Марказий Осиёдаги демографик ўсиш

Марказий Осиёдаги демографик ўсиш
Россия ва Европа чуқур демографик инқирозни бошдан кечираётган бир вақтда, Марказий Осиё аҳолисининг сони шиддат билан ортиб бормоқда. 2000 йилда Марказий Осиё давлатларида қарийб 56 миллион киши истиқомат қилган бўлса, бугунги кунга келиб бу рақам тахминан 84 миллионга етди. Ўсиш суръатлари ҳисобга олинса, 2050 йилга бориб аҳоли сони 114 миллион нафардан ошиши мумкин. Бошқача айтганда, яқин 50 йил ичида минтақа аҳолиси яна 58 миллионга кўпайиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, айни пайтда Россия аҳолисининг сони (расмий статистикага кўра) қарийб 145 миллион кишини ташкил этади. Бироқ, сурункали камайиш тенденцияси сабабли, 2050 йилга бориб бу рақам 134 миллионгача тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Аниқроғи, мамлакат 12 миллионга яқин аҳолисини йўқотади. Эътиборлиси шундаки, бу ҳали Россиянинг мигрантлар ҳисобига аҳоли сонини барқарор ушлаб туриш сиёсатини ҳисобга олган ҳолдаги тахминлардир.
Европада ҳам аҳвол бундан фарқ қилмайди: Италияда туб аҳоли сони 60 миллиондан 54 миллионга, Полшада эса 38 миллиондан 33 миллионгача қисқариши тахмин қилинмоқда. Биргина мана шу икки давлатнинг ўзида аҳоли сони қарийб 11 миллионга камайиши кутилмоқда.
Бугунги кунда Марказий Осиёнинг ҳар 100 нафар аҳолисига Европага қараганда анча кўп ёшлар тўғри келаётган бўлса, 2050 йилга бориб минтақа аҳолисининг ўртача ёши тахминан 29 ёшни ташкил этади. Аксарият Европа мамлакатларида эса бу кўрсаткич 45 ёшдан ошади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, яқин 25 йил ичида Марказий Осиёдаги мусулмон аҳолининг сони қарийб 30 миллион кишига кўпаяди. Кўплаб Европа давлатлари ва Россия эса ўз аҳолиси сонининг кескин камайиши ва қариши муаммосига дуч келади. Бу эса ўз-ўзидан Марказий Осиёни дунёнинг энг йирик демографик ресурс марказларидан бирига айлантиради.




