Мақолалар

Қарз алдови

Қарз алдови

Қирғизстон президенти Садир Жапаров журналист Али Токтакуновга кенг қамровли интервью берди. Жапаровнинг айни дамда интервью беришини сайлов олди тайёргарлиги деб ҳисоблаш мумкин. Шунингдек, президент жамоаси, айниқса ахборот соҳасидаги хизматчилари ҳокимиятга нисбатан салбий кайфиятдаги ахборот майдонини тартибга сола олмаётгани боис, Жапаровнинг шахсан ўзи кенг майдонга чиқиб, муносабат билдиришга мажбур бўлмоқда. Чунки охирги пайтларда, шубҳасиз Хитой масаласи, давлат қарзи, ҳукуматга қарши шахсларнинг баёнотлари ҳамда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ҳокимиятнинг обрўсига путур етказмоқда. Шунинг учун ҳам Жапаров интервью берди, шунда ҳам ҳукуматнинг ахборот хизматларига эмас, балки ғарбча қарашга эга журналистга интервью беришга мажбур бўлди. Бу эса мазкур интервью кўпроқ ҳукуматга мухолиф бўлганларнинг қўллаб-қувватлашини қозонишга қаратилганини кўрсатади.

Жапаров иқтисодий масалаларга тўхталиб, хусусан, давлат қарзи ортиб бораётганидан хавотирланмасликка чақирди. У беш йил ичида давлат қарзи 5 миллиард доллардан 10 миллиард долларга кўпайган бўлса-да, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан қарз 37 фоизга қисқарганини таъкидлади. Шунингдек, Жапаров қарзни ЯИМга нисбатан 70 фоизгача олиш мумкинлигини, лекин уни 50 фоиздан оширмаслик бўйича топшириқ берганини айтиб ўтди. Бироқ шу ўринда ижтимоий фонднинг ЯИМга қўшиб ҳисобланаётганини эътиборга олмади.

Жапаров ЯИМ ўсиб бораётганини, шунинг учун хавотирланмасдан яна қарз олиш мумкинлигини очиқ айтди. Бироқ бу юзаки қиёслаш ҳисобланади. Бундай пайтда давлат қарзини фақат ЯИМгагина солиштириб хулоса чиқариш тўғри бўлмайди. Уни умумий иқтисодий аҳвол билан қиёслаш зарур. Қолаверса, ЯИМнинг ўсиб бораётгани халқнинг турмуш даражаси яхшиланганини англатмайди.

Давлатнинг асосий иқтисодий кўрсаткичларидан бири бу — ташқи савдодир. Ташқи савдо экспорт ва импортдан иборат. Ташқи савдода салбий сальдо юзага келса, аниқроғи импорт ҳажми экспорт ҳажмидан юқори бўлса, иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади. Бу бир томондан мамлакатни импортга қарам қилиб қўйса, иккинчи томондан АҚШ доллари ва евро каби барқарор валюталарнинг мамлакатдан чиқиб кетишига олиб келади. Бугунги кунда бу ҳолат йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Ташқи савдо айланмаси ўсиб бормоқда, шу билан бирга салбий сальдо ҳам барқарор равишда ўсиб бормоқда. Масалан, 2020 йилда бу кўрсаткич 1,7 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 10 миллиард доллардан ошди. 2026 йилнинг 6 ойлик якунларига кўра эса ташқи савдо 7,9 миллиард долларни ташкил этди. Шундан 6,8 миллиард доллари импорт ҳиссасига тўғри келади. Демак, ташқи савдода импортнинг улуши 86 фоиздан ошиб кетган.

Шунингдек, инфляцияни ҳам ҳисобга олиш лозим. Миллий статистика қўмитасининг хабар беришича, 2026 йилнинг бошидан буён Қирғизстонда истеъмол нархлари 2025 йилнинг декабрь ойига нисбатан 4,8 фоизга ўсган. Йиллик ҳисобда эса инфляция 11 фоизга етди. Инфляция борасида Қирғизстон ЕОИИ мамлакатлари орасида тез-тез етакчи уринни эгаллаб келмоқда. Ҳаттоки, World Economic Outlook маълумотларига кўра, Қирғизстон дунёда инфляция даражаси энг юқори бўлган мамлакатларнинг олдинги йигирматалигига киради.

Бундан ташқари, капиталистик тузумнинг моҳиятини англаб етмоғимиз шарт. Чунки капиталист мустамлакачилар биз каби мамлакатларни арзон хомашё манбаи ва ўз маҳсулотларини сотадиган бозор сифатида кўради. Шунинг учун улар табиий бойликларимизни талон-торож қилиб, ўз товарларини бизга сотишдан манфаатдор. Шу сабабли иқтисодиётнинг асоси бўлган саноат тармоғи ўлкамизда ривожланишига йўл қўйишмайди. Негаки, улар ўз маҳсулотларига рақобатдош товарлар ишлаб чиқарилишига қарши туришади. Шу боис ҳам капиталистлар ҳеч қачон жиддий саноат учун қарз беришмайди. Аксинча, улар сиёсий ва иқтисодий тузоққа илинтирадиган тармоқларгагина кредит ажратадилар. Шунинг учун ҳам: «ЯИМ 70 фоизга етгунча қўрқмасдан қарз олаверинглар», деб тарғиб қилиб, қарзларни беришда давом этишади. Бироқ бу «саховат»нинг ортида уларнинг қора ниятлари яширингани ҳеч кимга сир эмас.

Ҳукумат эса қарз олишга мажбур бўлмоқда. Чунки бугунги капиталистик тизим шундай шароит яратганки, кредитсиз бирор ишни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам катта-кичик барча ишларнинг тизгини мустамлакачиларнинг чангалидаги кредитларга боғлаб қўйилган.

Ана шу сабабларга кўра, «ЯИМ ўсди» деб ёки молиявий ташкилотларнинг «ЯИМга нисбатан 70 фоизгача кредит олиш мумкин» деган фикрларига таяниб қарз олиш ниҳоятда хавфлидир. Давлат бу қарзларни фоизлари билан тўлаши ҳамда уларнинг ортида турган иқтисодий ва сиёсий кўрсатмаларга бўйсунишига тўғри келади. Қарз халқнинг пешона териси билан топган солиқлари ҳисобидан тўланади. Ҳукумат эса бу қарзларни ёпиш учун солиқлар турлари ва миқдорини оширишга мажбур бўлади.

Шундай экан, ўз қонун-қоидалари билан халқлар ва мамлакатларнинг қўл-оёғига кишан солган капиталистик тузум рад этилмас экан, бу каби «қулдорлик» муносабатлари ҳеч қачон тўхтамайди. Ундан қутулишнинг ягона йўли — Исломдир. Адолатли Исломий тузум бу зулмга чек қўйиб, инсонларнинг фаровон ҳаёт кечиришини кафолатлаб беради.

Ҳарун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button