид) экспортининг 25%идан 30%игача бўлган қисми ушбу бўғоздан ўтади. Шунингдек, кимёвий моддалар, жумладан, саноатнинг «юраги» бўлган олтингугурт савдосининг тахминан 45%и мана шу ердан ўтади. Олтингугурт фосфатли ўғитлар ишлаб чиқаришнинг асосий компоненти ҳисобланади.

Қолаверса, ушбу бўғоз орқали ташиладиган хом ашёлар ва алюминий, мис, литий ва кобальт каби металлар замонавий технологиялар ва саноат занжирининг узлуксизлигини таъминлайди. Масалан, яримўтказгичлар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган олтингугурт кислотаси юқори технологияларнинг асосий ўзаги ҳисобланади. Булардан бошқа товарлар олиб ўлиши учун ҳам Ҳурмуз бўғози муҳим аҳамият касб этади.

«Рейтерс» агентлиги ушбу бўғозни жаҳон энергетика хавфсизлигининг ҳақиқий «салмоқ» маркази дея таърифлайди. Бу ерда юз берадиган ҳар қандай кичик носозлик ёки тартибсизлик дунё бозорларига ва глобал савдога қаттиқ зарба беради. “Жаҳоннинг нефтга бўлган эҳтиёжининг тахминан бешдан бир қисми айнан шу бўғоз орқали ўтади. Саудия Арабистони, БАА, Ироқ, Эрон ва Қувайтнинг «қора олтин»и айнан шу ердан жаҳонга таралади. Бундан ташқари, дизел, керосин, бензин ва бошқа хом ашёлар билан лиммо-лим танкерлар ҳам шу ердан ўтади». («Рейтерс»).

Бу ҳолат Ҳурмуз бўғозини капиталистик иқтисодиётнинг «ўпкаси»га ҳамда капиталистик саноат ва технологиянинг ҳаёт томирига айлантиради. Зеро, энергия ва хом ашё етказиб бериш занжири орқали гигант завод-фабрикалар ҳаракатга келади. Шунингдек капиталистик бозор учун ўта муҳим бўлган қишлоқ хўжалиги ўғитлари ва кимёвий воситалар ҳам шу бўғоз орқали ўтади. Бундан ташқари, у капиталистик савдо учун ҳам ўта муҳим томир ҳисобланади. Шундай экан, Ҳурмуз бўғози шунчаки денгиз йўли эмас, балки стратегик бир қурол ҳисобланади. У деярли ядровий кескинликни жиловлаб турувчи қуролга тенг ёки ундан ҳам кучлироқдир; чунки у капиталистик тизимнинг энг нозик нуқтасига — унинг иқтисодий юрагига зарба бера олади. Унинг таъсири капиталистик тизимнинг ўзгаги бўлган иқтисодиётига, шунингдек, Ғарбдан то Хитойгача бўлган давлатларга, жамият ҳаётигача етиб боради.

Ҳар куни Ҳурмуз бўғози орқали тахминан 20 миллион баррель нефть ташиб ўтилади. Бўғознинг қисман бўлса-да ёпилиши юк ташиш ва суғурта харажатларининг ошишига ҳамда нефть нархининг кескин қимматлашувига сабаб бўлди. Мазкур вазият глобал иқтисодий инқироз хавотирларини янада кучайтирди. Бу эса АҚШга оид «ExxonMobil», «Chevron» ва «ConocoPhillips» каби йирик нефть компанияларининг раҳбарларини “Ҳурмуз бўғози ёпиқ қолишда давом этган сари энергетик бўҳрон янада чуқурлаб боравериши” ҳақида Трамп маъмуриятини қатъий огоҳлантиришга мажбур қилди. («The Wall Street Journal»).

Шунингдек, нашрнинг маълум қилишича, ушбу компания раҳбарлари Оқ уйда бўлиб ўтган йиғилишда иштирок этиб, Энергетика ва Ички ишлар вазирлари билан бўғоз ёпилишининг оқибатларини муҳокама қилган. Энергетика ва Ички ишлар вазирлари бўғоз ёпилишининг оқибатларини ўрганиш учун бундан ташқари, бир неча бор сўзлашувлар ҳам олиб боргани айтилмоқда.

Кўриниб турибдики, Ҳурмуз бўғози Трамп бошчилигидаги Америка учун энг катта тугун ва чиқиб бўлмас боши берк кўчага айланди. Бўғознинг беркилиши Трампнинг кибр ва ҳаддан зиёд ўзига бўлган ишончини парчалаб ташлади. Форс кўрфазидаги ҳарбий базаларга берилган зарбалар эмас, айнан мана шу бўғознинг ёпилиши Трампни оғир масалани ечиш учун Хитой, Европа ва НАТО давлатларига юзланишга, уларга босим ўтказишга мажбур қилди.

2026 йилнинг март ойи ўрталарида Трамп НАТО ва Европадаги иттифоқчиларидан Ҳурмуз бўғозини очиш ва кемалар қатновини қайта тиклаш учун ҳарбий альянсда иштирок этишни талаб қилди. У ўз нутқида Хитой, Франция, Япония, Жанубий Корея ва Британия номларини алоҳида тилга олиб ўтди. «Яқин Шарқ нефтига қарам бўлган етти давлатдан Ҳурмуз бўғози хавфсизлигини таъминлаш учун альянсга қўшилишни талаб қилдим, чунки жаҳон нефть савдосининг бешдан бири шу ердан ўтади», — дея баёнот берди Трамп.

Бироқ, дунё мамлакатлари бу чорловга ўта эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлди. Бу эса аслида юмшоқ шаклдаги рад жавоби эди. Ҳатто «Washington Post» нашри таҳририяти АҚШ маъмуриятини Эрон билан бўлаётган тўқнашувда ўз стратегиясини қайта кўриб чиқишга чақириб, ушбу боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли сифатида «ғалабани эълон қилиб, ортга қайтиш» вариантини таклиф қилди.

Ҳаттоки, қуруқлик орқали ҳужум қилиш варианти кўплаб америкалик сиёсатчилар ва ҳарбий раҳбарлар томонидан Вьетнам ва Афғонистон каби қўрқинчли тушга қиёсланмоқда. Уларнинг назарида, бу қадам давлатни ҳалокатга учратувчи «заҳарли ботқоқлик»дир.

Демак, Ғарбни маҳв этишнинг асоси унинг армиясини ёки қурол-яроғини тор-мор этишда эмас, аксинча, капиталистик иқтисодиётни издан чиқаришдадир. Зеро, капиталистик иқтисодиёт — бу капиталистик мабданинг юраги, шунингдек, Ғарбнинг сиёсий тизими ва стратегик қарашларини ҳаракатга келтирувчи асосий кучдир. Ғарбнинг юраги ҳам, ўпкаси ҳам — унинг капиталистик иқтисодиётидир.

Капитализмнинг мағзи — қитъалараро савдо-сотиқдир. У капиталистик фойда ва бойликнинг асосий манбаи ҳисобланади. Энергия эса ишлаб чиқаришни ҳаракатга келтирувчи асосий «ёқилғи»дир. Уни барбод қилиш — ишлаб чиқаришни тўхтатиш ва маҳсулот етказиб бериш занжирларини узиш, айниқса, энергия таъминотига чек қўйиш орқали амалга оширилади. Чунки энергия капиталистик иқтисодий фаолиятнинг ўзагидир.

Бу эса ўз навбатида ишлаб чиқариш харажатларининг кескин ортишига олиб келади ва табиий равишда узоқ муддатли инфляция тўлқинини юзага келтириб, яшаш ва истеъмол харажатларини қимматлаштиради, харид қобилиятини пасайтиради. Бунинг оқибатида капиталистик тизимга нисбатан норозилик, таранглик ва кескинлик кучаяди.

Шундай экан, денгиз бўғозлари — Ғарбни жиловлаш ва унинг мустамлакачилик ваҳшийлигига қарши туриш учун стратегик тийиб турувчи қурол ҳисобланади. Агар ушбу қурол мабдаий қарашга ва мустақил сиёсий иродага эга давлат қўлида бўлса, у шунчаки савдолашиш ёки музокара воситаси бўлибгина қолмай, тўғридан-тўғри ҳужумнинг олдини олувчи ҳақиқий стратегик тўсиққа айланади.

Денгиз бўғозларининг стратегик аҳамияти айнан шунда. Чунки улар ўта муҳим ўтиш йўллари, «ҳаётий қулфлар» ва юқори даражада вайронакор кучга эга стратегик қуроллардир. Денгиз бўғозлари қитъалараро капиталистик савдонинг (нефть, газ, металлар, қурол-яроғ, хомашё ва бошқа товарларнинг) қон томирларидир. Тўғрироғи, улар капиталистик иқтисодиётнинг ҳамда унинг давлатлари ва жамиятларининг ҳаёт томирлари ҳисобланади.

Демак, уларни назорат қилиш ва бошқариш — Ғарбнинг капиталистик иқтисодиётини тўғридан-тўғри жиловлаш демакдир. Агар мабдаий қарашга ва мустақил сиёсий қарорга эга давлат мавжуд бўлса, у ҳолда бу бўғоз Ғарбга жиддий босим ва таъсир ўтказиш қуролига айланади. Зеро, бўғоз ўша давлат суверенитети ва стратегик ҳаётий ҳудудининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Афсуски, Ҳурмуз бўғози Исломий ҳудудининг бир бўлаги бўлса-да, унинг стратегик аҳамияти Ислом ва Уммат манфаатларига хизмат қилувчи стратегик қурол сифатида ишлатилмаяпти. Ундан фақат тор миллий манфаатлар йўлида, уруш пайтидаги босим, манёвр ва савдолашиш воситаси сифатидагина фойдаланиб келинмоқда.

Бу парадокс янада оғриқлироқдир, чунки дунёдаги энг муҳим бўғозлар ва «қулфлар» Ислом ўлкаларига тегишли. Улар бизнинг географик ва геостратегик ҳудудимизнинг бир қисмидир. Қуйида (агар мабдаий сиёсий куч майдонга чиқса) бизнинг айрим муҳим бўғозларимиз ва стратегик қуролларимиз, шунингдек, геостратегик вазнимиз ортишига мисоллар келтирилади:

Малакка бўғози

Малайзия ва Индонезиядаги Суматра ороли ўртасида жойлашган Малакка бўғози Ҳинд ва Тинч океанларини боғлайдиган энг қисқа сув йўли ҳисобланади. Бу уни жаҳон савдосининг асосий марказига айлантиради. Ушбу бўғоз орқали ҳар йили тахминан 82 минг кема ўтади ва дунё савдосининг 40 фоиздан ортиғи айнан шу ердан ўтади.

Шу жумладан, Хитой хом нефть импортининг 80 фоизи, шунингдек, Япония, Жанубий Корея ва Тайвань учун энергия етказиб беришнинг катта қисми ушбу бўғоз орқали амалга оширилади. Шу сабабли, у Осиё давлатларининг, айниқса Хитой, Япония ва Жанубий Корея каби йирик иқтисодиётларнинг энергетик ҳаётий томири ҳисобланади.

Бу бўғоз Хитой учун улкан геостратегик масала ҳисобланади. Чунки у Хитой иқтисодиётининг денгиз орқали ташиш тугунидир. Демак, уни назорат қилиш ва бошқариш Осиёдаги йирик давлатларга, хусусан Хитойга тўғридан-тўғри таъсир ўтказиш имконини беради.

Босфор ва Дарданелл бўғозлари

Босфор ва Дарданелл бўғозлари Қора денгизнинг “ўпкаси” ва Евроосиёнинг стратегик калити ҳисобланади. Истанбул шаҳрининг қоқ марказидан ўтган бу денгиз йўллари Қора денгизни Мармар денгизи билан, ундан кейин Дарданелл бўғози орқали Эгей ва Ўрта ер денгизлари билан туташтиради.

Бу бўғозларнинг стратегик аҳамияти Осиё билан Европани бир-бирига боғлайдиган ягона денгиз йўли эканлигида ҳамда ёпиқ денгизларни очиқ уммонларга туташтиришида намоён бўлади. Шунингдек, бу сув йўллари Қора денгиз ҳавзасидаги мамлакатлар учун ягона чиқиш дарвозаси ҳисобланади. Россия, Украина, Грузия, Руминия ва Болғария каби давлатлар учун ушбу бўғозлар том маънода “нафас олиш ўпкаси” вазифасини ўтаб, уларга Ўрта ер денгизи ҳамда жаҳон океанларига чиқиш имконини беради.

Ҳар йили ушбу бўғозлар орқали 40 мингдан зиёд кема сузиб ўтади. Дунё бўйича нефть етказиб бериш ҳажмининг қарийб 3 фоизи, хусусан, Россия ва Қозоғистон нефти айнан шу ердан ўтади. Бундан ташқари, бу ер бутун дунёни боқиб турган Украина ва Россия ғалласи экспорти учун асосий магистрал ҳисобланади.

Қисқаси, ушбу бўғозлар суверен сиёсий иродага эга бўлган кучлар қўлида Россияга, Қора денгиз минтақасидаги давлатларга ва Евроосиёнинг муҳим қисмига таъсир ўтказа оладиган ниҳоятда қудратли стратегик қурол ҳисобланади.

Боб ул-Мандаб бўғози

Боб ул-Мандаб бўғози Арабистон ярим ороли ва Африка шохи ўртасида, Жибути ва Эритрея давлатлари яқинида жойлашган. У Қизил денгизни Адан қўлтиғи орқали Ҳинд океани билан боғловчи тор денгиз йўлаги ҳисобланади. Шунингдек, у Мисрдаги Сувайш каналининг жанубий дарвозаси ва асосий калити ҳисобланади. Бу бўғоз Сувайш каналига тўғридан-тўғри чиқишнинг ягона денгиз йўли ҳамда Европа билан Осиёни боғловчи асосий ўтиш жойидир.

У жаҳон капиталистик савдосининг муҳим қон томири саналади: ҳар йили дунё савдо айланмасининг 10 фоизидан 12 фоизигача бўлган қисми айнан шу ердан ўтади. Демак, уни назорат қилиш ва бошқариш глобал савдо тизимига ва у билан боғлиқ сиёсий жараёнларга бевосита таъсир ўтказишни англатади.

Боб ул-Мандаб бўғозида содир бўладиган ҳар қандай танглик жаҳон бозорларида тўғридан-тўғри таъсир қилади. Чунки бу ердаги тартибсизликлар асосий тармоқлардаги етказиб бериш занжирининг узилишига ва логистика харажатларининг кескин ортишига сабаб бўлади. Бу ҳолат Ғазадаги уруш даврида яққол намоён бўлди. Ўшанда Қизил денгиз ва Боб ул-Мандаб ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланиб, Сувайш каналининг жанубий дарвозаси амалда ёпилиб қолган эди. Бу эса йирик денгиз юк ташиш компанияларини ўз йўналишларини ўзгартиришга ва Жанубий Африкадаги «Яхши умид» бурни (Кейп оф Гуд Хоуп) орқали айланиб ўтишга мажбур қилди. Масофа анча узайгани сабабли юк ташиш ва суғурта харажатлари кескин кўтарилди. Натижада ишлаб чиқариш таннархи ва маҳсулотлар нархи ошиб, инфляция кучайишига олиб келди.

Гибралтар бўғози

Гибралтар бўғози — Европанинг деразаси, Исломий ўлкалар ғарби ва Африканинг бош дарвозасидир. У Ўрта ер денгизини Атлантика океани билан боғловчи табиий денгиз канали каби бўлиб, (бир пайтлар мусулмонлар қўлида бўлган ва ҳозирда босиб олинган) Андалусиянинг энг жанубий чегарасини Марокашнинг шимоли-ғарбий қисми билан туташтиради. У жуда муҳим аҳамиятга эга.

Гибралтар порти маъмурияти берган маълумотларга кўра, бўғоз орқали ҳар йили тахминан 60 минг кема ўтади. Улар нефть, табиий газ, озиқ-овқат ва турли саноат товарлари каби ҳаётий муҳим юкларни ташийди. Бундан ташқари, Гибралтар Ўрта ер денгизидаги энг йирик ва гавжум ёқилғи қуйиш (бункеровка) марказларидан бири саналади.

Унинг стратегик ва геостратегик аҳамияти шу қадар юқорики, Британия ўзининг энг муҳим ҳарбий-денгиз базаларидан бири — “Гибралтар Британия ҳарбий-денгиз базаси”ни айнан шу ерда барпо этган. Ушбу база минтақадаги денгиз қатновини назорат қилиш, қуруқлик ва ҳаводаги ҳаракатларни кузатиш учун беқиёс макон ҳисобланади. Бу ерда Британия армияси ва ҳаво кучлари жойлашган бўлиб, улар таъмирлаш, таъминот ва логистика хизматлари кўрсатиш ниқоби остида фаолият юритади.

Буларнинг барчаси Гибралтар бўғози қанчалик юксак стратегик ва геостратегик аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди. Масала — ушбу ҳудудларни яна ўзининг исломий географиясига қайтариб, тўлиқ назорат ўрната оладиган мабдаий сиёсий кучга боғлиқдир. Фақат шундагина у Британия таъсиридан қутилиб, ёт қўлларнинг узанишига тўсиқ бўла олади. Натижада Ўрта ер денгизи яна қайтадан Ислом давлатининг ва мусулмонлар Халифалик флоти ҳукмронлик қиладиган денгизга айланади.

Булар — биз қўлдан бой берган стратегик бўғозларимиз ва уларнинг йўқотилган геостратегик қийматининг бир қисми холос. Улар чиндан ҳам дунёнинг калитлари ва қулфларидир. Бундан ташқари, улар Ислом диёрининг ажралмас бўлаги ва унинг стратегик ҳаёт географиясининг таркибий қисми ҳисобланади.

Ушбу стратегик таъсир кучи ҳозирги Эронга қарши уруш жараёнида яққол намоён бўлди. Ҳурмуз бўғозини ёпиш ҳақидаги оддий бир ишоранинг ўзиёқ денгиз орқали юк ташувчиларни суғурталовчи компанияларни оёққа турғизди. Улар уруш хавфи туфайли бўғоздан ўтадиган кеме ва танкерларни суғурталашни тўхтатиш ҳақида бир овоздан қарор қабул қилишди. «Рейтерс» агентлигининг хабарига кўра, “Gard”, “Skuld”, “NorthStandard”, “London P&I Club” ва “The American Club” каби йирик суғурта ширкатлари 1 март куни берган баёнотларида 5 мартдан эътиборан суғурта хизматлари тўхтатилишини эълон қилишди.

Шунингдек, “Maersk” ва “Hapag-Lloyd” каби йирик контейнер ташувчи ширкатлар ҳам Ҳурмуз бўғози орқали қатновни тўхтатди. Бу ҳолат нефть танкерлари ҳаракатини деярли фалаж қилиб, энергия ва хом ашё етказиб бериш занжирини издан чиқарди ҳамда бўғоз орқали ўтадиган савдо оқимини тўхтатиб қўйди.

Халқаро валюта жамғармаси ҳам Эрон билан бўлаётган уруш ва энергия таъминотидаги узилишлар дунё миқёсида инфляциянинг кескин кўтарилишига ҳамда иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келишидан огоҳлантирди. Бу хавф, айниқса, нефть ва газ нархи узоқ вақт юқори даражада сақланиб қолса, ҳақиқатга айланади. (“Рейтерс”).

Бундан ташқари, “Goldman Sachs” банки нефть нархининг кўтарилишда давом этишини башорат қилмоқда. Унга кўра, агар таъминотдаги узилишлар ва бўғознинг ёпиқ қолиши давом этса, «Brent» маркали нефть нархи 2008 йилда қайд этилган энг юқори рекорд (тахминан 147 доллар/баррель) даражадан ҳам ошиб кетиши мумкин.

Бунинг оқибатида газ ва электр энергияси нархлари ҳам кўтарилиб, давлатлар ва ширкатларнинг энергия харажатлари кескин ортади. Бу ҳолат ширкатларнинг ишлаб чиқариш соҳасига оғир босим ўтказиб, айниқса, капиталистик давлатларнинг бюджет бўйича қарорларини янада чигаллаштиради.

Шу сабабли ҳам, Россия–Украина уруши ва рус нефти ҳамда газига қўйилган санкциялар туфайли оғир энергетик инқирозга юз тутган Европа, бу урушдан кейин вазият янада таранглашгани сабабли катта фалокатни ҳис эта бошлади. Буни Европа давлатларининг газ сақлаш сиёсатини қайта кўриб чиқаётганидан ва таъминот бутунлай узилишидан хавфсираб, ваҳимага тушаётганидан ҳам сезиш мумкин.

Шу тариқа, дунё узра янги энергетик инқироз шарпаси яна пайдо бўлди. Бу ҳолат Европа ҳукуматларига кучли босим ўтказиб, уларни ўз капиталистик тизими, бозорлари ва банклари манфаатидан келиб чиқиб, вазиятни юмшатишга ҳамда Трампнинг уруши ва альянсига қўшилмасликка ундамоқда. Зеро, Ҳурмуз бўғози ёпилишининг капиталистик баҳоси, айниқса Европа учун, ҳаддан ташқари қимматга тушади. Ғарб капиталистик мақолида айтилганидек: «Сармоя қўрқоқдир».

Эронга қарши уруш, худди Афғонистон ва Ироқ урушлари АҚШнинг аввалги раҳбарлари учун қандай ботқоқ бўлган бўлса, Трамп учун ҳам шундай ҳарбий ботқоққа айланди. Бироқ Трамп Америкасининг Эрон билан тўқнашувдаги ожизлиги кутилганидан ҳам тезроқ ва ҳайратланарли тарзда фош бўлди.

Бу воқеалар Ғарбнинг қанчалик заифлашганини, унинг ич-ичидан чириб, цивилизацион қулаш остонасига келиб қолганини кўрсатмоқда. Ҳурмуз бўғози ва унинг қисман ёпилишининг оқибатлари Америка ва умуман Ғарб учун қақшатқич зарба бўлди. Айниқса, Россия–Украина урушидан кейин рус энергиясидан маҳрум бўлиб, бутунлай Форс кўрфази нефтига қараб қолган Европа, эндиликда мудҳиш иқтисодий турғунлик хавфига дуч келмоқда.

Ушбу уруш — Ислом давлатининг йўқлиги сабабли мусулмонларнинг қўлидан чиқиб кетган улкан куч ва имкониятлар манбаини яққол очиб берди. Бу имкониятларнинг фақатгина айримлари Ғарбнинг асоси бўлган капиталистик иқтисодга жиддий вайронкор таъсир кўрсата олиши кўриниб қолди. Бу таъсир кучи, асосан, энергия манбалари орқали намоён бўлади. Зеро, бу бойликлар аслида мусулмонларга тегишли бўлиб, ҳозирда улар Ғарб саноати, бозорга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги, технологияси, юк ташиш тизими ва умуман, капиталистик савдо айланмасининг асосий таянч нуқтасига айланган. Бундан ташқари, мусулмонларнинг денгиз ва океанлар “калитлари”га ҳамда “қулфлари”га эгалик қилиши — бу уларнинг энергия, хом ашё, металл ва товарлар етказиб бериш занжири учун ўта муҳим бўлган ҳаёт томирларини назорат қилишини англатади.

Трамп бошчилигидаги Американинг Эронга қарши уруши “Ғарб билан бўлган масала ҳарбий эмас, балки тўлалигича сиёсий масаладир” деган бир ҳақиқатни тасдиқлади. Ғарб бизнинг давлатимиз йўқлигидан фойдаланиб, ўзининг ҳарбий боши берк кўчасидан сиёсий йўл билан чиқишга уринмоқда. Бу бугунги кунда Эрон раҳбарлари билан музокаралар бошлаш орқали амалга оширилмоқда.

Демак, бизнинг тақдирий масаламиз — мабдаий (мафкуравий) сиёсий қарорга эга бўлган давлатни барпо этишдадир. Айнан ўша давлат мусулмонлар қўлидаги куч воситаларини ишга солиб, Ғарбни жиловлашга ва унинг ҳаракатларини фалаж қилиб қўйишга қодир бўлади. Таъкидлаш жоизки, Ғарб бугун ҳақиқий таназзул ёқасида турибди. Агар унга қарши чинакам кураш олиб борилиб, барча чиқиш йўллари ёпилса ва тўлиқ бўғиб қўйилса, бу унинг заифлашишига, мадори қуришига, ҳатто йўқ бўлиб кетишига олиб келган бўларди. Буларнинг барчаси ҳақиқий амалий ишга қодир бўлган раҳбарга, яъни мусулмонларнинг Халифасига ва мустақил, мабдаий сиёсий иродага эга бўлган етакчига боғлиқдир.

Шундай қилиб, Американинг Эронга қарши уруши мусулмонлар ихтиёрида бўлган, бироқ ҳозирда бой берилган стратегик ва геостратегик куч-қудратнинг асл қиёфасини очиб берди. Бу воситаларидан бугун уларнинг душмани бўлмиш кофир Ғарб фойдаланмоқда ва уларни мусулмонларнинг ўзига қарши қўлламоқда. Бунинг ягона сабаби — мусулмонларнинг ўз давлатига эга эмаслигидир.

Ислом Уммати ва исломий география бошидан кечираётган давлатсизлик ҳолати — геостратегик ва стратегик бўшлиқ ҳисобланади. Айнан шу сабабдан Ислом Умматининг ҳаётий қуввати, асосий кучлари ва стратегик имкониятлари ишлатилмай қолмоқда. Ҳатто, давлат йўқлиги боис, бу куч ва қуроллар исломий асосга қайтарилиш ўрнига, мусулмонларга қарши қаратилган лаънат ва ёвузликка айланди.

Бизнинг энергия манбаларимиз, бўғозларимиз ва стратегик қуролларимиз — Ислом давлати қулатилиши билан бой берилган асосий бойликларимиздир. Модомики, биз бу мустамлакачилик тузумини парчалаб, ушбу геостратегик ва геосиёсий бўшлиқни тўлдирмас эканмиз, у бойликларимиз бизга қайтиб келмайди. Бу эса фақат мустамлакачилик тузуми ўрнида, унинг харобалари устида Ислом давлатини қайта тиклаш билангина амалга ошади.

{وَاللَّهُ غَالِبٌ عَلَى أَمْرِهِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ}

«Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир, лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар». (Юсуф сураси, 21-оят)

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button