Сайловлар халқнинг ҳаётини ўзгартира оладими?!

Сайловлар халқнинг ҳаётини ўзгартира оладими?!
Қирғизистон парламентида сайлов ўтказиш тартибини тубдан ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси илгари сурилди. Депутатлар президент ва парламент сайловлари кунини расмий дам олиш куни деб эълон қилишни таклиф қилишмоқда. Бироқ ушбу кун учун меҳнат ҳақи фақатгина сайловда иштирок этган фуқароларгагина тўланади.
Ҳужжатга кўра, президент ва парламент сайловлари кунлари — байрам ҳамда меҳнат таътили ва дам олиш кунлари қаторида — алоҳида ҳордиқ куни сифатида эътироф этилади. Қонун лойиҳасининг бош қоидасига биноан, сайлов куни учун ўртача кунлик иш ҳақи фақат овоз берганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлган ходимларгагина тўланади. Агар фуқаро бирор жўяли сабабсиз сайловда иштирок этмаган бўлса, ушбу кун ҳақ тўланмайдиган таътил куни деб ҳисобланади.
Бундан ташқари, депутатлар давлат пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиб, суғурта стажини ҳисоблашда — фақат сайловда иштирок этган фуқаролар учун — сайлов кунини ҳам қўшиб ҳисоблашни таклиф қилишмоқда.
Лойиҳанинг яна бир бандига кўра, келажакда Вазирлар Маҳкамаси сайловда иштирок этган фуқароларга қўшимча имтиёз ва афзалликлар бериш, шунингдек, сайловда қатнашмаганлар учун айрим чекловларни жорий этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Изоҳ:
Ҳукумат халқни сайловга жалб қилиш учун улкан тарғибот-ташвиқот кампанияларини юритиб, катта маъмурий ресурсларни ишга солиб келмоқда. Шундай бўлса-да, йилдан-йилга фуқароларнинг сайловдаги иштироки камайиб бормоқда. Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда фуқароларнинг сайловларда иштирок этиши энг паст даражага тушиб қолгани қайд этилган. Масалан, парламент сайловларини олиб қарасак, 1990 ва 2000 йилларда сайловчиларнинг фаоллиги, 70 фоизга етмаган. 2007 йилда бу кўрсаткич 74 фоизни, 2010 йилда 59 фоизни, 2015 йилда эса 56 фоизни, 2020 йилда яна 56 фоизни ташкил этган. Аммо 2021 йилги парламент сайловларида сайловчиларнинг бор-йўғи 34 фоизи сайловда овоз берган бўлса, 2025 йилга келиб бу рақам 36 фоизни ташкил этган.
Президент сайловларида ҳам аҳвол шундай — сайловчилар иштироки босқичма-босқич камайиб бориш тенденциясини кўрсатмоқда. 1991 йилги президент сайловида сайловчиларнинг тахминан 89 фоизи иштирок этган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 75 фоизга, 2011 йилда 61 фоизга, 2017 йилда 56 фоизга тушиб қолган. 2021 йилги муддатидан олдинги сайловда эса, 39 фоизгача пасайиб кетган.
Бу ҳолат иқтидордаги ҳукумат учун асло таскин берувчи манзара эмас. Аксинча, ташвишга соладиган, ҳатто хавотир уйғотадиган вазиятдир. Шу боис, ҳукумат одамларни сайловга жалб қилиш учун анъанавий тарғибот ва маъмурий босимлардан ташқари, юқорида тилга олинган қонунларини ҳам ишга солишни кўзламоқда.
Бироқ, шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: бу ҳаракатлар одамларнинг сайловга бўлган қизиқишини уйғота оладими? Нега йил сайин аҳолининг сайловларда иштирок этиши камайиб бормоқда? Муаммо номзодлардами ёки сиёсий партиялардами? Сайловларга нисбатан бу ишончсизлик нимани англатади?
Сайловларда иштирок этишнинг пасайиб кетиши, энг аввало, сиёсий институтларга бўлган ишончнинг йўқолиб бораётгани ҳамда иқтисодий ва ижтимоий аҳволнинг яхшиланиш ўрнига тобора ёмонлашиб бораётгани билан боғлиқ. Зеро, инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани, куч ишлатар тузилмалар ва суд органлари фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрнига уларни сиқувга олаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари, халқнинг турмуш шароити оғирлашиб бормоқда. Қимматчиликлар туфайли одамларнинг топган-тутгани кундалик эҳтиёжларига ҳам етмаяпти. Халқнинг бўғзидан бўғаётган солиқлар ва жарималарнинг турлари кўпайгандан кўпайиб, уларнинг миқдори чандон-чандон ортиб бормоқда. Одамларнинг муаммолари ечилмай, боши берк кўчага кириб қолганини жойлардаги халқ билан ҳокимлар ўртасида ўтаётган учрашувлар ҳам тасдиқлаб турибди. Ушбу йиғилишлардан инсонларнинг энг оддий ҳақ-ҳуқуқлари ҳам ҳимоя қилинмай, оёқости бўлаётгани аён бўлмоқда.
Ўттиз йилдан бери халқ “ҳаётимиз яхши томонга ўзгаради”, деган умидда турли номзодларга ва партияларга овоз бериб келди. Уларнинг “алангали”, “жозибали” ваъдаларига ишонди. Бироқ, халқ ҳар гал сайловдан кейин алданиб қолганларини кўрди. Сайлов олдидан берилган ваъдалар қоғозда қолиб кетди. Аксинча, сайланган номзодлар ёки партиялар ҳалқнинг ҳаётини оғирлаштирадиган қонунларни қабул қилиб, халқ манфаатларига бутунлай зид сиёсат юритдилар.
Натижада халқ сайловларда иштирок этмаслик орқали ўзининг бу тузумга нисбатан асл муносабатини намойиш этди. Одамлар ҳокимиятдаги раҳбарларнинг, амалдорларнинг ёки депутатларнинг алмашиши ҳеч қандай ижобий ўзгариш олиб келмаслигини англаб етмоқдалар.
Демак, ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатмоқдаки, муаммо шахсларда эмас. Муаммо — амалдаги тузумдадир! Бугунги иқтисодий ва ижтимоий инқирозларнинг барчасига ҳозирги капиталистик тузум сабабчидир. Бугунги аянчли аҳвол — ўша тузумнинг маҳсулидир. Шу боис, капиталистик тузум ўзгармас экан, бошимиздан оғир кунлар асло аримайди. Ҳатто, вазият бундан ҳам ёмонроқ тус олаверади. Чунки бу тузум бир ҳовуч бойларнинггина фаровон ҳаётини таъминлаб, қолган одамларнинг қулдек эзилишини (эксплуатация қилинишини) кафолатлайди. Турли хил сайловлар эса мана шу аччиқ ҳақиқатни яшириб турувчи пардадан бошқа нарса эмас. Капиталистлар одамларни сайлов билан алдаб, оғир ҳаётдан чиқиш умиди билан маҳлиё қиладилар. Аммо вазият ўзгаришсиз қолаверади.
Шундай экан, биз шахсларни эмас, тузумни ўзгартиришга эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина тўғри йўлни топган бўламиз. Тузумни ўзгартиришга келсак, бу боши берк кўчадан чиқиш учун Исломга қайтишимиз шартдир. Фақат угина ҳақиқий ўзгаришни олиб кела олади. Чунки Ислом ҳам худди капитализм ёки социализм каби бир тузумдир. Унинг ҳукмлари ва қоидалари инсонни инсонга қул бўлишдан қутқариб, уни фаровон ҳаёт билан таъминлайди. Ислом инсонни эзиш учун эмас, балки унинг муаммоларини ҳал қилиш учун келган. Фақат угина инсоннинг азизлигини, шаънини, ҳуқуқини ҳимоя қилиб, унга икки дунё саодатини туҳфа этади. Ундан бошқа тузумлар эса инсониятни бахтсиз ҳаётга маҳкум этади.
قَالَ اهْبِطَا مِنْهَا جَمِيعًا ۖ بَعْضُكُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ ۖ فَإِمَّا يَأْتِيَنَّكُمْ مِنِّي هُدًى فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَىٰ ﴿١٢٣﴾ وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَىٰ ﴿١٢٤
«(Аллоҳ) айтди: (Ундан (яъни жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». (Тоҳо сураси, 123-124-оятлар)
Ҳарун Абдулҳақ




