Бинолар ер майдонлари билан бирга сармоядорларга топширилади

Бинолар ер майдонлари билан бирга сармоядорларга топширилади
Қирғизизтон президенти Садир Жапаров янги фармонни имзолади. Мазкур фармон давлат миқёсидаги йирик лойиҳаларни амалга оширишда сармоядорларни жалб қилишни кўзда тутади. Бунинг натижасида давлат тасарруфидаги айрим бинолар ва ерларни сармоядорларга бериш имкониятлари янада кенгайди. Ушбу иншоотлар қаторидан маъмурий бинолар ҳамда шифохона ва поликлиника каби тиббиёт муассасалари ҳам жой олган.
Айниқса, Бишкек шаҳрида барпо этилиши режалаштирилаётган янги тиббиёт шаҳарчаси лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга. Эски шифохона ва поликлиникалар жойлашган бинолар, шунингдек, уларга тегишли бўлган ер майдонлари сармоядорлар ихтиёрига топширилиши мумкин. Бундай қарорлар тўғридан-тўғри музокаралар асосида тузилган келишувларга таянган ҳолда қабул қилинади. Демак, янги тартибга кўра, сармоядорларга нафақат бинонинг ўзи, балки ўша бино жойлашган ер майдони ҳам қўшиб берилиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу тажрибани бошқа давлат биноларига нисбатан ҳам қўлланилиши кутилмоқда. Ҳатто тарихий ва маданий мерос ҳисобланган обидалар ҳам, агар зарурат туғилса, мазкур механизм асосида сармоя лойиҳаларига киритилиши ҳамда ер майдонлари билан бирга сармоядорлар тасарруфига ўтказилиши мумкин.




