НАТО саммити: Ғарбнинг ички зиддиятларини яна бир бор намоён қилди

НАТО саммити: Ғарбнинг ички зиддиятларини яна бир бор намоён қилди
Жорий йилнинг 7-8 июль кунлари Туркия пойтахти Анқарада бошланган НАТОнинг навбатдаги саммити альянс тарихидаги энг қарама-қаршиликка бой муҳитда бўлиб ўтмоқда. Иқтисодий инқирозлар исканжасида қолган ҳамда инфляция ва қашшоқликка қарши курашаётган бир мамлакатда НАТО саммити учун улкан маблағлар сарфланиб, хавфсизлик чоралари учун шаҳарлар том маънода қуршовга олинган. Анқара саммити Ғарб дунёсининг ички инқирозини, Қўшма Штатларнинг янги амбицияларини ва Европанинг мустақил мудофаага бўлган интилишини яққол намоён қилди.
- НАТОнинг асл башараси
НАТО ўз шиорларида даъво қилганидек “эркин дунё”ни ҳимоя қилувчи қалқон эмас, балки глобал мустамлакачилик тизимини ҳимоя қиладиган, Европани солиққа боғлаб қўйган ва Америка империализмининг манфаатларини қон тўкишлар эвазига сингдираётган неоколониал (янги мустамлакачи) террор ташкилотидир.
2001 йилда Афғонистонни босиб олиш билан бошланган хунрезликлар ўн минглаб бегуноҳ тинч аҳолининг ўлими, аёллар ва гўдакларнинг қирғин қилиниши билан якун топди. “Терроризмга қарши кураш” ниқоби остида олиб борилган ушбу амалиётлар, аслида, минтақада доимий ҳарбий базалар қуриш ва табиий бойликларни талон-торож қилиш учунгина юритилган эди.
Худди шу усул Ироқда ҳам такрорланди. Ёлғонга асосланган “оммавий қирғин қуроллари” баҳонасида бутун бошли бир мамлакат вайрон қилинди. Миллионлаб инсонлар қурбон бўлди, жароҳатланди ва ўз уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Ливияда Қаззофийнинг шафқатсизларча ўлдирилиши билан якунланган НАТО бомбардимонлари ўлкани жаҳаннамга айлантирди. Сурияда эса НАТОга аъзо давлатлар ва унинг иттифоқчилари йиллар давомида террорчи гуруҳларни қуроллантириб, молиялаштириб, дастаклаб келдилар. НАТО бир томондан “Ислом давлати” дея шовқин кўтарган бўлса, иккинчи томондан мусулмон дунёси тупроқларига тартибсизлик уруғларини сочишдан ҳеч қачон воз кечмади. Ташкилотнинг энг олий даражадаги иккиюзламачилиги Фаластин масаласида яққол намоён бўлди. У Ғазода ўн минглаб бегуноҳ инсонларнинг қирғин қилинишини жимгина томоша қилиб турди, ҳаттоки яҳудий вужудига қурол-яроғ, логистика ва разведка соҳасида ҳар томонлама кўмак берди.
- Туркиянинг роли
Туркиянинг НАТОга аъзолиги 1952 йилга бориб тақалади. Ўшанда у “Ғарбга интеграциялашув” шиори остида стратегик жиҳатдан бутунлай таслим бўлган эди. НАТОнинг Туркияга бўлган қараши — уни Ислом ўлкаларидан келиши мумкин бўлган хавф-хатарларга қарши буфер (тўсиқ) ҳудуд сифатида фойдаланишдан иборатдир. Шунингдек, бу ташкилот шиддат билан ривожланаётган мудофаа саноатини фақатгина Америка ва Ғарб манфаатларига хизмат қилдириш билан чекланади. Туркия ўзининг миллий манфаатларини эмас, балки АҚШнинг кўрсатмаларини бажаришга мажбур қилинмоқда.
- Америка ва Европа ўртасидаги жарлик
Американинг молиявий босим ўтказиш сиёсатини англаб етган Европа давлатлари мудофаа соҳаси учун 50 миллиард долларлик ҳарбий режа ва келишувларни маъқулладилар. Бу қадам орқали Европа Трампнинг қуролланиш талабларига жиддий муносабат билдираётганини ва ўзини ўзи ҳимоя қилишга тайёр эканлигини кўрсатмоқчи бўляпти. НАТО Бош котиби Марк Рютте ушбу келишувларни олқишлаб, Европа Россия, Хитой ёки Эрон каби глобал кучлар билан тенгма-тенг гаплаша олиши учун ҳарбий саноатда улкан «инқилоб» қилиш кераклигини тан олди.
2026 йилнинг 4 майида Ереванда бўлиб ўтган Европа саммити НАТОдаги ички парокандаликнинг яна бир далили бўлди. Франция Президенти Макроннинг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу саммит Россияга қарши қаратилган бўлса-да, айни пайтда Трамп сиёсатига қарши Европанинг алоҳида позициясини шакллантирувчи майдонга айланди. Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Эммануэль Макрон Европа ўз тақдирини ўзи белгилаши ва ҳарбий жиҳатдан мустақил бўлиши кераклигини очиқ-ойдин баён қилишди. Бу қарама-қаршилик АҚШнинг Германиядаги аскарлари сонини камайтириш қароридан ва Трампнинг НАТОни «нотўғри бошқарилаётган улкан муз парчаси» деб аташидан кейин янада авж олди.
Хулоса
Совуқ уруш даврида Совет Иттифоқига қарши тузилган НАТО альянси бугунги кунда ички парчаланиш ёқасида турибди. АҚШ ушбу ташкилотни ўзи учун молиявий юк деб ҳисоблаб, унга аъзо давлатлардан мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача оширишни талаб қилмоқда. Европа эса Вашингтонга қарам бўлмаган мустақил мудофаа тизимини ташкил қилишга шошилмоқда. Ҳатто Американинг қўшниси бўлган Канада ҳам ўзини АҚШ «ютиб юборишидан» ҳимоя қилиш учун Европа билан яқинлашишга мажбур бўлмоқда. НАТОнинг дарз кетиши ва келажакда қулаши азоб-уқубат манбаларининг биридан дунёни халос этади. Чунки НАТО катта урушларни келтириб чиқариб, бир вақтнинг ўзида кўплаб давлатларнинг бошқа мамлакатлар ички ишларига аралашишига замин яратиб келмоқда. Хуллас, Анқара саммити яққол кўрсатганидек, дунё бир қутбли тизимдан кўп қутбли дунё тизими сари шиддат билан илдамламоқда.
Акилбек Аскаров




