Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу

Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу
У кишининг юзлари нурли, ранг-рўйи тиниқ, жуссаси кичик, бўйлари узун ва соқоллари сийрак эди: Гўзал юзидан кўзлар роҳат олар, боқишидан диллар яйрар ва қалблар хотиржам бўлар эди. Яна у киши хушфеъл, бағоят тавозели, жуда ҳаёли эди. Аммо иш кучайиб, жиддий тус олгудек бўлса, ишга астойдил киришарди. Шу боис, кўркамлик ва чиройда худди қиличнинг дамига ўхшар, ўткирлик ва кескирликда ундан андоза олганди. Биз сифатлаётган бу инсон Муҳаммад Умматининг амини бўлмиш Омир ибн Абдуллоҳ ибн Жарроҳ ал-Фиҳрий ал-Қурайший бўлиб, таҳаллуси Абу Убайдадир. У ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу сифатлаб бундай деди: Қурайшликлардан уч киши борки, улар инсонлар ичида юзи тиниқ, хулқи гўзал, ҳаёси қаттиқ инсонлардир, улар сўзласалар, ёлғон сўзламайдилар, сиз уларга сўзласангиз сизни ёлғончи қилмайдилар: Улар Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон, Абу Убайда ибн Жарроҳдирлар.
Абу Убайда Исломга биринчи кирганлардан. У Абу Бакр Исломга кирган куннинг эртасига Исломга кирди ва Исломни Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлида қабул қилди. Яъни Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни, Абдурраҳмон ибн Авфни, Усмон ибн Мазъунни ҳамда Арқам ибн Абу Арқамни Набий ﷺнинг ҳузурларига олиб борганда, улар ҳақ калимани баралла айтдилар. Натижада улар Исломнинг буюк қўрғони қурилган биринчи пойдеворига айландилар.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг Маккада чеккан қаттиқ синовларининг бошидан то охиригача ҳаммасини бошидан ўтказди. У биринчи мусулмонлар билан ер юзидаги бирорта дин тобелари тотмаган оғир, ваҳшиёна, аламли, хафа қилувчи синовларни тотди. Аммо Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг Бадр кунида тотган қийинчилигининг қанчалар қаттиқ эканлигини ҳеч ким тассаввур қилолмайди.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Бадр куни душман сафига ўлимдан қўрқмасдан жангга кириб, мушрикларга ҳайбат солди солди. Қурайш суворийлари у билан юзма-юз келган пайтда, ундан ўзларини четга олишар, аммо улардан бир киши унга ҳар рўпара келганда, у билан яккама-якка туриб олар, Абу Убайда розияллоҳу анҳу эса унинг йўлидан бурилиб олиб, ундан ўзини четга оларди. Бу киши Абу Убайда розияллоҳу анҳуга ёпишиб олиб, ҳужум қилишини қўймади, У Абу Убайданинг ҳамма йўлини тўсиб олиб, Аллоҳнинг душманлари билан жанг қилишига халақит бераверди, бераверди… Ниҳоят, Абу Убайдани қаттиқ қийнаб юборгач, қилич билан бошига қаттиқ урган эди, боши иккига бўлиниб кетди ва оёқлари остида ер тишлаб қолди. Ер тишлаб ўлган киши ким деб ўйлайсиз?… Бу ер тишлаган киши Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг отаси Абдуллоҳ ибн Жарроҳ эканлигини билган пайтингизда, мийянгиз қайнаб кетади. Абу Убайда розияллоҳу анҳу отасини ўлдиргани йўқ, у ота шахсидаги ширкни ўлдирди. Шунда Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Абу Убайда розияллоҳу анҳу билан унинг отаси тўғрисида оят нозил қилди. Аллоҳ Таоло бундай деди:
لَّا تَجِدُ قَوْمًـا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ يُوَادُّونَ مَنْ حَادَّ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَوْ كَانُوا آبَاءَهُمْ أَوْ أَبْنَاءَهُمْ أَوْ إِخْوَانَهُمْ أَوْ عَشِيرَتَهُمْ ۚ أُولَٰئِكَ كَتَبَ فِي قُلُوبِهِمُ الْإِيمَانَ وَأَيَّدَهُم بِرُوحٍ مِّنْهُ ۖ وَيُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا ۚ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ ۚ أُولَٰئِكَ حِزْبُ اللَّهِ ۚ أَلَا إِنَّ حِزْبَ اللَّهِ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
– „Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ – қурҳон билан қувватлантиргандир. У зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан — У зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотларгина) нажот топгувчидирлар!“. [58:22]
Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг бу ишидан таажжубланишнинг ўрни йўқ. Чунки унинг Аллоҳга бўлган имони, холислиги ва Муҳаммад Уммати олдида омонатгўйлиги шундай даражага етдики, бу даражага Аллоҳнинг наздида буюк нафс эгаларигина етишга интиладилар. Муҳаммад Ибн Жаъфар бундай ҳикоя қилади: Росулуллоҳ ﷺнинг олдиларига насроний элчилар келишиб, шундай дейишди: Эй Абу Қосим, саҳобаларингиз орасидан ўзингиз рози бўлган бир кишини биз билан бирга жўнатсангиз, у биз ўзаро келишолмаётган мол-мулкларимиз тўғрисида ҳукм чиқариб беради. Эй мусулмонлар жамоаси, орангизда ҳамма рози бўладиган кишилар бор. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: Менга бир кеча муҳлат беринг, сизларга кучли ва ишончли одамни жўнатаман. Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу бундай деди: Ўшанда пешин намозига эртароқ келиб олдим. Мен бошлиқликни яхши кўрганим йўқ, балки мана шу (кучли ва ишончли деган) сифат соҳиби бўлишни орзу қилдим… Росулуллоҳ ﷺ биз билан пешинни ўқиб бўлганларидан кейин ўнг ва чап тарафларига назар ташладилар. Мен Росулуллоҳ мени кўрсин, деб бўйимни чўздим. Росулуллоҳ биз томонга қарайвердилар ва ниҳоят, Абу Убайда ибн Жарроҳни кўрдилар. Уни чақириб бундай дедилар:
«اُخْرُجْ مَعَهُمْ فَاِقْضِ بَيْنَهُمْ بِالْحَقِّ فِيمَا اِخْتَلَفُوا فِيهِ»
«Улар билан бирга боринг ва ўзаро келишолмаётган нарсалари тўғрисида ҳукм чиқариб беринг». Сўнг Абу Убайда розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ ﷺ айтган ишга кетди.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу фақатгина ишончли эмас, балки, кучли ҳам эди. Унинг кучлилик сифати қуйидаги бир неча ўринларда намоён бўлди. Росулуллоҳ ﷺ бир жамоа саҳоба розияллоҳу анҳумларни Қурайш карвонига учрашгани жўнатганида намоён бўлди. Ўшанда Росулуллоҳ ﷺ Абу Убайда розияллоҳу анҳуни уларга амир қилиб, уларни бир халта хурмо билан таъминладилар. Бундан бошқа берадиган нарса тополмадилар. Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу асҳобларининг ҳар бирига бир донадан хурмо берар, улар хурмони худди гўдак онасининг кўкрагини сўригандек сўришар ва орқасидан сув ичишар, бу уларга кечгача етар эди.
Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг кучлилиги Уҳуд кунида ҳам намоён бўлди. Мусулмонлар ўшанда мағлуб бўлаётган эдилар. Шунда мушриклардан бири менга Муҳаммадни кўрсатинг, менга Муҳаммадни кўрсатинг дея қичқира бошлади. Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳам Росулуллоҳ ﷺни ўраб олган ўн нафар мусулмонлар билан бирга бўлиб, улар кўкраклари билан Росулуллоҳ ﷺни мушрикларнинг найзаларидан ҳимоя қилар эдилар. Жанг тамом бўлгач, Росулуллоҳ ﷺнинг олди тишлари синиб кетганлиги, пешонаси ёрилганлиги ва совутидаги ҳалқалардан иккита ҳалқа чаккасига санчилиб қолганлиги маълум бўлди. Шунда Росулуллоҳ ﷺнинг олдиларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу келиб, юзларидан ҳалқаларни суғуриб олмоқчи бўлган эди унга Абу Убайда розияллоҳу анҳу: Қасам ичиб айтаманки, буни менга қўйиб беринг деди. У қўйиб берди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳалқаларни қўлим билан суғурсам, Росулуллоҳ ﷺга алам етказиб қўяман деб, улардан бирини олд тишлари билан куч билан маҳкам тишлаб, суғуриб олди, шунда битта тиши синиб тушди… Кейин яна бирини иккинчи тиши билан тишлаб, суғуриб олди, иккинчи тиши ҳам синиб тушди… Абу Бакр розияллоҳу анҳу бундай деди: «Абу Убайда кемшик одамларнинг энг чиройлиги бўлиб қолди» (Кемшик одам икки олд тиши синган одамдир).
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ ﷺ билан то вафот топгунга қадар барча воқеаларни гувоҳи бўлди. Сақифа куни Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳуга бундай деди: Қўлингизни беринг, сизга (халифа бўлишингизга) байъат қиламан. Чунки сиз ҳақингизда Росулуллоҳ ﷺнинг мана бундай деганини эшитганман:
«إِنَّ لِكُلِّ أُمَّةٍ أَمِيناً، وَأَنْتَ أَمِينُ هَذِهِ الْأَمَّةِ»
«Ҳар умматни ўз амини (ишончли кишиси) бор. Сиз эса мана шу Умматнинг аминисиз». Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу деди: Росулуллоҳ ﷺ намозда бизга имом бўлишига буюрган ва бизга то Росулуллоҳ ﷺ вафот этгунларига қадар имомликка ўтган кишининг олдини ҳатлаб ўтмайман. Шундан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга байъат қилинди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу унга ҳақ устида яхши насиҳатчи, яхшилик устида энг карамли ёрдамчи бўлди. Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзидан кейин халифаликни Умар ал-Форуққа топширди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга қаттиқ итоатли инсон бўлди. У Умар розияллоҳу анҳунинг буйруқларига асло итоатсизлик қилмади. Фақат бир марта итоатсизлик қилди. Хўш, Абу Убайда розияллоҳу анҳу мўминлар амирининг қайси буйруғига итоатсизлик қилганини биласизми?! Воқеа мана бундай бўлган эди: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Шом юртларида мусулмонлар қўшинларига қўмонданлик қилар, ғалаба кетидан ғалабага эришар эди. Ҳатто унинг қўли билан Аллоҳ Шомга қарашли барча диёрларга фатҳ берди… Натижада у шарқдан Фуротгача, шимолдан Кичик Осиёгача етиб борди. Ўшанда Шом юртларига шундай бир ўлат касали тарқалдики, инсонлар бундай ўлатни асло кўрмагандилар. Бу касаллик одамларни бир чеккадан қиришни бошлади… Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, элчи жўнатди. Мактубда шундай деди: «Сиз менга керак бўлиб қолдингиз, энди у ерда менга керакмассиз. Бас, сизга шуни буюраманки, мактубим сизга тунда етиб борса, тонг отмасдан йўлга чиқинг. Агар мактубим сизга кундузи етиб борса, кеч кирмасдан йўлга чиқинг». Абу Убайда Форуқнинг мактубини олгач, билдимки, мен мўминлар амирига керакман, аммо у абадий қололмайдиган кишини сақлаб қолмоқчи, деди ва унга жавоб ёзди: «Эй мўминлар амири, мен сизга кераклигимни билдим. Мен мусулмонлар қўшини ичида эканман, уларга етган мусибатдан ўзимни олиб қочишни истамайман… То Аллоҳ мен билан улар ўртасида бир ишга ҳукм қилгунга қадар улардан ажралмайман… Мактубим сизга етиб борганда мени буйруғингиздан халос қилинг ва шу ерда қолишимга изн беринг». Умар розияллоҳу анҳу унинг мактубини ўқигач, қаттиқ йиғлаб юборди… Ёнида турган одам унинг йиғлаётганини кўриб – Абу Убайда ўлибдими, эй мўминлар амири? деди. Форуқ – йўқ, аммо ўлими яқин, деди. Умар розияллоҳу анҳунинг гумони тўғри чиқди… Ҳеч қанча вақт ўтмасдан Абу Убайда розияллоҳу анҳу ўлатга чалинди. Унинг вафоти келган пайтда аскарларига шундай дея васият қилди: Мен сизларга шундай ишларни васият қиламанки, уларни қилсангиз, сизни ҳаргиз яхшилик тарк этмайди: «Намозни барпо қилинг, Рамазонда рўза тутинг, закот садақасини беринг, ҳаж ва умра қилинг. Амирларингизга холис бўлинг ва уларни алдаманг, дунё сизни қизиқтириб қўймасин. Чунки инсон минг йил умр кўрса ҳам, сиз кўриб турган еримгача етиб келишига шубҳа йўқ… Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ». Кейин Абу Убайда розияллоҳу анҳу Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга юзланиб, – эй Муоз, одамларга намозда имом бўлинг, деди. Кейин ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг покиза жони узилди. Шунда Муоз розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб деди: Эй инсонлар, сизлар шундай бир кишининг мусибатини тотмоқдасизки, мен ундан кўра қалби покроқ, ундан кўра ёмонликни ичидан чиқариб ташловчироқ, ундан кўра охиратни севувчироқ, ундан кўра ҳаммага насиҳатгўйроқ инсонни кўрмадим. Бас, Аллоҳдан уни раҳматига олишни сўранг, Аллоҳ ҳам сизни раҳматига олсин.


