Хабар ва изоҳ

«Хитой маҳаллалари» даври бошландими?

«Хитой маҳаллалари» даври бошландими?

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида хитойлик ишчилар учун қад ростлаётган уч қаватли ётоқхона қурилиши шаҳарсозлик қонунчилиги талабларини бузганлиги сабабли тўхтатилди. Бу ҳақида қурилиш вазирлиги маълум қилди. Бишкекнинг марказий кўчаларидан бири ҳисобланган Турусбеков кўчасида жойлашган ушбу бино ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз ва Қурилишнинг ягона давлат реестридан ўтмасдан ноқонуний равишда қурилаётган эди.

Текширув натижаларига кўра, ётоқхона қурилишини олиб бораётган «Янцзы» компаниясига нисбатан баённома расмийлаштирилиб, 200 минг сом миқдорида жарима солинди. Аниқланган барча қонунбузарликлар бартараф этилиб, берилган кўрсатмалар тўлиқ бажарилмагунга қадар бинодаги қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилди.

Изоҳ:

Оддий фуқаролар, айниқса вилоятлардан пойтахтга иш излаб келган ёшлар шаҳар чеккаларидаги ижара уйларда зўрға кун кечираётган бир пайтда, хитойликлар шаҳарнинг қоқ марказида “ўзим хон, кўлкам майдон” дегандек, хоҳлаган ишини қилишмоқда. Улар ҳеч қандай ҳужжатсиз ёки рухсатномасиз, ўзлари хоҳлагандек фаолият юритишмоқда.

Мамлакатда бу каби ноқонуний ва қонуний «хитой маҳаллалари» яна қанча бўлиши мумкин?! Табиийки, биз тасаввур қилгандан ҳам кўп бўлса керак. Агар ҳозирча кўп бўлмаса ҳам, келажакда кўпайиши аниқ. Зеро, юқоридаги хабарда айтилганидек, хитойликларнинг ётоқхона қурилишига шунчаки жарима солиш билан кифояланиб қўйилгани ҳокимиятнинг асл позициясини очиб бермоқда. Бошқача айтганда, ҳукумат уларга: «Хитой маҳаллаларини қураверинглар, фақат биздан рухсат олиб қўйсангиз бўлди», дея ишора қилмоқда.

Ҳарун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button