АҚШ иттифоқчиси ва НАТО аъзоси бўлган секуляр Туркия Ислом умматининг умиди бўла оладими?!

АҚШ иттифоқчиси ва НАТО аъзоси бўлган секуляр Туркия Ислом умматининг умиди бўла оладими?!
Хабар:
Ўтган ҳафта якунида Сабанжа шаҳрида “Адолат ва тараққиёт” партиясининг 33-маслаҳат ва баҳолаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда нутқ сўзлаган призидент Эрдоған, 2001 йил 14 августда “Адолат ва тараққиёт” партияси ташкил топганидан бери ўтган йигирма беш йил ичида жамият ва давлатга кўрсатган таъсири ҳақида сўз юритди. У партия ҳокимиятда бўлган даврда Туркия ўз эшикларини дунёга очганини, ҳар бир мазлумга ёрдам қўлини чўзганини ҳамда нафақат 86 миллионлик аҳоли, балки бутун Ислом уммати учун ҳам умид манбаига айланганини таъкидлади. (Ахборот агентликлари, 28.06.2026)
Изоҳ:
Эрдоғаннинг сўзлари “Адолат ва тараққиёт” партияси аъзоларини руҳлантиришни кўзлагандек туюлса-да, у аслида мавжуд воқеликка қаратилган эди. Чунки бу баёнот айнан Туркиянинг 7–8 июль кунлари Анқарада салбчилар иттифоқи бўлмиш НАТОнинг 36-саммитини ўтказадиган вақтга тўғри келди.
Ҳақиқатан ҳам, саммитнинг олий даражада ўтишини таъминлаш ва унда иштирок этадиган давлат раҳбарларини юксак меҳмондўстлик билан кутиб олиш учун барча имкониятлар сафарбар қилинди. Этимесут туманидаги ҳарбий аэропорт саккиз ой ичида тўлиқ янгиланиб, фуқаролик парвозлари учун очилди ва унга «Анқара аэропорти» номи берилди. Лойиҳа доирасида Анқара аэропорти билан «Ай Йилдиз» университет шаҳарчасини тўғридан-тўғри боғлайдиган, узунлиги 12,5 километр бўлган янги йўл ҳам қурилди. Шунингдек, асосий ҳаракатланиш бўйича йўллар бўйидаги бинолар қайта бўялди. Шу тариқа, НАТО раҳбарларининг ҳаво ва қуруқлик орқали қулай ҳаракатланиши учун барча шароитлар ҳозирланди.
Бу билангина чекланиб қолинмади, балки салбчи кофирларни тўлиқ рози қилиш ва Эрдоғаннинг уларга содиқлигини исботлаш учун «терроризм» ниқоби остида тавҳид фикрини кўтариб чиққан мусулмонларга, шунингдек, уларнинг муассаса ва ташкилотларига қарши амалиётлар ўтказилди. Уларнинг аксарияти ҳибсга олинди, кенг халқчил қўллаб-қувватловга эга бўлган имомлар ва муассасаларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари блокланди. Шу тариқа, Ислом ва мусулмонларнинг душмани бўлган НАТО иттифоқи учун янги қурбонлар берилди ва таҳқирлаш чегараси энг юқори нуқтага етди. Бундан ташқари, Анқара ва унга туташ бир қатор шаҳарларда ўн кун давомида йиғилишлар, намойишлар ва матбуот анжуманлари ўтказиш тақиқланди.
Буларнинг барчаси Эрдоған “Адолат ва тараққиёт” партиясини умматнинг умиди деб айтган кунларда юз берди! Буларнинг барчаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги мусулмонлардан иборат бўлган ҳамда Америкага қарши кайфият 92% га, НАТОга қарши кайфият эса деярли 80% га етган Туркияда содир бўлди. Чунки Ислом уммати мустамлакачи Америка тузган НАТО иттифоқининг Ислом ўлкаларида олиб борган босқинчиликлари ва содир этган қирғинларини яхши билади. Уммат буни Косоводан Сараевогача, Ироқ ва Афғонистондан Ливиягача бўлган хунрезликлар, шунингдек, яҳудий вужудига кўрсатилаётган чексиз қўллаб-қувватлови орқали жуда яхши англайди. Шундай бўлса-да, Эрдоған ва унинг партияси НАТО альянсини мақтаб, унга аъзолиги билан фахрланади ва Туркиянинг хавфсизлиги НАТОга боғлиқ деган тушунчани ёйишга ҳаракат қилади!
Шу билан бир вақтда, НАТОга ишончи қолмаган Европа ўз мудофаа иттифоқини тузишни муҳокама қилаётган бир шароитда, НАТОнинг аҳолиси мусулмон бўлган давлатни ҳимоя қилмаслиги ҳеч қандай изоҳ талаб қилмайди. НАТОнинг Туркияга бўлган қараши уни фақат Ислом ўлкаларидан келиши мумкин бўлган хавф-хатарларга қарши буфер ҳудуд сифатида фойдаланиш ва шиддат билан ривожланиб бораётган мудофаа саноатини Америка ҳамда Ғарб манфаатларига хизмат қилдириш билангина чекланади. Масаланинг муҳим жиҳати шуки, Мусулмонлар учун кофирларни дўст тутиш ва уларнинг сиёсий ҳамда ҳарбий ҳукмронлиги остига кириш шариатга кўра ҳаромдир. Аллоҳ Таоло шундай деган:
وَلَنْ يَجْعَلَ اللّٰهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤمِنِينَ سَبِيلاً
«Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай».
Бу оят Аллоҳ мўминларнинг кофирлар ҳукмронлиги остига киришига асло рози бўлмаслигини билдиради. НАТО масаласида бу ҳарбий жиҳатдан ҳам тўлиқ ўз тасдиғини топмоқда.
Бошқа тарафдан қараганда, Туркиянинг секуляр характери, камалистик қонунлари ва мустамлакачи капитализмни қабул қилиб, уни татбиқ этаётгани «умматнинг умиди» деган даъвога асло тўғри келмайди. Чунки Туркиянинг асосий фалсафаси Аллоҳнинг ҳукмини йўққа чиқаришни мақсад қилган. Эрдоған партияси ҳокимиятда бўлган 25 йил ичида ҳам бу тизимнинг секуляр характери ўзгаргани йўқ. Аксинча, партия вакили Ўмар Челик «секуляр давлат тамойилини қатъият билан ҳимоя қилишларини ва бу мавжуд тузумнинг бардавомлиги учун зарурлигини» қайта-қайта ва очиқ баён этиб, бутун минтақага дунёвийликни (секуляризмни) ўрнак сифатида олишни таклиф қилди. Шунингдек, Эрдоған Ҳусни Муборак режимига қарши бош кўтарган Мисрдаги мусулмонларга ҳам секуляризмни тавсия этган эди. У Суриядаги исломий инқилобга маккорлик билан ёндашиб, оқибатда уни Америка манфаатларига хизмат қилувчи секуляр миллий давлат моделига айлантирди.
Салбчи-сионистик иттифоқининг ваҳшиёна зулми остига ташлаб қўйилган Ғазо эса, Эрдоғаннинг «мазлумларга ёрдам берамиз» деган даъволарини пучга чиқарувчи энг ёрқин ҳақиқатдир.
Ҳеч кимга сир эмаски, Туркиядаги ички аҳвол эса бундан ҳам хавотирли. Ғарб сақофатига таслим бўлган ёшлар, ўлканинг ҳар томонида илдиз отган жиноий гуруҳлар, коррупция, ўғрилик, шахсий манфаати учун партиясини тез-тез ўзгартирадиган сиёсатчилар, вайрон бўлган иқтисодиёт, бузилган таълим тизими, қонунларнинг қўпол равишда топталиши ва бошқа кўплаб аянчли ҳолатлар — буларнинг барчаси бугунги секуляр жумҳуриятчи капиталистик тузумнинг аччиқ меваларидир.
Шу боис, Эрдоғаннинг «Адолат ва тараққиёт партияси — умматнинг умидидир» деган баёноти қуруқ сўз ва одамларни чалғитишга уринишдан бошқа нарса эмас. Эрдоған ва унинг партияси умматнинг умиди эмас, аксинча, улар доимо мақтовларига сазовор бўлиб келган мутакаббир Трампнинг умидидир. Бу ҳам умид эмас, энг яхши ҳолатда бир саробдир.
Бу умматнинг ягона умид манбаи — Халифаликдир. Аллоҳнинг изни билан яқин кунда Халифалик қайта тикланганда, Ислом уммати бошидан кечираётган бу хорликдан қутилиб, қайтадан қад ростлаб, ўз куч-қудратига эга бўлажак.
Муҳаммад Амин Йилдирим




