Дарслик китоблар тақчиллиги қандай қилиб бюджет маблағларини қулай ўзлаштириш усулига айланди?

Дарслик китоблар тақчиллиги қандай қилиб бюджет маблағларини қулай ўзлаштириш усулига айланди?
«Билим куни» муносабати билан билдирилган кечаги қутловларнинг акс-садоси ҳали тинмай туриб, таълим тизимидаги асл муаммолар яна кун тартибига чиқа бошлади. Қирғизистон мактабларидаги дарслик китоблар етишмовчилиги атрофидаги муаммоларни бостириш уринишлари ҳокимиятнинг сиёсий ҳийла-найрангларини амалда акс эттирмоқда. Бошқача айтганда, ҳукумат тизимдаги коррупция масаласининг моҳиятини халққа оддий бир техник муаммо сифатида изоҳлашга уринмоқда.
Бу воқеанинг илдизи парламентда кўтарилган масалага бориб тақалади. Унда депутатлар, шу жумладан тегишли қўмиталар жиддий бир ҳолатни ошкор қилишди: давлатнинг «Учкун» корхонасида эксклюзив тарзда босиб чиқарилган ва ўқувчиларга бепул тарқатилиши керак бўлган янги давлат дарсликлари пойтахт бозорларида, жумладан «Дордой» бозорида оддий товар каби сотилаётгани маълум қилинди.
Аслида бу – давлат мулкини талон-торож қилиш ва уни яширинча қайта сотишга уриниш сифатида қайд этилмоқда. Таъкидлаш жоизки, «Учкун» давлат нашриёти бир неча йил олдин мамлакат олий раҳбарияти томонидан мактаблардаги ўқув адабиётлари етишмовчилигини тўлиқ бартараф этиш борасидаги катта ваъдалар асосида тузилган эди.
Аскат Алагозов бошчилигидаги президент матбуот хизмати бу масалага дарҳол изоҳ беришга шошилди. Бироқ Алагозов бу изоҳ орқали жамоатчиликни қизиқтирган асосий саволларга, аниқроғи, ўқувчиларга бепул берилиши лозим бўлган китоблар қандай қилиб бозорга чиқиб кетгани ва бундан ким манфаат кўраётганига аниқ жавоб бериш ўрнига, масалани техник муаммолар доирасига, яъни нашриётларнинг босиб чиқариш қуввати етишмаслиги, демографик ўсиш, миграция ва 12 йиллик таълим тизимининг зарурлигига буриб юборди.
Ҳокимият обрўсини тезда қайта тиклаш мақсадида: «Президент Садир Жапаров ўқув китоблари етишмовчилигини тўлиқ бартараф этиш учун қўшимча 7 миллиард сом ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди», деган қатъий баёнот берилди.
Баёнотда жамоатчиликнинг эътиборини коррупцияга боғлиқ саволлардан чалғитишга қаратилган бир қатор асосий тезислар, масалан: «…ўқув китоблари етишмовчилиги бугун пайдо бўлган муаммо эмас. Шу кунгача бу йўналишда ҳар йили атиги 100 миллион сом атрофида маблағ ажратилиб келинган…» деган сўзлар ўрин олди.
Бу ерда мавжуд муаммонинг сабабини ўтган йилларга тўнкаш орқали изоҳлаш услуби қўлланмоқда. Аниқроғи, ҳокимият аввалги йилларда бюджетдан кам маблағ ажратилганига ишора қилиб, бугунги давлат тузилмасининг муваффақиятсизликларини оқлашга уринмоқда. Бироқ президент матбуот хизмати тиқиштираётган бу изоҳдаги молиявий етишмовчилик – давлат хазинаси ҳисобидан босиб чиқарилган бундай китоблар қандай қилиб тижорий савдога чиқиб кетгани ва бундан ким фойда кўраётганини изоҳлаб беролмайди.
«Бирорта ҳам ота-она давлат таъминлашга мажбур бўлган ўқув китобини излаб бозорларни кезиб юрмаслиги керак.., шунинг учун Президент Садир Жапаров қўшимча 7 миллиард сом ажратиш ҳақида қарор қабул қилди», деган сиёсий гапга келсак, бу амалда йирик махинацияларни тергов қилиш борасидаги ҳаракатларни тўхтатишга ва халқнинг диққатини «пул таъсири» деган баҳона билан бошқа тарафга буришга уринишдир. Бошқача айтганда, ўғрилик ва китобларнинг ташқарига чиқиб кетиши «бизга маблағ етишмаяпти» деган тезис билан алмаштирилмоқда. Муаммо билан халқ ўртасида “жамият китобларнинг ўғирланишига, сўнгра сотилиб кетишига сабаб бўлган амалдорларни тинч қўйиб, ажратилаётган 7 миллиард сўмдан рози бўлиши керак” деган чалғитувчи парда тортилмоқда. Шунинг учун маъмуриятнинг миллиардлаб сом ажратиш тўғрисидаги тезкор реакцияси худди оловга мой сепиб ўчиришга ўхшайди.
Шу боис, бепул тарқатилиши лозим бўлган ўқув китобларининг бозорларда қандай қилиб пайдо бўлгани аниқланиб, бунга жавобгар шахсларнинг номлари ошкор қилинмагунча ва тегишли чора кўрилмагунча, қўшимча миллиардларнинг ажратилиши муаммонинг ечимига кафолат бўла олмайди. Аксинча, назорат ва масъулият таъминланмаса, янги маблағлар яна ўша коррупциявий схемалар орасида сингиб, йўқ бўлиб кетаверади. Бунинг асосий жабрдийдалари эса мактаблар ва ота-оналар бўлиб қолаверади.
Ҳужжат Жамиа




