Покистон ва Қирғизистон муносабатларидаги янги ўзгаришлар

Покистон ва Қирғизистон муносабатларидаги янги ўзгаришлар
Покистон Президенти Осиф Али Зардарий расмий ташриф билан Қирғизистонга келди. 6–9 июль кунларига режалаштирилган ушбу ташриф доирасида Чўлпон-ота шаҳрида олий даражадаги кенгайтирилган таркибдаги музокаралар бўлиб ўтади. Унда икки томонлама ҳамкорлик масалалари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади.
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, Қирғизистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми кейинги икки йилда кетма-кет 16 миллион долларни ташкил этган. Ушбу кўрсаткичнинг асосий қисми импорт товарлари ҳиссасига тўғри келади.
Ўтган йилнинг якунида Президент Садир Жапаров давлат ташрифи билан Покистонга борган эди. Ўшанда эришилган келишувлар натижасида иқтисодиёт, порт логистикаси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга оид 17 та муҳим ҳужжат имзоланган.
Изоҳ:
Қирғизистон денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмагани боис, Покистон расмий равишда ўзининг йирик Карачи, Гвадар ва Қосим портларидан фойдаланишни таклиф қилмоқда. Покистон орқали денгиз йўлларига чиқиш шунчаки савдо-сотиқ имконияти билан чекланиб қолмайди. Қозоғистон ва Россия орқали ўтувчи шимолий йўналишлар Қирғизистон учун тобора қарамликни ошириб бормоқда. Санкциялар кучайиб, геосиёсий беқарорлик Қирғизистонни борган сари хавф-хатарлар гирдобига тортаётган бир шароитда, мазкур ечим мавжуд муаммолардан чиқиш йўлини очади.
Агар Хитойдан Қирғизистон орқали Покистон портларига элтувчи йўналишлар амалга ошса, Қирғизистон ҳақиқий минтақавий транзит марказига айланиши мумкин. Темир йўл, автотранспорт ва денгиз портларини бирлаштирган мултимодал йўналишлар Хитой ҳамда Марказий Осиёдан Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва ундан кейин жаҳон бозорларига кенг йўл очади.
Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиб бориши фақат Қирғизистон томонидан ишлаб чиқилган ташаббус эмас. Бу қадам — Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли минтақавий стратегия доирасида олиб борилаётган сиёсий ва иқтисодий ҳаракатдир. Мазкур стратегия Покистон, Хитой ва Эрон инфратузилмаларини ўзаро бир-бирига боғлаб, янги савдо йўлакларини барпо этади. Демак, Қирғизистон ўз сиёсатини айнан мана шу йирик стратегияга мувофиқ тарзда юритмоқда. Зеро, Хитой ҳам Қирғизистонни Марказий ва Жанубий Осиёни туташтирувчи бош бўғинга айлантиришдан манфаатдор. Ушбу стратегияда эса Покистон бош ролни ўйнайди. Шу боис, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга минтақавий ва халқаро миқёсда қараб баҳо бериш лозим.
Нурдин Асаналиев




