Ер алмашиш – СССР сиёсатининг аччиқ оқибатлари

Ер алмашиш – СССР сиёсатининг аччиқ оқибатлари
Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари давлат чегараларини демаркация қилишнинг навбатдаги босқичини якунлаб, ўзаро тенг ва мутаносиб равишда чегара ҳудудларини алмашдилар. Бу гал 2,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Чонг-Гара ва Тош-Тепа қишлоқлари Қирғизистон таркибига ўтди. Маҳаллий аҳолининг кўпчилигини этник қирғизлар ташкил этади. Юридик расмийлаштириш ишлари якунига етгач, мазкур ҳудуд аҳолисига Қирғизистон Республикаси фуқаролиги берилиши ваъда қилинди.
Бунинг эвазига Ўзбекистонга умумий майдони 236 гектар бўлган қимматли ер майдонлари компенсация сифатида топширилди. Ушбу ерларнинг бир қисми чегараолди ҳудудларининг транспорт алоқасини мустаҳкамлаш учун янги автомобиль йўли қурилишига ажратилади.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ер алмашинув ташаббуси – Совет Иттифоқининг мустамлакачиликка асосланган «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» сиёсати натижасида келиб чиққан ва ўтмишда худди «мина» сингари кўмиб кетилган ғоят нозик муаммоларни ҳал этишга бўлган уриниш эканлиги кўриниб турибди. Бу қадам муайян ҳудудлардаги айрим ноқулайликларни бартараф этиб, кескинликни камайтиришга хизмат қилса-да, афсуски, муаммонинг асл илдизини қуритмайди. Бу саъй-ҳаракатлар шунчаки мавжуд тизимга мослашишнинг мураккаб дипломатик механизми, холос. Қирғизистон худди шу усул билан Қозоғистонга ҳам фуқароларнинг ички ҳаракатланишига жиддий тўсиқ бўлаётган айрим ҳудудларни алмашишни таклиф қилмоқда.
Масалага теранроқ назар ташлайдиган бўлсак, ер алмашиш механизми муаммони тубдан ҳал қилмайди, тўғрироғи, бу ёндашув шунчаки муаммога мослашиш туйғусини пайдо қилади, холос. Бу каби алмашинув жараёнлари кўп йиллик музокараларни, икки «мустақил давлат» манфаатларини мувозанатлашни, ер участкаларини юридик жиҳатдан расмийлаштиришни, юрисдикцияни ўзгартиришни, фуқаролик ва инфратузилма муаммоларини ҳал қилишни талаб этади. Халқаро муносабатларга дахлдор бўлгани боис, бу ўта мураккаб ва катта харажат талаб қиладиган жараён ҳисобланади.
Бундай масалалар ягона Ислом давлатида ва ягона маъмурий-сиёсий тизим доирасида бўлганида, анча енгил ҳал этилган бўлар эди. Агар давлат ягона ҳуқуқий макон ва умумий бошқарув институтларига эга бўлса, бу каби муаммоларга ички бошқарув вазифаси сифатида қараб, давлатлараро музокараларга эҳтиёж сезмаган ҳолда, ресурсларни тақсимлаш, маъмурий чегараларни тузатиш ва инфратузилмани ривожлантириш ваколатига эга бўларди. Бу зиддиятлар ўз-ўзидан буткул йўқолади дегани эмас, бироқ бунда муаммолар халқаро сиёсат майдонидан давлатнинг ички бошқарув доирасига кўчган бўлар эди. Бундай шароитда эса муаммоларни ҳал қилиш воситалари одатда кенгроқ ва тезкорроқ бўлади.
Ягона маъмурий-сиёсий тузилма билан бирга Ислом мафкурасини тўлиқ ҳаётга татбиқ этиш шартларини ҳисобга оладиган бўлсак, бу барча томонларни бирлаштирувчи умумий мафкуравий пойдеворни вужудга келтирган бўларди. Бу эса ўз-ўзидан ушбу турдаги ихтилофларнинг келиб чиқиш эҳтимолини ҳали бошланмасданоқ деярли йўққа чиқарарди. Умумий мақсадлар, тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳақидаги бир хил қарашлар, айниқса, диний биродарлик туйғуси турли миллатларнинг бир ҳудудда биргаликда аҳил-иноқ яшашини табиий равишда осонлаштириб, «ҳудудий баҳс-мунозара» деган тушунчани ҳаётимиздан буткул ўчириб ташлаган бўлар эди.
Абду Шукур




