Хабар ва изоҳ

Тожикистон Макка конвенциясига қўшилди

Тожикистон Макка конвенциясига қўшилди

2026 йил 28 октябр куни Тожикистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатларнинг Макка конвенциясига қўшилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлигини тартибга солувчи мазкур халқаро ҳужжатга Тожикистон Давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши курашиш агентлигининг директори Сулаймон Султонзода имзо чекди.

Бокуда ўтказилган саммитда 48 та давлатнинг тегишли идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди. Мазкур келишувга Тожикистон билан бирга Озарбайжон ҳам имзо чекди.

Бу конвенцияга қўшилиш Душанбе учун Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг молиявий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан бевосита тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш йўлини очади. Томонлар тергов маълумотларини алмашиш, қўшма тергов ҳаракатларини ўтказиш ҳамда коррупцияда гумон қилинаётган шахсларни давлатлараро қидирувга бериш жараёнларини мувофиқлаштиришни режалаштирмоқда.

Ҳужжатда ўғирланиб, хорижий давлатларга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилган давлат активларини хатлаш, музлатиб қўйиш ва кейинчалик тегишли давлатга қайтариш механизмларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бу келишувнинг ҳарбий-сиёсий тусдаги «Макка конвенцияси»га (Ислом ҳарбий коалициясига) ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Макка конвенцияси – Ислом оламидаги иқтисодий жиноятлар ва пул ювишга қарши курашишга қаратилган ҳамда фуқаролик идоралари ва прокуратуранинг ўзаро ҳамкорлигини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатдир.

Тожикистон мазкур тузилмаларнинг ҳар иккаласида ҳам иштирок этади, бироқ уларнинг фаолиятини жавобгарлик соҳаларига қараб ажратади, яъни мудофаа ва коррупцияга қарши курашиш идораларининг вазифаларини бир-биридан фарқли деб билади.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button