АҚШ-Эрон уруши авж олмоқда: бунинг «бадалини» Араб давлатлари тўлайдими?

АҚШ-Эрон уруши авж олмоқда: бунинг «бадалини» Араб давлатлари тўлайдими?
АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг бош маслаҳатчилари билан ўтказган йиғилишлардан сўнг, Эронга қарши ҳарбий амалиётларни кенгайтиришга мойиллик билдирган. Бу ҳақида «The Wall Street Journal» нашри хабар тарқатди.
Нашр тарқатган хабарга кўра, Вашингтон айни пайтда Эрон ҳудудига ҳаводан бериладиган зарбаларни кучайтириш, Ҳурмуз бўғозидаги оролларни назоратга олиш учун қуруқликдан қўшинлар юбориш ҳамда Эроннинг энергетика объектларига зарба бериш масалаларини ҳам кўриб чиқмоқда.
Шунингдек, нашрнинг таъкидлашича, агар президент бу қадамларни маъқулласа, АҚШ учун низонинг энг хавфли босқичи бошланиши мумкин. Бундай вазиятда Вашингтон Яқин Шарқдаги зиддиятлар гирдобига янада чуқурроқ ботиб қолади. Натижида бензин нархининг кўтарилиши ва бунинг Республикачилар партиясининг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Конгресс оралиқ сайловлардаги имкониятларига салбий таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас.
Трамп эса бу урушнинг харажатларини Форс кўрфази мамлакатлари зиммасига юклашни кўзламоқда. У ушбу давлатларни ҳимоя қилаётгани учун улардан товон талаб қилиб, шундай деди: «Сарфлаган харажатларимиз қопланишини истайман, чунки биз дунёдаги энг бой ҳудудларни ҳимоя қиляпмиз. Мисол учун, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Баҳрайн ва Қувайт каби давлатларни олайлик. Бундан бошқа мамлакатлар ҳам бор. Бизга уларнинг нефти керак эмас. Ўзимизда дунёдаги барча мамлакатлардан ҳам кўпроқ нефть мавжуд. Венесуэла заҳираларини ҳам ҳисобга олсак, дунё нефть захирасининг ярмидан кўпи бизнинг назоратимизда. Аммо иттифоқчиларимизни ҳимоя қилаётганимиз учун бу товон пули бизга зарур».
Шу билан бирга, АҚШ ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик узоқ давом этувчи зиддият босқичига кирди. Икки томон ўртасида тузилган меморандум барбод бўлиб, дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳеч қандай натижа бермаганидан сўнг, икки давлат ўртасидаги можаро узоқ муддатли зиддият фазасига ўтди. Ҳозирча томонларнинг ҳеч бири тезкор ҳарбий ғалабага эриша оладиган вазиятда эмас.
Теҳрон Ҳурмуз бўғозидаги денгиз қатновига хавф туғдира оладиган ракеталари, учувчисиз учоқлари ва ҳарбий кемаларини асосий тийиб турувчи қуроли сифатида сақлаб келмоқда. Вашингтон эса Ҳурмуз бўғозида кемаларнинг эркин қатновини таъминлашни ва Эроннинг минтақадаги таъсирини жиловлашни кўзлайди.
Бу можаро ҳар икки томонга ҳам катта зарар олиб келмоқда. Эрон санкциялар ва нефть экспортидаги чекловлардан азият чекаётган бўлса, жаҳон бозорида нефть нархи кўтарилиб, денгиз орқали юк ташиш харажатлари қимматлашмоқда.
Дональд Трамп маъмурияти ягона ва аниқ стратегияга эга эмаслиги боис танқидлар остида қолмоқда. Оқ уй сиёсати баъзан ҳарбий зарбалар ва блокадага урғу бериш, баъзида эса санкциялар ёки дипломатик музокараларга урғу бериш билан гоҳ у ёққа, гоҳ буёққа ўзгариб турибди, аниқ бир йўналишга эга эмас.
Воситачилик ҳаракатлари ҳам ўзаро ишонч йўқлиги сабабли ҳалигача самара бергани йўқ. Йирик давлатлар бу можарога тўғридан-тўғри аралашишдан ўзларини тийиб туришибди. Ғарблик кўплаб таҳлилчилар фақатгина сиёсий музокаралар узоқ муддатли ва барқарор ечим бўла олишини таъкидламоқдалар. Зеро, урушнинг узоққа чўзилиши можаро кўламининг кенгайишига ва жаҳон иқтисодиётига янги босимларнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин.
Бундай шароитда, Исломий ўлкалардаги айрим қўғирчоқ ҳукмдорлар Америка манфаатларини ҳимоя қилиш орқали ўз ҳудудларини нишонга айлантириб, ўз халқини оғир аҳволга солиб қўймоқда. Бундан ташқари, уруш харажатларини ҳам айнан уларнинг бўйнига илиниш эҳтимоли жуда юқори. Мусулмонларнинг душманлари билан дўстона алоқалар ўрнатишга уринаётган бундай кимсаларнинг охиратдаги жазоси эса, бундан ҳам оғирроқ бўлиши шубҳасиздир.
Ҳарун Абдулҳақ




