Хабар ва изоҳ

Қирғизстонда импортга қарамлик кучайиб бормоқда

Қирғизстонда импортга қарамлик кучайиб бормоқда

2026 йилнинг январь–июнь ойларида Қирғизистонда ташқи савдо айланмасининг ҳажми 7 миллиард 904 миллион 774 минг долларни ташкил этди. Қирғизистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари аввалгидек Осиё ва МДҲ давлатлари бўлиб қолмоқда.

Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Қирғизистонга 6 миллиард 835 миллион 185 минг долларлик товар импорт қилинган. Унинг 40 фоиздан кўпроғи Хитой ҳиссасига тўғри келади. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида эса, Қирғизистондан хорижга атиги 1 миллиард 69 миллион 589 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган холос.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Қирғизистонда савдо балансининг манфий салдоси, бошқача айтганда, савдо дефицити 5 миллиард 765 миллион 595 минг долларни ташкил этди. Энг катта савдо дефицити қуйидаги давлатлар билан кузатилди: Хитой билан — 2 миллиард 763 миллион 681 минг долларни ташкил этган бўлса, Россия билан — 1 миллиард 395 миллион 453 минг долларни ташкил этди.

Изоҳ:

Кўриниб турганидек, Қирғизистон 2026 йилнинг биринчи ярмида хориждан жуда кўп товар сотиб олган, бироқ хорижга сотган маҳсулотлари миқдори сезиларли даражада кам бўлган. Айниқса, Хитой билан савдода импорт даражаси экспорт даражасидан анча юқори. Бу эса Қирғизистон ўзи сотган товар ҳажмидан кўра кўпроқ товар сотиб олганини яққол кўрсатиб турибди. Яъни импорт ҳажми экспорт ҳажмига қараганда 6 ҳиссадан кўпроқни ташкил этди.

Бундай улкан ҳажмдаги дефицит мамлакат ва унинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, товарларни импорт қилишда фақатгина битта давлатга — Хитойга таянмоқ хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин. Сабаби, Хитойдан келтирилаётган маҳсулотлар умумий импортнинг 40 фоизидан ортиғини ташкил этмоқда. Бу дегани, агар Хитойдан товар келмай қолса, ёки у ерда нархлар кўтарилса ёхуд логистика ва савдо сиёсати ўзгарса, бу ҳолат Қирғизистондаги нархларга ва савдо муҳитига дарҳол таъсир қилади, деганидир.

Қолаверса, импортнинг экспортдан сезиларли даражада юқори бўлиши мамлакатдаги барқарор валюталарнинг чет элга чиқиб кетишига сабаб бўлади. Чунки Қирғизистондаги истеъмолчилар ва тадбиркорлар товар харид қилганда, пулнинг салмоқли қисми хорижлик ишлаб чиқарувчиларга оқиб кетади. Натижада мамлакатда чет эл валютасига эҳтиёж юзага келади.

Четдан олиб келинаётган арзон баҳодаги маҳсулотларга ўрганиб қолиш маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, бу вазиятдан чиқиш учун маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Бироқ амалдаги тенденциялар импортга қарамликни янада мустаҳкамламоқда. Чунки бир томондан, амалдорларнинг коррупцияси ва турли бюрократик талаблари ишбилармонларнинг ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг олдинға силжишига ғов бўлмоқда. Иккинчи томондан эса, электр энергияси, сув ва бошқа шу каби хизматлар нархининг қимматлашиши маҳаллий маҳсулотлар таннархининг ошишига олиб келмоқда. Бу ўз навбатида четдан келаётган арзон импорт товарлар билан рақобат қилиш имкониятини йўққа чиқаради.

Ҳарун Абдулҳак

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button