Ташиев ва “75чилар” иши бўйича шаҳар судининг ҳукми эълон қилинди

Ташиев ва “75чилар” иши бўйича шаҳар судининг ҳукми эълон қилинди
Бугун, 10 сентябрь куни Бишкек шаҳар суди “75чилар хати” бўйича апелляция шикоятларини кўриб чиқиб, саккиз нафар судланувчининг ҳар бирини тўрт йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Айбловдаги “Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш” моддаси “Сайлов ҳуқуқларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш” моддасига ўзгартирилиб, жазо икки йиллик пробация назорати билан чекланди. Ушбу моддага кўра, мол-мулкни мусодара қилиш талаби бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 июлида Бишкекнинг Биринчи май туман суди “75чилар хати” бўйича ҳукм чиқарган эди. Унда судланувчилар “Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш” моддаси бўйича айбдор деб топилиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этилганди. Бунга 9 февраль куни собиқ амалдорлардан иборат 75 кишининг президент Садир Жапаровга ҳамда Жогорку Кенешнинг ўша пайтдаги спикери Нурланбек Тургунбек ўғлига мурожаат қилиб, муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишга чақиргани асос бўлган эди.
Шундан келиб чиқиб, 10 февраль куни Садир Жапаров Камчибек Ташиевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод қилди. Шу тариқа, “икки дўст”нинг тандем ҳокимияти ўз ниҳоясига етди. Бу билан Жапаров бўлажак сайловларда кучли рақобатчининг майдонга чиқишининг олдини олиб, ўз президентлик муддатини узайтиришга йўл очди. Айниқса, ўтмишдаги ҳокимиятнинг барча кирдикорларида Ташиевни айбдор қилиш орқали уни “сиёсий ўлик”ка айлантириш ҳаракатлари кетмоқда. Бундан ташқари, Ташиев ва унинг атрофидаги шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, уларнинг айбдор деб топилиши бу шахсларни сайловолди сиёсий жараёнлардан четлаштиради ва уларни қўл-оёғи боғлиқ аҳволга солиб қўяди.
Ҳокимият учун таъсир талашишдаги ташқи омилларга келсак, мамлакатда асосий таъсирга эга бўлган Россия Ташиевнинг лавозимидан олинганига жиддий муносабат билдирмади. Аксинча, айрим рус оммавий ахборот воситалари унинг лавозимдан четлатилганини қўллаб-қувватловчи хабарларни тарқатди. Бу ҳолат Ташиевнинг лавозимидан четлатилишида Россия Жапаровни билвосита қўллаб-қувватлаганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, 2027 йилги сайловда Жапаровнинг яна қайта президент бўлиб сайланишига ҳозирча жиддий тўсиқ қолмади. Шунга қарамай, Қирғизстондаги сиёсий воқеаларнинг шиддат билан ривожланиб боришини ҳисобга олсак, сайлов олдидан вазият бутунлай бошқача тус олиши ҳам мумкин. Айниқса, жиноий жавобгарликка тортилиш арафасида турган Ташиевнинг қўлида қолган компроматлар мухолиф сиёсатчиларга бош кўтариш ва бу вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолиш учун имконият яратиши мумкин. Бунга қўшимча равишда, мамлакатда амал қилаётган капиталистик тизим ўз табиатига кўра халқ турмушини кундан-кунга оғирлаштирмоқда. Солиқларнинг ортиб бориши, янги-янги солиқ турларининг жорий этилиши, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув каби асосий эҳтиёжлар тарифларининг қимматлашуви ҳамда асосий истеъмол товарлари нархларининг кескин ўсиши аҳоли норозилигининг кучайишига сабаб бўлмоқда. Аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилиши керак бўлган табиий бойликларимиз эса инвестор ниқоби остидаги чет элликлар томонидан шафқатсизларча талон-торож қилинмоқда.
Демак, Қирғизстондаги асосий муаммо ҳокимият ёки мамлакат раҳбарларининг алмашишида эмас. Гап шундаки, минтақадаги мустамлакачи кучлар раҳбарият алмашинувидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қоляпти, халқ эса бунга алданиб қолмоқда. Шу боис, биз мусулмонлар бирон-бир ҳокимиятнинг ёки сиёсий доиранинг алмашишига алданиб қолмаслигимиз керак. Биз фақат Ислом асосида бирлашиб, Ислом мафкурасини кўтариб чиқиш билангина бу ноаниқликларга чек қўя оламиз. Чунки Ислом фақат Қирғизстонда эмас, балки бутун дунёдаги мусулмонларни бирлаштириш қудратига эгадир. Исломга таянган ҳукуматгина юртимиздаги мустамлакачиларнинг таъсирини илдизи билан қўпориб ташлай олади. Бундан бошқа таклиф қилинаётган йўлларнинг барчаси вақтинчалик ечим ёки мустамлакачиларнинг навбатдаги ҳийла-найрангларидан бошқа нарса эмас.
Акилбек Исаков




