Сақофат

Ер омонатдир, тараққиёт эса Ислом ақидаси билан бўлади

Ер омонатдир, тараққиёт эса Ислом ақидаси билан бўлади

Сўнгги кунларда Қирғизстонда айрим ерларни чет элликларга, хусусан, хитойликларга узоқ муддатли фойдаланишга бериш масаласи жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек бу масала халқ ўртасида жиддий хавотирлар уйғотиб, мамлакат келажаги, ернинг тақдири ва давлат мустақиллиги ҳақида ҳақли саволларни юзага келтирмоқда.

Бироқ мўминлар бу масалага ҳиссий ёки фақат моддий манфаат нуқтаи назаридан эмас, балки Ислом ақидаси асосида билан баҳо беришлари лозим. Чунки мусулмон инсоннинг асосий мезони — Аллоҳнинг ҳукмидир. Ер ҳам, бойликлар ҳам, давлат ҳам Яратганнинг омонати ҳисобланади.

Тараққиёт ўзи нима?

Бугунги капиталистик дунёда давлатнинг ривожланиши асосан сармоялар ҳажми, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ва хорижий капиталлар оқими билан ўлчанади. Шу сабабли кўп ҳолларда ерлар, конлар ва стратегик объектларни хорижий компанияларга узоқ муддатга бериб юбориш «тараққиёт йўли» сифатида тақдим этилади.

Аммо ҳақли равишда ҳақли бир савол туғилади: агар давлат ўз ерини ўзи ишлата олмаса, ўз саноатини қуролмаса, озиқ-овқат, техника ва технологияларини ўзи ишлаб чиқара олмаса, бундай иқтисодий ўсиш чинакам тараққиёт ҳисобланадими?

Ислом бу саволга аниқ жавоб беради. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَىٰ آمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِم بَرَكَاتٍ مِّنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ

«Агар у қишлоқларнинг ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик». (Аъроф сураси, 96-оят).

Бу оят тараққиёт ва бараканинг асоси хорижий сармоя эмас, балки Аллоҳга иймон келтириш ва Унинг ҳукмларини ҳаётда устувор қилиш эканини яққол кўрсатиб турибди.

Ер — шунчаки товар эмас

Исломда ер шунчаки ижарага бериладиган оддий товар эмас. У — бутун умматнинг мулки бўлиб, омонат ҳисобланади. Давлат бу омонатни мусулмонларнинг манфаати йўлида бошқаришга мажбурдир. Умумий бойликлар, стратегик ресурслар ва давлат қудратига таъсир кўрсатадиган тармоқлар айрим шахслар ёки хорижий кучларнинг манфаати учун эмас, балки умматнинг манфаати учун хизмат қилиши лозим.

Шунинг учун ҳам бугунги муҳокомалар шунчаки эллик йиллик ижара шартномаси устида кетмаяпти. Бу — давлат суверенитети ва келажакдаги мустақилликка дахлдор жиддий масаладир.

Хитой сармояси — шунчаки оддий сармоями?

Айримлар: «Хитой сармоя олиб келади, иш ўринларини очади, натижада иқтисодиёт рирвожланади», дейишади.

Бироқ бугун жаҳон сиёсатига назар ташласак, Хитойнинг ташқи иқтисодий сиёсати фақат савдо ёки сармоя билан чекланиб қолмаётганини кўришимиз мумкин. Сўнгги йилларда Хитой «Бир камар, бир йўл» лойиҳаси доирасида кўплаб мамлакатларга йирик қарзлар ва сармояларни таклиф қилиб келмоқда. Бу каби ташаббуслар баъзи давлатларда инфратузилма ривожига ҳисса қўшган бўлса-да, айни пайтда қатор мамлакатларда қарз юкининг ортиши ва ташқи қарамлик хусусидаги жиддий баҳс-мунозараларни ҳам келтириб чиқарди.

Кўплаб таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Хитой давлат компаниялари ўз мамлакатининг стратегик мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда фаолият юритади. Шунинг учун ҳам улар Хитойнинг йирик компанияларига шунчаки тижорий тузилмалар сифатида эмас, балки давлатнинг узоқ муддатли сиёсатининг бир қисми сифатида қарашади.

Демак, стратегик аҳамиятга эга бўлган ерларни ўнлаб йилларга чет элликларга топшириш масаласи фақатгина иқтисодий даромад билан ўлчанмаслиги керак. У мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик манфаатларига қандай таъсир қилиши ҳам чуқур ҳисобга олиниши зарур.

Бундай шароитда 50 йиллик ижара шунчаки тижорат шартномаси ҳисобланмайди. Балки бу мамлакатнинг стратегик ресурслари устидан хорижий таъсирнинг кучайишига олиб келиши мумкин деган хавотирларни туғдирувчи масала ҳисобланади.

Ислом нуқтаи назари

Ислом мусулмонлар устидан кофир давлатларнинг ҳукмронлик қилишига олиб келадиган ҳар қандай сабаблардан эҳтиёт бўлишга чақиради. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

وَلَن يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا

«Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай». (Нисо сураси, 141-оят).

Бу оят мусулмонларнинг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл очувчи ишлардан сақланиш нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Шу сабабли давлат юритаётган сиёсат умматни ташқи кучларга қарам аҳволга солиб қўймаслиги лозим, аксинча уни қудратли умматга айлантириши шарт.

Чинакам тараққиёт — ўз кучимизга таяниш билангина қўлга киритилади.

Ислом шунчаки сармоя жалб қилишни эмас, балки ишлаб чиқаришни ривожлантиришни, қишлоқ хўжалигини юксалтиришни, оғир саноат, илғор технология ва илм-фанни тараққий эттиришни кўзлайди. Ўз темири, техникаси, энергетикаси ва мудофаа тармоқларини туза олмаган давлат бошқа давлатларга қарам бўлиб қолиши муқаррардир.

Аллоҳ Таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

وَأَعِدُّوا لَهُم مَّا اسْتَطَعْتُم مِّن قُوَّةٍ

«Улар учун имконингиз борича барча кучларни тайёрлаб қўйингиз» (Анфол сураси, 60-оят).

Ушбу оятдаги «куч» сўзи бугунги кунда ҳарбий тайёргарлик билан бир қаторда саноат, технология, энергетика ва иқтисодий мустақилликни ҳам ўз ичига олади.

Ҳақиқий ечим

Қирғизстоннинг муаммоси ер ёки бойликларнинг етишмаслигида эмас. Ўлканинг ҳосилдор ерлари, бой сув ресурслари, фойдали қазилмалари ва меҳнаткаш халқи бор. Асосий муаммо — тараққиётнинг капиталистик бошқарув тизимига боғланиб қолганидадир. Шунинг учун ҳар бир инқирознинг ечими сифатида фақат чет эл сармояси, қарзлар ва стратегик объектларни узоқ муддатга бериш таклиф қилинмоқда.

Бироқ бу йўл мамлакатни босқичма-босқич ташқи кучларга қарам қилиб қўйиш хавфини туғдиради.

Ислом эса бутунлай бошқа муқобил йўлни таклиф қилади. Ислом давлати халқ ишларини Аллоҳнинг ҳукмлари асосида бошқаради, умумий бойликларини уммат манфаати йўлида ишлатади, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришни ривожлантиради, оғир саноат ҳамда стратегик тармоқларни барпо этади, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий суверенитетини ҳимоя қилади.

Шунинг учун ҳам бугунги ер масаласи шунчаки оддий ижара битими дейилмайди. Бу — Қирғизстоннинг қайси йўлни танлаши ҳақидаги тақдирий масаласидир. Мамлакат капиталистик қарамлик йўлини танлайдими ёки Ислом кўрсатган, ўз кучига таянадиган, одил ва мустақил бошқарув йўлини танлайдими?

Аллоҳ Таоло ваъда бериб айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَنصُرُوا اللَّهَ يَنصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ

«Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва кадамларингизни собит-барқарор қилур» (Муҳаммад сураси, 7-оят).

Чинакам барака ҳам, ҳақиқий тараққиёт ҳам, ҳақиқий эркинлик ҳам фақат Аллоҳнинг қонунлари устувор бўлган жамиятдагина амалга ошади. Ер омонат ҳолида сақланганда, бойликлар уммат манфаатига хизмат қилганда ва давлат Ислом ҳукмлари билан бошқарилгандагина юрт ташқи ҳукмронлик ҳамда ўзгаларга қарамликдан муҳофаза қилинади.

Сакофат бўлими

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button