Мақолалар

«5+1» форматидаги яна бир саммит

«5+1» форматидаги яна бир саммит

Сўнгги пайтларда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни яққол намоён этувчи «5+1» форматидаги саммитлар тобора оммалашиб бормоқда. Зеро, дунёда юз бераётган муҳим воқеалар, геосиёсий ўзгаришлар, қонли можаролар, иқтисодий урушлар, санкциялар ва муҳим савдо йўлларининг ёпилиши Марказий Осиёнинг аҳамиятини янада оширмоқда. Бошқача айтганда, Марказий Осиё товар экспорт қилиш учун қўшимча бозор ҳамда ресурслар, хусусан, нодир металл манбаси сифатида муҳим аҳамият касб эта бошлади. Шу боис «5+1» форматидаги саммитлар бевосита давлат раҳбарлари иштирок этадиган юқори даражага кўтарилди. Бундай саммитлар минтақанинг ҳар бир давлати билан алоҳида эмас, балки бир вақтнинг ўзида барча давлатлари билан ҳамкорлик қилиш йўлини очмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Корея Республикаси ҳам Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. 16 сентябрь куни Сеул шаҳрида Жанубий Корея ва Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари иштирокида илк бор саммит бўлиб ўтди. Бу «5+1» форматидаги навбатдаги учрашувлар занжирини бойитди.

Саммитда Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон раҳбарлари қатнашди ва у уч кунга чўзилган икки томонлама мулоқотлар билан якунланди. Унинг доирасида энергетика, тоғ-кон саноати, инфратузилма, технологиялар ва инвестициялар соҳасида 70 дан ортиқ келишувлар ҳамда ўзаро битим меморандумлари имзоланди.

Аслида, бундай ҳамкорлик янгилик эмас. «Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми 2007 йилнинг ўзиёқ ташкил этилган бўлиб, дастлаб ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари даражасида ўтказиб келинган, кейинчалик форум вазирлар даражасига кўтарилган эди. Бироқ шу кунга қадар давлат раҳбарларининг учрашуви бўлмаганди.

Жанубий Кореянинг ҳамкорликни бундай юқори даражага олиб чиқаётганининг бир қанча сабаблари бор. Уларнинг энг асосийси – табиий ресурслардир. Чунки бу мамлакатнинг ўзидаги ресурслари чекланган. Шу сабабли Корея Республикаси четдан хомашё импорт қилишга мажбур. Айни пайтдаги геосиёсий ўзгаришлар ва можаролар эса мазкур ресурсларнинг етказиб бериш занжирига салбий таъсир кўрсатиб, жиддий хавф-хатарларни келтириб чиқармоқда. Шу боисдан ҳам ресурсларга қашшоқ бўлган бу ўлка нефть, уран ва бошқа стратегик аҳамиятга эга минералларни етказиб берадиган манбаларини кўпайтиришга интилмоқда.

Бу борада Жанубий Кореяни ташвишлантираётган яна бир омил – Хитойнинг мазкур соҳадаги ўрнидир. Хитойнинг асосий устунлиги фақатгина кон қазиб олишда эмас, балки ноёб металлларни қайта ишлаш ва улардан юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ҳам яққол кўринади. Бугунги кунда дунёдаги ўрганилган ноёб металл захираларининг тахминан 38–44 фоизи Хитой ҳудудида тўпланган (қарийб 44 миллион тонна). Жаҳондаги йиллик ишлаб чиқаришнинг 60–70 фоизи ҳам айнан Хитой ҳиссасига тўғри келади. Хомашёни қайта ишлаш ва тозалаш соҳасида эса Хитойнинг мавқеи янада кучли бўлиб, у ноёб металлларни қайта ишлаш бўйича жаҳон бозорининг 90 фоизигача қисмини назорат қилади. Бу ҳолат бошқа давлатларни, жумладан, Корея Республикасини ҳам Хитой технологияларига қарам қилиб қўймоқда. Хитой эса ўз манфаатлари йўлида бу вазиятдан унумли фойдаланиб, унга босим ўтказиши мумкин.

Бунинг яққол мисолини амалда ҳам кўриш мумкин. Масалан, Хитойнинг асосий рақобатчиси ҳисобланган Япония шундай аҳволга дуч келди. 2026 йилда Хитой ноёб металллар бўйича Японияга чекловлар киритди. Айниқса, Тайвань масаласидаги Япониянинг позицияси ва ўз мудофаа соҳасини кучайтираётгани Хитойнинг бундай чекловларни жорий этишига туртки бўлди.

Шунинг учун Корея Республикаси ҳам ноёб металллар бозорида Хитойнинг босими остида қолиб кетмаслик учун бошқа муқобил манбаларни излашга алоҳида эътибор қарата бошлади. Устига устак, бугунги кунда Хитой ва АҚШ «иқтисодий уруш»га киришиб бормоқда. Жанубий Корея эса АҚШнинг кучли таъсири остидаги давлат экани ҳисобга олинса, хавф-хатарлар янада ортиши аён бўлади.

Бундан ташқари, Россия Украинада уруш бошлаганидан буён унинг Марказий Осиёдаги таъсири сусайиб бормоқда. Чунки айни пайтда Россиянинг барча эътибори, ресурслари ва вақти фақат урушга қаратилган. Санкциялар ҳамда ҳарбий ҳаракатлар унинг иқтисодиётини сезиларли даражада заифлаштирди. Бу эса ўз навбатида унинг Марказий Осиёдаги таъсирининг қисқаришига олиб келди. Ғарб ва унинг иттифоқчилари юзага келаётган бу бўшлиқни Хитой ёки бошқа бирор давлат монополия қилиб олишига қарши курашмоқда ҳамда Россия таъсирини янада чеклаш чораларини кўрмоқда. «5+1» форматидаги саммитлардан айнан шу мақсадлар кўзланган. Шунинг учун бундай форматдаги учрашувларга фақатгина иқтисодий жараён деб қараш тўғри бўлмайди. Буларнинг ортида арқоннинг иккинчи учи Ғарбга бориб тақаладиган геосиёсий мақсадлар ётибди.

Марказий Осиё давлатлари эса минтақада анъанавий ҳукмрон бўлиб келган Россиянинг заифлашгани сабабли, бу каби саммитлардан фойдаланиб, кўп векторли сиёсат юритишга интилмоқда. Улар ресурслари эвазига илғор технологиялар ва инвестицияларни қўлга киритиш ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишдан умидвор. Хусусан, Қозоғистон ва Ўзбекистон фақатгина Россия ёки Хитойга қарам бўлиб қолишдан қочиб, бошқа давлатлар билан ҳамкорликни ҳам кучайтирмоқда. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё давлатлари «5+1» форматидаги барча саммитларда қатнашишга интилмоқда.

Бироқ бугунги капиталистик тизимда бу давлатлар мутлақо мустақил ва ўз хоҳишига кўра сиёсат юритишининг иложи йўқ. Бир мустамлакачининг чангалидан қутулса, албатта, иккинчисининг чангалига тушади. Бошқача айтганда, кимнинг таъсири остида бўлса, бозорини ўшанинг маҳсулотларига очади ва бойликларини ҳам қўш қўллаб ўшанга топширади.

Мустамлакачилар ўз таъсирини ёйиш учун юқоридаги каби саммитлардан фойдаланишмоқда, баъзан эса очиқдан-очиқ урушлар орқали ўз ҳукмронлигини ўрнатмоқдалар. Мана шу тариқа дунёда мустамлакачиларнинг очкўз ва босқинчилик сиёсати туфайли қонли можаролар келиб чиқиб, бегуноҳ одамлар нобуд бўлмоқда.

Шу сабабли ҳақиқий озодликка ва тараққиётга эришиш учун Исломий ўлкалар албатта бирлашиши зарур. Агар улар бирлашмасдан, фақат чекланган миллатчиликка таяниб, ўз манфаатларини ўйлайверса, мустамлакачиларнинг «луқмаси» бўлиб қолаверадилар. Миллатчилик эса бирлашишнинг энг нотўғри ва зарарли йўли ҳисобланади. Ҳатто у ҳамжиҳатликка жиддий тўсиқ бўладиган ғоядир. Ҳақиқий бирлик эса фақатгина тўғри ва соғлом мафкура билангина амалга ошади. Бу эса – Ислом мафкурасидир!

Харун Абдулхак

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button