Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун деҳқонларни қўллаб-қувватлаш зарур

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун деҳқонларни қўллаб-қувватлаш зарур
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эрлист Акунбеков давлат органларидан нарх-навони барқарорлаштириш ҳамда мамлакатни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича зарурий чора-тадбирлар кўришни талаб қилди.
Давлат органларига асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг эҳтимолий тақчиллигига қарши тезкор чора кўриш бўйича баённомалар ишлаб чиқиш, гўшт бозорида тартибни кучайтириш, кузги ва баҳорги дала ишларини ягона режа асосида ташкил этиш, шунингдек, 2027–2031 йилларга мўлжалланган сабзавот-меваларни қайта ишлаш дастурини тайёрлаш ишлари топширилди.
Изоҳ:
Аҳолини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаш давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, давлат керакли маҳсулотларни аҳолига етарли даражада етказиб бериши ҳам шарт. Бошқача айтганда, маҳсулотларнинг нархлари халқ учун ҳамёнбоп бўлиши лозим.
Аммо ҳозирги кунда бу муаммолар тўлиқ ўз ечимини топгани йўқ. Умуман олганда, 2025 йилда импорт ҳажми қарийб 13 миллиард долларга етди. Шундан озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 1,3 миллиард доллардан ошади. Бу кўрсаткичга қорамоллар ҳам киради. Демак, озиқ-овқат маҳсулотлари умумий импортнинг 10 фоизини ташкил этмоқда.
Бу ҳолат мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигига импорт ҳамон сезиларли даражада таъсир кўрсатаётганини билдиради. Импорт қилинаётган арзон маҳсулотлар маҳаллий деҳқонларнинг рақобатбардошлигига жиддий зарар етказмоқда. Чунки ерларни ҳайдаш ва мамлакатни етарлича арзон озиқ-овқат билан таъминлаши учун деҳқонларга керакли шароитлар яратилмаган. Турли солиқлар, юқори фоизли кредитлар ва сув муаммоси маҳаллий маҳсулотни етиштиришда катта харажатларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, деҳқончиликнинг энг муҳим воситаси бўлган техникалар ҳам жуда қиммат туради. Деҳқон эса бундай техникаларни ўз маблағи ҳисобидан сотиб олишга қодир эмас. Шу сабабли, ҳозирги шароитда давлат томонидан катта молиявий ёрдам кўрсатилмас экан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконсиз бўлиб қолаверади.
Мисол учун, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермер хўжаликларига субсидия бериш учун ҳар йили 25 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлайди. Европа Иттифоқида эса фермерларга ажратиладиган йиллик субсидиялар ЕИ умумий бюджетининг тахминан учдан бир қисмини ташкил этади, 2027 йилгача 386 миллиард евро ажратиш қабул қилинган. Бошқача айтганда, йилига ўртача 55 миллиард евро ажратилмоқда.
Хитойда эса қишлоқ хўжалигига бериладиган йиллик субсидияларнинг умумий ҳажми тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш пакети бўйича тахминан 140–160 миллиард юанни (20–22 миллиард АҚШ долларини) ташкил этади. Агар инфратузилмага киритилган инвестициялар, суғориш ишлари, имтиёзли кредитлар ва харид нархларини субсидиялаш каби барча билвосита қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳисобга олсак, аграр секторга кўрсатиладиган умумий ёрдам ҳажми йилига 100 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетади.
Шунинг учун мамлакатимизга арзон нархларда озиқ-овқат маҳсулотлари кириб келиб, маҳаллий деҳқонларга жиддий рақобат туғдирмоқда. Маҳаллий деҳқонлар эса ҳеч қандай ёрдамсиз ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳатто бир томондан солиқлар уларни эзаётган бўлса, иккинчи томондан фоизли кредитлар уларнинг белини букиб қўймоқда. Бироқ ҳокимият вакиллари деҳқонларга ҳеч бўлмаганда фоизсиз қарз билан кўмак бериш ўрнига, фақатгина «нархларни назорат қилиш керак» деб бақир-чақир қилишдан бошқани билмаяпти.
Бундай сиёсат билан мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб бўлмайди. Шунингдек бу озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кўтарилишини ҳам тўхтатолмайди.
Деҳқонларга улкан кўмак зарур, керакли маҳсулотларини етиштиришлари учун улар сифатли техника ва зарур жиҳозлар билан таъминланиши шарт. Бу эса йирик ҳажмда молиявий кўмакни талаб этади.
Исломнинг иқтисодий сиёсати ҳам деҳқонларни бепул техника ва молиявий воситалар билан қўллаб-қувватлашни талаб қилади.
Ҳарун Абдулҳақ




