Иш ҳақи статистикаси халқдан нимани яширади?

Иш ҳақи статистикаси халқдан нимани яширади?
2026 йилнинг биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўртача номинал иш ҳақи 64 минг 293 сомни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга кўпроқдир. Бу ҳақда пойтахтнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига бағишланган шаҳар ҳокимлигининг мажлисида маълум қилинди.
Шаҳар ҳокимлигининг маълумотларига кўра, айнан шу даврда Бишкекда инфляция даражаси 10,1 фоизни ташкил этган. Бошқача айтганда, иш ҳақининг номинал ўсиши истеъмол нархларининг ошишидан анча юқори бўлган.
Бундай кўрсаткичлар сиртдан қараганда бишкекликларнинг даромадлари ортиб, турмуш даражаси яхшиланиб бораётгандек таассурот уйғотади.
Изоҳ:
Бишкекдаги ўртача ойлик маош қоғозда расмий инфляция даражасидан юқоридек кўринади: яъни қоғозда у 10,1 фоизлик инфляцияга қарши 23 фоизга ўсган. Инфляцияни ҳисобга олган ҳолда айтиладиган бўлса, иш ҳақининг реал ўсиши тахминан 11,7 фоизни ташкил этади. Бироқ фақат шу кўрсаткичнинг ўзига таяниб бишкекликларнинг турмуш даражаси юксалди ва халқ бойиб кетди, деган хулоса чиқариш нотўғридир.
Биринчидан, 64,3 минг сомлик ўртача ойлик маош қандай усул асосида ҳисоблангани тўлиқ очиқланмаган. Хусусан, ҳисоб-китобга ходимларнинг қайси тоифаси киритилгани, қайси тармоқлар ва корхоналар ҳисобга олингани, ўртача кўрсаткич қандай усулда чиқарилгани ҳамда инсонларнинг айнан қайси қатлами бу ҳисоб-китобнинг асосини ташкил этиши номаълум.
Бундан ташқари, арифметик ўртача кўрсаткич реал вазиятни жиддий равишда бурмалаб кўрсатиши мумкин. Масалан, агар ҳисоб-китобга жуда юқори маош олувчи ходимларнинг — аниқроғи, раҳбарларнинг, юқори лавозимли амалдорларнинг ёки айрим сердаромад соҳа вакилларининг кичик бир гуруҳи киритилиб, уларнинг ёнига кам маош олувчи ходимларнинг бир қисми киритилса, натижада ўртача кўрсаткич юқори бўлиб чиқади. Бироқ бу сумма аҳолининг асосий қисмининг иш жараёндаги даромадини акс эттирмаслиги мумкин.
Иккинчидан, расмий истеъмол нархлари индекси ҳар бир оиланинг кундалик ҳақиқий харажатларини тўлиқ қамраб, акс эттира олмайди. Турар жой, озиқ-овқат, коммунал хизматлар, транспорт ва ёқилғи нархлари айниқса бир оила учун анча тезроқ ўсиши мумкин.
Демак, ўртача ойлик маош оддий ходимнинг реал даромадини, расмий истеъмол нархлари индекси эса аниқ бир оиланинг кундалик харажатларини тўлақонли кўрсатиб бера олмайди.
Шу боис, бу маълумотларга асосланиб «халқ бойиди» деган хулоса чиқаргандан кўра, расмий ҳисоб-китоблар бўйича ўртача ойлик маош ошди, деб айтиш тўғрироқ бўлади. Аммо аҳолининг амалдаги харид қобилияти қанчалик юқорилагани ва асосий харажатлар қоплангандан кейин оилаларнинг қўлида қанча маблағ қолиши — бу масала алоҳида, кенг қамровли ва мустақил таҳлилни талаб қилади.
Абду Шукур




