Мақолалар

Сиёсий сукунат даврида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ваколатлари кенгайтирилмоқда

Сиёсий сукунат даврида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ваколатлари кенгайтирилмоқда

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳузуридаги Терроризмга қарши кураш марказининг ваколатларини кенгайтирди. Янги ўзгартиришларга кўра, мазкур марказ давлат органларининг нафақат терроризмга қарши, балки экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини ҳам текшириб, тартибга солиб туради.

Эндиликда ушбу марказ террорчилик ва экстремистик жиноятларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда уларга барҳам беришга қаратилган контрразведка ва тезкор-қидирув тадбирларини мустақил равишда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, унга махсус операциялар ўтказиш ҳамда терроризм ва экстремизмга алоқадорликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан қонунда назарда тутилган чораларни ва вақтинчалик чекловларни қўллаш ваколатлари берилди.

Мамлакат сайлов остонасида турган бир пайтда хавфсизликни таъминлаш баҳонаси назорат механизмларини марказлаштириш ҳаракатларига асос бўлмоқда. Қирғизистондаги сиёсий майдон ташқи кўринишдан нисбатан барқарор туюлса-да ва унда кенг кўламли сиёсий тўқнашув аломатлари сезилмаса-да, мамлакатда инқилоб хавфининг шабадаси эса бошлади. Шундай бўлишига қарамай, ташқаридан қараганда, Қамчибек Ташиевга алоқадор суд жараёнининг тезлашишидан ташқари, жиддий сиёсий беқарорликнинг жамиятга очиқ кўринадиган белгилари деярли кўзга ташланмаяпти.

Шу билан бирга, махсус хизматлар эҳтимолий сиёсий етакчиларни ва таъсир марказларини назорат қилиб, уларнинг фаолиятини ўрганиш билангина чекланиб қолмай, сиёсий позицияни танлашга тўғридан-тўғри босим ўтказиш йўналишида ҳам тизимли ишлар олиб бораётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда сиёсий доираларда бир нечта сиёсий гуруҳлар шаклланаётгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу гуруҳлар бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш билан бир қаторда, воқеалар ривожининг ҳар хил сценарийларини, жумладан, инқирозли вазиятларни юзага келтириш ҳаракатларини ҳам кўриб чиқишмоқда.

Бундай мантиқни Қирғизистоннинг тарихий тажрибаси билан изоҳлаш мумкин. Зеро, мамлакатда ҳокимият алмашинуви фақатгина сайлов тартиб-тамоиллари орқали эмас, балки оммавий норозилик намойишлари ва сиёсий тўнтаришлар натижасида ҳам бир неча бор амалга ошган.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, Терроризмга қарши кураш маркази ваколатларининг кенгайтирилиши жорий муаммоларга берилган шунчаки жавоб сифатида эмас, балки давлатнинг келажакдаги эҳтимолий хавф-хатарларга кўраётган тайёргарлиги сифатида қабул қилинмоқда. Бу ташаббус бир вақтнинг ўзида маъмурий ва сиёсий жиҳатдан огоҳлантирувчи (превентив) хусусиятга эгадир.

Ҳокимият сайлов олдидан барча жараёнларни жиловлаш учун мослашувчан ва марказлашган назорат механизмини вужудга келтиришга интилмоқда. Чунки бу даврда оддий сиёсий рақобат ҳам ижтимоий-сиёсий беқарорликка айланиб кетиши мумкин. Шу билан бирга, бугунги кунда очиқ сиёсий қарама-қаршиликнинг кўзга ташланмаётганлиги давлат институтлари воқеалар ривожининг турли сценарийларига тайёргарлик кўрмаяпти, дегани эмас. Аксинча, улар Қирғизистон сиёсий тарихининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятга қарши олдиндан шай туришига шубҳа йўқ.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button