Янгиликлар

«Ақлли» ҳисоблагичлар учун миллионлаб маблағ тўланди

«Ақлли» ҳисоблагичлар учун миллионлаб маблағ тўланди

Қирғизистонда энергетика инфратузилмасини янгилаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Бироқ бу жараён мамлакатдан улкан миқдордаги маблағларнинг хорижга чиқиб кетишига олиб келмоқда. Ушбу масала Жогорку Кенешнинг мазкур соҳа бўйича йиғилишида энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Омурбек Женишбековнинг маърузасидан сўнг қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Давлат мулозимининг таъкидлашича, ўтган йили мамлакат бўйлаб Хитойдан келтирилган 500 мингга яқин «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатилган. Ушбу хариднинг умумий қиймати 14 миллион долларни ташкил этган бўлиб, битта ҳисоблагичнинг ўртача нархи тахминан 20 долларга тушган.

Шу билан бирга, айрим депутатлар бундай қарордан ўз хавотирларини билдирдилар. Хусусан, халқ вакили Улукбек Ормонов нима сабабдан катта ҳажмдаги маблағлар хорижга йўналтирилаётгани ва нега маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланмаётгани ҳақида ҳақли саволларни ўртага ташлади.

Женишбековнинг изоҳлашича, ҳисоблагичларни мамлакат ичида ишлаб чиқариш имкониятлари кўриб чиқилган. Бунинг учун «Дастон» заводи негизида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган эди. Бироқ томонлар бир тўхтамга кела олмаган. Чунки маҳаллий ишлаб чиқариш нархи анча юқори бўлиб, қарийб 25 миллион долларга тушган. Бу эса хорижлик ҳамкорлар таклифидан нақ 2,5 баравар қиммат демакдир.

Бундан ташқари, молиялаштириш шартлари ҳам муҳим рол ўйнаган. Харид жараёни Жаҳон банкининг кредити ҳисобидан амалга оширилгани боис, мажбурий тартибда очиқ тендер ўтказиш талаб этилган. Натижада энг паст нархни таклиф қилган Хитой компанияси ғолиб деб топилган.

Хулоса ўрнида: Бир томондан, «ақлли» ҳисоблагичлар туфайли қишнинг қаҳратонида оддий халқ заҳмат чекаётган бўлса, иккинчи томондан, халқдан йиғилган маблағлар «тендер» ниқоби остида Хитойга чиқиб кетмоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button