Россия ва Қозоғистон: 16,5 млрд долларлик АЭС лойиҳаси кимга ва нима учун керак?

Россия ва Қозоғистон: 16,5 млрд долларлик АЭС лойиҳаси кимга ва нима учун керак?
Жорий йилнинг 27 май куни Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув якунида, Россия ўзининг «Росатом» корпорацияси орқали Қозоғистонда атом электр станциясини — аниқроғи, «Балхаш» АЭСини бунёд этиш бўйича келишувга эришди. Лойиҳанинг умумий қиймати 16,5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Мазкур улкан қурилишни молиялаштириш Россиянинг экспорт кредити тизими орқали амалга оширилади.
Бу лойиҳа Владимир Путиннинг Қозоғистонга уюштирган ташрифи доирасида имзоланган давлатлараро битим билан мустаҳкамланди.
Изоҳ:
Лойиҳанинг иқтисодий мантиғи Россиянинг ядровий тармоқдан тушадиган кўп миллиардлик шартномаларга эга бўлиши, корхоналарнинг ўнлаб йиллар давомида узлуксиз иш билан таъминланиши, шунингдек, ёқилғи етказиб бериш, станцияга техник хизмат кўрсатиш ва уни модернизация қилишдан тушадиган узоқ муддатли даромадлар билан изоҳланмоқда.
Бироқ, бугунги кунда Россия бюджет тақчиллиги ва Украинадаги уруш туфайли юзага келган иқтисодий инқироз гирдобида турган бир пайтда, «Нима учун айнан ҳозир 16,5 миллиард доллар ажратишга тайёр турибди?» деган ҳақли савол туғилиши табиий.
Ҳарбий харажатларнинг ортиб бориши, санкциялар босими ва бюджет ресурслари чекланган бир шароитда, бу қадар йирик ҳажмдаги ташқи молиялаштириш қарорини фақатгина тижорий манфаатлар билан изоҳлаш ҳақиқатдан узоқдир.
Бугунги кунда Қозоғистон — Россия, Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг асосий майдонларидан бирига айланди. Қозоғистонда АЭС қурилишини назорат қилиш — бу шунчаки юқори технологиялар экспорти дегани эмас, балки бу икки давлат ўртасида ўнлаб йилларга татигулик инфратузилмавий боғлиқликни вужудга келтириш демакдир. Чунки ядро энергетикаси соҳаси технология, ёнилғи, сервис хизмати ва малакали кадрлар тайёрлаш борасида маҳсулот етказиб берувчи давлатга узоқ вақт қарам бўлиб қолишни тақозо этади.
Шу сабабли, масала «Росатом» ушбу лойиҳадан даромад топиш-топмаслигида эмас, чунки Росатом ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз улушини олади. Асосий масала Ғарб ва Хитой Марказий Осиёдаги ўз таъсирини кенгайтиришга жон-жаҳди билан интилаётган бир пайтда, Кремль ушбу ядровий лойиҳа орқали Қозоғистондаги мавқеини сақлаб қолиш учун қандай стратегик мақсадни кўзлаётганидадир.
Мазкур келишувнинг асл сиёсий моҳияти ҳам айнан мана шунда намоён бўлади. Бу лойиҳадан шунчаки иқтисодий ҳамкорлик эмас, балки кенгроқ мақсад кўзланмоқда. Аниқроғи, бу лойиҳа Москва учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган ва Марказий Осиё минтақасининг энг етакчи давлати бўлган Қозоғистонда Россиянинг таъсирини янада мустаҳкамлаш вазифасини бажарувчи стратегик қурол сифатида хизмат қилади.
Хужжат Жамиа




