Мақолалар

Қирғизистонда сиёсий вазият яна кескинлашмоқда

Қирғизистонда сиёсий вазият яна кескинлашмоқда

Қирғизистонда 18 июнь куни Жўқорғи Кенгеш раиси (спикери) Марлен Маматалиев «75чиларнинг хати» асосида олиб борилаётган суд иши бўйича баёнот берди. Унинг таъкидлашича, ушбу гуруҳнинг асосий мақсади президентлик сайловини 2026 йилда ўтказиш бўлган. Унгача эса жамиятни мазкур жараёнга тайёрлаб боришган.

«Агар биз ушбу хатни уч ўқишда қабул қилганимизда, воқеалар ривожи қандай тус олган бўларди? Вето қўйиларди, қонун бўйича бундай бўлиши керак, деган баҳслар чиқарди. Хуллас, парчаланиш юз бериб, халқ иккига бўлинарди; уруш-жанжаллар келиб чиқиб, давлатга жиддий хавф туғиларди», – деди спикер.

Бундан олдин ёпиқ тарзда кўрилаётган суд мажлиси, айбланувчиларнинг илтимосига кўра, 15 июндан эътиборан очиқ тарзда ўтказила бошлади. Очиқ суд жараёнлари бошланиши биланоқ, худди шу куннинг ўзида мазкур ишдаги айбланувчилар ва гувоҳларнинг видеоёзувлари тарқалиб кетди. Фейсбук тармоғида эълон қилинган 11 дақиқали видеолавҳада Қамчибек Ташиев бошчилигидаги бир неча кишининг кўрсатмалари қирқилган ҳолда оммага ҳавола этилди.

Бунинг ортидан жамиятда ҳар икки томоннинг позициясини қўллаб-қувватловчи баҳс-мунозаралар авж олмоқда. Айниқса, суд мажлисларининг очиқ ўта бошлагани ва ҳукуматнинг айбланувчиларни қоралашга қаратилган ахборот кампаниялари бундай муҳитнинг шаклланишига туртки бўлмоқда.

Шу тариқа, амалда тандем билан ҳокимият тепасига келган Ташиев ўз дўсти Садир Жапаровнинг навбатдаги президентлик сайловидаги иштироки учун ва унинг ҳокимияти учун асосий хавф бўлиб қолмоқда.

Бундан аввалроқ Ташиевнинг ҳокимиятда бўлган давридаги коррупциявий ишларига оид видео лавҳалар эълон қилиниб, унинг яқинларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган эди. Оқибатда, кун келиб унинг ўзига ҳам жиноят иши очилди ва у судда кўрсатма беришга мажбур бўлмоқда. Бу орқали Жапаров бўлажак сайловларда кучли рақиб пайдо бўлишининг олдини олиб, ўзининг президентлик муддатини узайтиришга йўл очмоқда. Айниқса, ўтмишдаги ҳокимиятнинг барча қора ишларида Ташиевни айбдор қилиш орқали уни «сиёсий мурда»га айлантириш ҳаракати олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Ташиев ва унинг атрофидаги шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши уларни сайловолди сиёсий жараёнлардан узоқлаштириб, қўл-оёғини боғлаб қўйиш билан баробардир.

Ҳокимият учун таъсир талашишдаги ташқи омилларга тўхталадиган бўлсак, мамлакатда асосий таъсир кучига эга бўлган Россия Ташиевнинг лавозимидан четлатилишига жиддий муносабат билдирмади. Аксинча, айрим рус оммавий ахборот воситалари унинг ҳокимиятдан кетганини олқишловчи хабарлар тарқатди. Бу ҳолат Ташиевни лавозимидан бўшатишда Россия Жапаровни билвосита қўллаб-қувватлаганидан далолат беради. Демак, Ташиевнинг таъсирини йўқотишда Жапаров ташқи дастакка таянганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, 2027 йилда ўтадиган сайловда Жапаровнинг қайтадан президент этиб сайланишига қарши ҳозирча жиддий тўсиқ қолмади. Шунга қарамай, Қирғизистондаги сиёсий воқеаларнинг шиддат билан ривожланишини ҳисобга олсак, сайловолди вазият мутлақо ўзгариб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айниқса, жиноий жавобгарликка тортилиш арафасида турган Ташиевнинг қўлидаги мавжуд компроматлар мухолифатчи сиёсатчиларнинг бош кўтаришига ва вазиятдан ўз манфаатлари йўлида унумли фойдаланишига йўл очиши мумкин.

Бунинг устига, мамлакатда жорий этилаётган капиталистик тузумнинг табиати халқ ҳаётини кун сайин оғирлаштириб бормоқда. Солиқларнинг кўпайиши, янги-янги турларининг жорий этилиши, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув каби ҳаётий зарур хизматлар тарифларининг қимматлашиши, асосий истеъмол товарлари нархининг кескин ўсиши ҳамда уй-жой ижара ҳақларининг ҳаддан ташқари кўтарилиб кетиши халқ норозилигини кучайтираётган асосий омил бўлиб қолмоқда. Халқ фаровонлиги учун хизмат қилиши керак бўлган ер ости ва усти бойликларимиз эса «сармоядор» ниқоби остидаги чет элликлар томонидан талон-торож қилинмоқда.

Расмий ҳукумат бундай ижтимоий кескинликни айрим популистик қадамлар билан юмшатишга уринмоқда. Шунингдек, даъватчи мусулмон оилаларни таъқиб қилиш ва «маски-шоу»лар (махсус кучлар иштирокидаги амалиётлар) уюштириш орқали жамият эътиборини экстремизм ва терроризм мавзуларига тортишга ҳаракат қилмоқда.

Демак, Қирғизистондаги асосий муаммо фақатгина ҳокимият вакиллари ёки давлат раҳбарларини алмаштиришдан иборат эмас. Асосий масала шундаки, минтақадаги мустамлакачи кучлар ҳокимият алмашинувидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда, халқ эса бу ўйинларга алданиб қолмоқда. Шундай экан, биз, мусулмонлар, у ёки бу ҳукуматнинг ёхуд сиёсий доираларнинг алмашишига учмасдан, Ислом асосида бирлашиб, Ислом мафкурасини кўтариб чиқиш билангина бу мавҳумлик чек қўя оламиз. Зеро, Ислом нафақат Қирғизистондаги, балки бутун дунёдаги мусулмонларни бирлаштирувчи ҳақиқий кучга эгадир. Фақатгина Исломга таянган давлат тизими тупроқларимиздаги мустамлакачиларнинг таъсирини туб илдизи билан йўқ қила олади. Бундан бошқа таклиф қилинаётган йўлларнинг барчаси вақтинчалик чора ёки мустамлакачиларнинг навбатдаги найрангларидан бошқа нарса эмас.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button