ШҲТ халқаро тартибни ўзгартира оладими?

ШҲТ халқаро тартибни ўзгартира оладими?
Қирғизстон сўнгги кунларда давлат раҳбарлари учрашувлар ўтказадиган йирик майдонга айланди. Аниқроғи, Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида йигирмадан ортиқ давлат раҳбарлари бир жойга жамланди. Оммавий ахборот воситаларида энг кўп ёритилган асосий янгиликлардан бири ҳам айнан мазкур саммит бўлди. Чунки бугунги глобал воқеалар марказида турган етакчилар шу анжуманда иштирок этишди. Бошқача айтганда, ШҲТнинг навбатдаги бу йиғилишига АҚШ билан тарифлар урушини олиб бораётган Хитой ҳамда АҚШ ва Исроил тажовузига дуч келган Эрон, шунингдек, Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиси бўлган Россия раҳбарлари ташриф буюришди. Айрим ахборот манбалари ШҲТни гўёки Ғарбга қарши тузилган ташкилот сифатида кўрсатишга уринишди. Бироқ ташкилот одатдагидек бирор-бир кескин амалий қадамларни ташлагани йўқ.
Ташкилотнинг айрим аъзолари Ғарб билан қарама-қаршиликка борган, ҳатто айримлари очиқ тўқнашув даражасига етган бўлса-да, ташкилотнинг умумий йўналиши, баёнотлари ва расмий ҳужжатлари Ғарбга нисбатан кескин бирдамлик позициясини акс эттирмади. Чунки ташкилотга аъзо давлатларнинг ташқи сиёсатдаги ёндашувлари бир-биридан фарқ қилади. Қолаверса, умуман олганда, ташкилот аъзолари Ғарб билан қарама-қаршиликка киришишдан кўра, у билан ҳамкорлик қилишдан кўпроқ манфаатдор. Буни саммит қатнашчиларининг кўп қутбли дунёни барпо этишга чорловчи баёнотлари ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Бундан ташқари, ташкилотнинг айрим аъзолари ўртасида чегара масалалари ҳамон ҳал этилгани йўқ, яъни улар бир-бирига нисбатан рақобатчи давлатлар ҳисобланади.
Масалан, Марказий Осиё давлатлари бошқа давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлида ШҲТ саммитидан фойдаланишга интилмоқда. Бундай ҳамкорликнинг пойдеворини эса иқтисодий соҳа ташкил этади. Шу боисдан ҳам мазкур жараёнда Хитой Марказий Осиё учун муҳим инвестор ва кредитор сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Ўз навбатида, Хитой ҳам ШҲТ доирасида ўз иқтисодий манфаатларини изчил илгари суриб бормоқда. Пекиннинг назарида, ШҲТ ҳудудига кирувчи давлатлар унинг маҳсулотлари эркин ўтишини таъминлаши ҳамда «Бир макон, бир йўл» лойиҳасини рўёбга чиқаришни тўлиқ таъминлаши лозим. Қолаверса, Хитой Марказий Осиё давлатлари билан барча жабҳаларда ҳамкорликни кучайтириб бормоқда. Бунинг сабаби — мазкур минтақада Пекин учун зарур бўлган улкан бойликлар мавжуд ва у бевосита Хитой билан чегарадошдир. Табиий қазилмаларга бой бўлган ҳамда «Бир макон, бир йўл» лойиҳасининг дарвозаси саналган Марказий Осиё Хитой учун тобора стратегик аҳамият касб этиб бормоқда. Бироқ Пекин ўз манфаатларини рўёбга чиқаришда фақатгина иқтисодий лойиҳалар билан чекланиб қолиш етарли эмаслигини тушуниб бормоқда. Шу сабабли у Марказий Осиё давлатлари билан маданий алоқаларни ҳамда давлат муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ҳам жадал суратда кучайтирмоқда.
Россия эса ШҲТни Марказий Осиёга Ғарб таъсири кириб келишининг олдини олувчи қалқон сифатида кўради. Бироқ унинг мақсадлари ўзи кутгандек амалга ошмади. Чунки юқорида қайд этганимиздек, ташкилот аъзолари Ғарб билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Ҳатто Ҳиндистон ва Покистон сингари йирик давлатлар ҳам АҚШ билан стратегик шериклик алоқаларига эга. Шунинг учун ҳам ташкилот аъзолари тарафларга бўлиниб кетмасдан, фақат кўп қутбли сиёсатни қўллаб-қувватловчи чақириқлар билан чекланиб қолмоқдалар. Бироқ бундай кўп қутбли сиёсат Россиянинг ўзига ҳам «зарба» бўлишини унутмаслик керак. Чунки бу фақат Россияга боғланиб қолмасдан, бошқа давлатлар билан ҳам тўлақонли ҳамкорлик қилишни англатади. Бу эса, ўз навбатида, Хитой ва бошқа йирик давлатлар билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳамкорлик қилишга ва шубҳасиз, уларнинг таъсири минтақага кириб келишига йўл очади.
Мазкур сабабларга кўра, ШҲТ ҳозирча жаҳон тартиботига жиддий таъсир кўрсата оладиган куч бўлишдан йироқ. Агар келажакда ташкилот сафига яна янги аъзолар қўшиладиган бўлса, бу уларнинг бирдамлик позициясини шакллантиришда янада кўплаб тўсиқларни келтириб чиқариши тайин. Шунинг учун ҳам ШҲТ яқин келажакда аъзо давлатларнинг ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик йўлларини излайдиган хотиржам минбари бўйича қолиши кутилади.
Ҳарун Абдулҳак




