Мақолалар

Тинкаси қуриган Россия ва ядровий чeгаралар

Тинкаси қуриган Россия ва ядровий чeгаралар

Саир Салама Абу Молик

Россия халқаро иқтисодий форуми бўлиб ўтаётган бир вазиятда, Санкт-Петербург атрофидаги энергетика иншоотлари узра кўтарилган қуюқ тутун шунчаки иқтисодий тадбирнинг тасодифий фони эмас эди. Бу Украинага бостириб кирилганидан бери ўтган йиллар давомида Россия кириб қолган уруш гирдобининг моҳиятини очиб берувчи сермазмун бир манзарадир. Кремль ўзининг халқаро иқтисодий витринаси, инвесторлар ва шерикларни жамлаган «буюк давлат» қиёфасини тиклаш майдони сифатида танлаган ушбу шаҳар, бирданига дронлар сояси, ҳаво ҳаракатининг чекланиши ва хавфсизлик оҳанглари ичида қолди.

Бу фақат Санкт-Петербургга тегишли эмас. Россиянинг ичкари ҳудудларидаги, ҳатто Москва атрофидаги нефтни қайта ишлаш заводлари, портлар, ёнилғи омборлари ва авиабазаларга уюштирилаётган кетма-кет ҳужумлар муҳим стратегик бурилишдан далолат беради: эндиликда уруш фақат Украина ичкарисидаги тўқнашув чизиғи ёки чегара олди ҳудудлари билан чекланиб қолгани йўқ. Муҳораба олови Россия тарихан урушнинг тўғридан-тўғри товонидан омон қоламан деб ўйлаган марказий ҳудудларнинг юрагига қадар етиб борди. Бу ҳақиқат Россиянинг буткул қулаганини ёки рақибларига зарар етказиш қобилиятини йўқотганини англатмайди. У ҳамон улкан армияга, кенг қамровли ҳарбий саноатга, беқиёс табиий бойликларга ва одам кучини сафарбар қилиш имконига эга бўлган ядровий державадир. Бироқ ушбу уруш мавжуд имкониятларни тезкор анъанавий ғалабага айлантиришда, ички ҳудудларни тўлиқ ҳимоя қилишда ва иқтисодиётни узоқ муддатли уруш гирдобида талафотсиз сақлаб қолишда Россиянинг имкониятлари чегараланган эканини фош қилиб қўйди.

Шундай экан, масала Россиянинг бардош бера олишида эмас — у камида яқин истиқболда бунга қодир — балки асосий муаммо урушнинг «нархи»дадир. Уруш чўзилгани сари Россия нималарни бой бермоқда? Унинг қўлидаги куч воситалари майдондаги секин илгарилашни аниқ сиёсий ва стратегик ғалабага айлантиришга етарлими? Ёки у шунчаки рақибига озор беришга қурби етадиган, аммо урушга узил-кесил нуқта қўйишдан ожиз бўлган «тинкани қуритиш» босқичига кириб қолдими?

Украинанинг сўнгги зарбалари ушбу саволларга тўлиқ жавоб бўла олмаса-да, улар чуқурроқ бир ҳақиқатни очиб бермоқда: Украинани қисқа муддатда тиз чўктиришни кўзлаб уруш бошлаган Россия, бугунги кунда урушни чўзишга ва уни Россия ичкарисига кўчиришга қодир бўлган рақиб билан юзма-юз турибди. Бу эса Кремлни ўз ресурсларини фронт, ҳаво ҳудуди мудофааси, энергетика хавфсизлиги ва йирик шаҳарлар ҳимояси ўртасида тақсимлашга мажбур қилмоқда.

Фронт чизиғидан ичкари ҳудудлар муҳорабасига қадар

Эски анъанавий урушларда ҳал қилувчи жанглар асосан фронт чизиғида кечган: бир армия илгарилаган, иккинчиси чекинган, шаҳарлар қўлдан қўлга ўтган ва логистика йўлаклари ўзгарган. Аммо Россия ва Украина ўртасидаги бугунги тўқнашувда «фронт» тушунчаси беқиёс даражада кенгайиб, чирмашиб кетди. Эндиликда уруш фақат хандақлар, истеҳкомлар ва мина майдонларидан иборат эмас, балки электр тармоқлари, нефтни қайта ишлаш заводлари, аэропортлар, ўқдори омборлари, экспорт портлари ва алоқа тизимларини ҳам ўз ичига олган улкан майдонга айланди. Шу боис, Украинанинг Россия ичкарисига йўллаётган зарбаларини шунчаки қасос олиш ёки қуруқ пропаганда деб баҳоламаслик керак. Бу — босқинни бошлаган тарафнинг елкасига уруш товонини илдириб қўйишга қаратилган яхлит стратегик мантиқнинг бир қисмидир. Агар Россия ўз ракета ва дронлари билан Украина шаҳарларини, энергетика тизимини ер билан яксон қилаётган бўлса, Украина ҳам Россиянинг уруш машинасини молиялаштирувчи ва қувватлантирувчи манбаларни — нефть, ёнилғи, қайта ишлаш тармоқлари, темир йўллари ва авиабазаларини нишонга олиш орқали муносиб жавоб қайтаришга уринмоқда.

Бу ерда нефтни қайта ишлаш заводларининг (НҚИЗ) нишонга олиниши алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, бундай иншоот фақат иқтисодий объект эмас, балки бир вақтнинг ўзида ҳарбий, иқтисодий ва ижтимоий тугун ҳисобланади. У ердан ҳарбий техника ва авиация учун ёнилғи олинади, давлат ғазнасига валюта олиб келувчи маҳсулотлар экспорт қилинади ва ички бозорнинг барқарорлигини таъминловчи арзон бензин ҳамда дизель етказиб берилади. Демак, заводга берилган зарба — шунчаки бинони вайрон қилиш ёки ёнғин чиқариш эмас, балки душманни мудофаа, таъмирлаш ва таъминот учун қўшимча, оғир маблағлар сарфлашга мажбур қилишдир. Ушбу урушдаги муваффақият доим ҳам вайроналар кўлами билан ўлчанмайди. Гарчи зарар бир неча ҳафтада тикланса-да, зарбаларнинг сурункали тус олиши давлатни ўз ҳаво ҳудуди мудофаасини қайта тақсимлашга, ишлаб чиқариш режаларини ўзгартиришга ва минглаб ҳарбийларни доимий мудофаа ҳолатида сақлашга мажбур қилади. Бундай узоқ давом этадиган «тинкани қуритиш» урушида (War of Attrition) ушбу билвосита харажатларнинг салмоғи бевосита қурол-яроғ йўқ қилинишидан кам эмас.

Россиянинг бу борадаги муаммоси фақат мудофаа воситаларининг етишмаслигида эмас. Тўғри, Россияда С-300, С-400 ва «Пансир» каби зич ва замонавий ҳаво ҳудуди мудофаа тизимлари мавжуд. Бироқ Россия ҳудудининг ҳаддан ташқари кенглиги, стратегик объектларнинг кўплиги ва дронларнинг уларни уриб туширишга сарфланадиган ракеталардан анча арзонлиги мукаммал мудофаани амалга ошириб бўлмас вазифага айлантирмоқда. Ҳар бир ҳимояланган объект — бошқа бир объектнинг заифлашуви демакдир. Москвани ёки бирор стратегик аэропортни ҳимоя қилиш учун олиб келинган ҳар бир батарея, фронт чизиғидаги қўшинларнинг усти очиқ қолишини англатади. Дронлар муҳорабасининг энг улкан маъноларидан бири шундаки, бугунги кунда ҳарбий устунлик фақат стратегик бомбардимончи самолётлар, танклар ёки кемалар каби кам сонли, лекин улкан ва қимматбаҳо платформаларга эга бўлиш дегани эмас. Замонавий зафар — минглаб арзон воситаларни ишлаб чиқариш, уларни юқори аниқликда йўналтириш, разведка ва кузатув тизимларига жипслаштириш ҳамда рақибни кичик, аммо сурункали хавфларга қарши фалаж қилувчи қимматбаҳо ракеталарни сарфлашга мажбур қилиш демакдир.

Россиянинг «Ядровий Учлиги»: Тийиб турувчи кучми ёки майдондаги ожизлик?

Уруш жараёнини таҳлил қилишдаги энг хатарли хатолардан бири — ядровий салоҳият билан анъанавий ҳарбий қудратни бир-бирига қориштириб юборишдир. Россия дунёдаги энг йирик ядровий арсеналлардан бирига эга, бу унга халқаро муносабатларда улкан стратегик вазн бахш этади. Бироқ бу салобат унинг армиясига анъанавий узоқ муддатли урушда ўз-ўзидан ғалаба келтирмайди.

Россиянинг «Ядровий Учлиги» (ядровий триадаси) учта асосий таянчга асосланган:

Биринчиси — Қуруқликдаги кучлар: Ерусти шахталарида ёки ҳаракатланувчи платформаларда жойлашган қитъаларни забт этувчи баллистик ракеталар. Бу энг тезкор ва мустаҳкам тийиб турувчи куч бўлиб, қисқа вақт ичида ядровий каллакларни қитъалараро масофага етказишга қодир.

Иккинчиси — Денгиз кучлари: Баллистик ракеталар билан қуролланган ядровий сув ости кемалари. Бу куч — биринчи зарбадан омон қолиш ва қақшатқич жавоб қайтаришнинг энг асосий кафолатидир. Денгиз қаъридаги сув ости кемаларини топиш ва йўқ қилиш ўта мушкул бўлгани боис, улар «иккинчи зарба» бериш имкониятини сақлаб қолади.

Учинчиси — Ҳаво кучлари: Узоқ масофага учувчи Ту-95МС ва Ту-160 каби стратегик бомбардимончи самолётлар. Улар нафақат ядровий қурол ташийди, балки анъанавий узоқ масофали қанотли ракеталарни ҳам учириш имконига эга. Россия Украинадаги урушда айнан мана шу платформалардан фойдаланмоқда.

Ушбу «Учлик»нинг мағзи шундаки, одатий шароитда рақиб Россиянинг ядровий салоҳиятини бир зарба билан йўқ қила олмайди. Агар авиабазалар хавф остида қолса, ердаги ракеталар ва сув ости кемалари қолади. Агар шахталар нишонга олинса, самолётлар ва кемалар жангга киради. Шу боис, Россия улкан ядровий тийиб турувчи куч бўлиб қолмоқда ва буни назар-писанд қилмаслик ёки ўз қийматини йўқотган деб ҳисоблаш асло тўғри бўлмайди. Бироқ бу қудратнинг вазифаси анъанавий армиянинг вазифасидан тубдан фарқ қилади. Ядровий қурол, аввало, давлатнинг мавжудлигига таҳдид солувчи ҳалокатли мағлубиятнинг олдини олиш ёки йирик давлатлар (НАТО каби) коалициясининг бевосита ҳарбий аралашувига йўл қўймаслик учун мўлжалланган.

Аммо Украинадаги каби урушда — Россия қўшни давлатга қарши жанг қилаётган, рақиби эса Ғарбнинг қурол-яроғи, пули ва разведкасига таянаётган, лекин НАТО қўшинлари майдонга бевосита кирмаган вазиятда — ядровий қуролдан фойдаланиш ўта хатарли ва «нархи» беқиёс даражада қиммат вариантдир. Чунки ядровий бомба мина майдонлари орқали йўл очиб бермайди, офицер ва аскарлар етишмовчилигини ҳал қилмайди, эски танкларни замонавийга айлантирмайди, вайрон бўлган заводларни тикламайди ва дронлар ҳужумини тўхтата олмайди. Аксинча, унинг қўлланилиши халқаро ҳамжамиятнинг кескин ва кутилмаган реакциясига сабаб бўлади, Россиянинг яккаланишини кучайтиради ва минтақавий инқирозни умумий жаҳон ҳалокатига айлантиради. Шу сабабли, ядровий «Учлик» Россияга кучли стратегик ҳимоя тақдим этса-да, у анъанавий урушдаги тизимли муаммоларни ҳал қилишга қодир эмас. Бунинг устига, Россиянинг ядровий соҳадаги лойиҳалари ҳам зиддиятлардан ҳоли эмас: Москва ўз ракета ва кемаларини янгилашга интилса-да, саноат ва технология соҳасидаги орқада қолишлар, улкан лойиҳаларни бир вақтда амалга оширишдаги қийинчиликлар Кремлнинг режаларига ўз «тузатишларини» киритмоқда.

«Оққуш»: У нима ва нима учун муҳим?

Руслар «Блэкжек» (НАТО таснифи бўйича Blackjack) номи билан машҳур бўлган Ту-160 стратегик бомбардимончи самолётини эркалаб «Оққуш» деб атайдилар. Бу дунёдаги энг йирик ва энг тезкор товушдан тез учувчи ҳарбий самолёт бўлиб, унинг ҳаракатланувчи қанотлари ва оппоқ ранги шунчаки чирой учун эмас — бу ранг ядровий портлашдан чиқадиган иссиқлик нурланишини қайтариш учун махсус ишлаб чиқилган. У Россия ҳарбий ҳаво кучларининг нафақат энг машҳур тимсоли, балки ядровий «Учлик»нинг ҳаво қанотидаги асосий устунидир.

Ту-160 «стелс» (кўринмас) самолёт эмас. У Американинг айрим ядровий бомбардимончилари каби душман ҳаво ҳудудига сезиларли даражада ичкарилаб киришга таянмайди. Унинг асл кучи — узоқ масофали қанотли ракеталарни улкан масофалардан туриб учира олиш қобилиятидадир. Очиқ маълумотларга кўра, у ўз қуролхонасида 12 тагача ядровий ёки анъанавий каллакли ракеталарни таший олади.

Шу боис, унинг аҳамияти шунчаки «бомбардимончи» тушунчасидан анча кенг. Бу — Россияга масофадан туриб зарба бериш, тийиб турувчи огоҳлантириш сигналларини йўллаш ва анъанавий муҳорабаларда қанотли ракеталардан самарали фойдаланиш имконини берувчи стратегик платформадир. Ҳисобкитобларга кўра, Россия арсеналида бундай самолётлардан тахминан 15 та атрофида мавжуд (нисбатан эски ва секинроқ бўлган Ту-95МС самолётлари эса кўпроқни ташкил этади). Бироқ уруш олови ушбу «ҳаво гигантлари»нинг ҳам нозик нуқталарини фош қилиб қўйди. Самолётлар узоқ масофага уча олиши уларнинг дахлсизлигини англатмайди. Улар учун базалар, учиш-қўниш йўлаклари, махсус ёнилғи, таъмирлаш цехлари, ўқ-дори омборлари ва энг муҳими — кучли ҳаво мудофааси керак. Украинанинг Россия стратегик авиация базаларига уюштирган ҳужумлари шуни кўрсатдики, ҳатто ноанъанавий воситалар (арзон дронлар) ёрдамида ҳам бу улкан базаларга етиб бориш ва Кремль учун оғриқли зарбалар бериш мумкин.

Очиқ манбалардаги таҳлилларга кўра, 2025 йил июнь ойидаги Украинанинг «Ўргимчак тўри» деб номланган амалиёти натижасида еттита Ту-95 самолёти йўқ қилинган ва яна биттасига шикаст етказилган. Бу эса Россияни ўз стратегик самолётларини фронтдан анча узоқдаги, тарқоқ базаларга кўчиришга мажбур қилди. «Оққуш»ларнинг оммавий қириб ташлангани ҳақидаги хабарларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак бўлса-да, бир ҳақиқат кундай равшан: бу ҳужумлар Москвани ўз авиациясини қайта тақсимлашга, мудофаа чораларини кучайтиришга ва қўшимча логистик харажатларни бўйнига олишга мажбур этди. Стратегик ҳужумнинг асл қиймати ҳам айнан мана шунда. Рақиб ғалаба қозониши учун бутун бошли флотни йўқ қилиши шарт эмас. Душманни ўз самолётларини ҳар томонга сочиб юборишга, базаларини ўзгартиришга, ҳимоя учун ортиқча куч сарфлашга ва таъмирлаш ишларини кечиктиришга мажбур қилишнинг ўзи етарлидир. Саноқли ва ўрнини тўлдириш ўта мушкул бўлган бундай қимматбаҳо қуроллар учун бу — тинкани қуритувчи оғир стратегик зарбадир.

Россиянинг анъанавий ҳарбий қудрати: Қулаш эмас, тинкани қуритиш

Россия ҳарбий жиҳатдан буткул ожиз қолди, деган хулосага келиш ёки унинг армияси тез орада парчаланиб кетишини кутиш — ҳақиқатдан йироқдир. Россия армияси ҳамон нуқтали аниқ ҳужумлар уюштириш, ракета ва дронлар билан ёппасига зарба бериш, янги кучларни сафарбар қилиш ва собиқ Иттифоқдан қолган улкан захираларни қайта тиклаш қобилиятига эга. Шунингдек, у кенг кўламли ҳарбий-саноат базасига таянмоқда. Бироқ бу имкониятлар «тинкани қуритиш» ҳақиқатини инкор этолмайди. Россиянинг бугунги қудратини — ҳарбий амалиётларни бир маромда ушлаб туриш учун тобора баландроқ товон тўлаётган, аммо яшаб қолишга уринаётган куч сифатида тушуниш лозим.

Кремлнинг асл режаси босқиннинг илк кунларидаёқ Украина раҳбариятини фалаж қилиб, Киевни тез фурсатда тиз чўктириш эди. Аммо пойтахт остонасидаги мағлубият, сўнгра Мариупол, Бахмут ва Авдеэвка каби шаҳарлардаги қонли муҳорабалар Россияни мутлақо бошқача — шиддатли бомбардимон, тинимсиз ҳужум тўлқинлари ва ўқ-дориларни беҳисоб сарфлашга асосланган секин илгарилаш моделига ўтишга мажбур қилди. Ушбу модель доирасида Россиянинг айрим «устунликлари» бор. У аҳоли сони ва иқтисодий жиҳатдан Украинадан каттароқ, сафарбарлик ресурслари кенгроқ ва талафотларга бардош бериш имкони юқори. Шунингдек, у Шимолий Кореядан ўқ-дори, Хитойдан саноат компонентлари ва Эрондан дрон технологияларини олиш орқали ўз тешикларини ямаб келмоқда. Аммо бу «ютуқлар» ортида тизимли заифликлар яширинган:

Биринчидан, инсоний талафотлар. Ҳар қандай йирик уруш каби рақамлар сир сақланса-да, профессионал таҳлилчилар Россиянинг 2022 йил февралидан бери кўрган йўқотишлари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда ҳеч бир буюк давлат дуч келмаган даражада улкан эканини таъкидламоқдалар. Айрим тахминларга кўра, 2026 йил бошига келиб Россиянинг ҳалок бўлган, яраланган ва бедарак кетган аскарлари сони миллиондан ортиб кетиши мумкин. Энг ёмони — сон эмас, сифат йўқотилмоқда. Оддий аскарнинг ўрнини янги сафарбар этилганлар билан тўлдириш мумкиндир, аммо тажрибали офицер, малакали танкчи ёки авиация мутахассисининг ўрнини тўлдириш учун йиллар ва машаққатли тайёргарлик талаб этилади.

Иккинчидан, техника талафоти. Россия уруш давомида сон-саноқсиз танклар ва зирҳли техникаларини йўқотди. Эски совет танкларини омборлардан чиқариб, «ямаб-ясқаб» фронтга ташлаш билан сон жиҳатдан мувозанат сақланаётгандек кўринса-да, сифат жиҳатдан бу катта орқага кетишдир. 50 йил аввалги танк қанчалик таъмирланмасин, дронлар ва замонавий ракеталар билан тўлган майдонда бугунги кун талабларига жавоб бера олмайди.

Учинчидан, товон ва натижа ўртасидаги номутаносиблик. Рус қўшинлари айрим йўналишларда илгарилаган бўлса-да, бу ютуқлар йўқотилган жон ва техникага нисбатан жуда «арзон» кўринади. Кунига бир неча ўн метр ёки ойлаб давом этган жанглар эвазига бир неча километр юриш тактик харитани ўзгартириши мумкин, аммо бу уруш тақдирини ҳал қилувчи стратегик бурилиш ясай олмайди.

Тўртинчидан, мутлақ ҳаво устунлигининг йўқлиги. Россия улкан авиацияга эга бўлишига қарамай, Украина осмонида тўлақонли ҳукмронлик ўрната олмади. Украина ҳаво мудофаасининг қаршилиги рус самолётларини ичкарига киришдан қўрқиб, узоқ масофадан ракета учириш ва бошқарилувчи бомбалар ташлаш билан чекланишга мажбур қилди. Буларнинг барчаси шуни англатадики, Россия ҳамон хавфли рақиб, аммо у идеал бўлмаган шароитларда, «жон талвасасида» ҳаракат қилмоқда. Унда бомбардимон қилиш кучи бор, лекин эркин учиш имкони йўқ; илгарилаш қудрати бор, лекин кескин ғалаба йўқ. Улкан моддий ва инсоний массага эга бўлса-да, Россия ҳар куни ўз келажаги ва ҳарбий салоҳиятининг сифатини қурбон қилмоқда.

Уруш иқтисодиёти: Бардошми ёки келажакни қурбон қилиш?

Россияга оид таҳлилларда энг кўп учрайдиган хатолардан бири — фақат санкцияларнинг ўзигина унинг иқтисодиётини тез фурсатда тиз чўктиради, деб ҳисоблашдир. Россия иқтисодиёти 2022 йилдан кейин инқирозга юз тутгани йўқ, аксинча, энергия экспортини қайта йўналтириш, Хитой ва Ҳиндистон билан савдо алоқаларини кучайтириш ҳамда ҳарбий саноатга улкан давлат маблағларини сарфлаш орқали босимларга мослашишга уринди. Бироқ бардош бериш — фаровонлик дегани эмас. Заводларнинг туну кун ишлаши тараққиётни англатмайди. Танк ва снарядлар ишлаб чиқаришнинг кўпайиши иқтисодиётнинг келажакдаги барқарор салоҳиятини белгилаб бермайди.

Урушнинг илк йилларида ҳарбий харажатлар иқтисодиётга зоҳирий бир «туртки» берди: ҳарбий заводлар ишчилар билан тўлди, давлат ўқ-дори сотиб олди, аскарларга берилаётган юқори маош ва мукофот пуллари ҳудудларга нақд пул оқимини олиб кирди. Аммо бу манзара ортида аччиқ ҳақиқат яширин: уруш иқтисодиёти ресурсларни шундай «ютадики», у ҳеч қандай фуқаровий қиймат яратмайди. Бир кунда отилган ракета на мактаб, на фуқаровий завод, на транспорт тизими ва на янги экспорт имкониятини бунёд этади. У шунчаки портлайди ва йўқ бўлади. Бугунги кунда Россия иқтисодиётида толиқиш аломатлари яққол кўзга ташланмоқда: ўсиш суръати пасайган, инфляция ва нақд пул босими кучайган, фоиз ставкалари кўтарилган ва ишчи кучи тақчиллиги юзага келган. 2024 йилдаги нисбатан юқори ўсишдан сўнг, 2026 йил бошига келиб Россия иқтисодиёти чораклик пасайиш (рецессия) босқичига кирди. Йиллик ўсиш прогнозлари эса ниҳоятда ачинарли аҳволда.

Бунинг сабаби фақат санкциялар эмас. Урушнинг ўзи ишчи кучини фуқаровий сектордан тортиб олиб, армия ва ҳарбий заводларга сафарбар қилди. Мудофаа саноатидаги иш ҳақининг баландлиги бошқа соҳаларга босим ўтказмоқда. Ўн минглаб юқори малакали мутахассисларнинг мамлакатни тарк этиши, технология ва хорижий инвестицияларнинг чекланиши иқтисодиётни мувозанатли ривожлантириш имконини сўндириб бормоқда. Шунингдек, Россиянинг энергия экспортига таяниши унга куч бағишласа-да, айни пайтда рақиблари учун «оғриқли нуқта» бўлиб хизмат қилмоқда. Портлар ва нефть иншоотларининг нишонга олиниши давлатни дарҳол қулатмаса-да, Россия иқтисодиётини нархлар тебранишига ниҳоятда сезувчан қилиб қўяди. Бу Кремлни экспорт ва ички истеъмол ўртасида қийин танлов қилишга, айрим ҳудудларда ёнилғи тақчиллиги ва қимматчилигига дуч келишга мажбур этади. Масаланинг энг чуқур жиҳати шундаки, уруш Россияни «сафарбарлик иқтисодиёти»га айлантириб қўйди. Бу йўлдан қайтган сари ундан чиқиш қийинлашиб бораверади. Ҳарбий заводлар доимий буюртма талаб қилади, армия аскарларни ушлаб туриш учун улкан молиявий имтиёзларга муҳтож, давлат эса ички норозилик ва инфляция оқибатларини яшириш учун тобора кўпроқ қарз олишга мажбур.

Хулоса қилиб айтганда, Россия ҳали ҳалокат ёқасига келиб қолди дейиш — соддалик бўлар эди. Бироқ у ўта мураккаб тенглама қаршисида турибди: урушни давом эттириш мумкин, лекин унинг иқтисодий, ижтимоий ва стратегик баҳоси кундан-кунга ортиб бормоқда. Урушдан кейинги мувозанатни тиклаш эса борган сари имконсиз вазифага айланмоқда. Бу — босқинчи ва мустамлакачи кучларнинг ўз ҳирс-туйғулари йўлида ўз келажагини қандай қурбон қилаётганига яққол мисолдир.

Хитой ва Шимолий Корея: Суянчиқми ёки мутлақ нажоткор?

Россия ўз урушида ёлғиз эмас. Унинг ўқ-дори, дрон ва техника ишлаб чиқариш ҳамда мавжуд арсенални таъмирлаш қобилияти турли даражадаги хорижий шериклар тармоғига боғланиб қолган. Бу ерда Хитой энг муҳим иқтисодий ва технологик шерик сифатида гавдаланади. Россияга айнан Хитой орқали электрон компонентлар, саноат дастгоҳлари, рақамли бошқарув воситалари, эҳтиёт қисмлар, двигателлар ва икки хил мақсадда қўлланиладиган (ҳам ҳарбий, ҳам фуқаровий) материаллар оқиб келмоқда. Бу Хитойнинг урушда бевосита иштирок этаётганини англатмайди, албатта, лекин унинг тижорий, техник ва саноат дастаги Россияга Ғарб санкцияларининг заҳрини кесиш ва чекловларни четлаб ўтиш имконини берди. Шимолий Корея эса ўқ-дори ва айрим ракеталарнинг муҳим етказиб берувчисига айланди. Бу Кремлга ўз заводларидаги босимни енгиллатиш ва фронтдаги «олов зичлигини» сақлаб туриш учун йўл очди. Пхенян билан ҳарбий ҳамкорлик энди шунчаки рамзий маънога эга эмас, балки «тинкани қуритиш» урушининг ажралмас таъминот занжирига айланиб улгурди.

Бироқ бу суянчиқнинг бошқа тарафи ҳам бор. Узоқ йиллик ҳарбий-саноат анъаналарига эга бўлган Россия каби «буюк давлат»нинг урушнинг ҳал қилувчи палласида ташқарига — ўқ-дори, дастгоҳ ва технология учун муҳтож бўлиб қолиши диққатга сазовордир. Бу Россиянинг стратегик мустақиллиги расмий ташвиқотлар айтганидан кўра анча тор эканидан далолат беради. Албатта, ҳар қандай уришаётган давлат шерикларга муҳтож, аммо кучни оширадиган шериклик билан ишлаб чиқаришнинг давомийлиги учун «шарт»га айланиб қолган қарамлик ўртасида фарқ каттадир.

Ғарб ҳам чарчаган: Лекин бу «чарчоқ» бошқача

Айни дамда, Ғарбни захиралари ҳеч қачон тугамайдиган туганмас хазина сифатида тасвирлаш ҳам хатодир. Украинадаги уруш Ғарб мудофаа саноатининг ҳам жиддий нуқсонларини очиб ташлади. Зеро, ўн йиллар давомида Европа тупроғида бундай йирик кўламли давлатлараро уруш бўлмайди, деган хомхаёл ҳукм сурган эди. Маълум бўлдики, кўплаб Ғарб армиялари кунига минглаб ракета ва снарядлар сарфланадиган муҳорабаларга эмас, балки «юқори сифат ва чекланган захира» тамойилига асосланган экан. Натижада, артиллерия снарядлари, «Патриот» каби ҳаво мудофаа тизимлари ва танкка қарши ракеталар захираси жиддий босим остида қолди.

Муаммо шундаки, бугунги кунда фақат Украина эмас, балки дунёнинг бошқа нуқталаридаги беқарорликлар ҳам Ғарбнинг чекланган ҳарбий ресурсларига «харидор» бўлиб турибди. Шу боис Ғарб пойтахтларида энди нафақат «Украинага қанча қурол берамиз?», балки «Ўзимизга қанча олиб қоламиз?», «Захираларни тиклаш учун неча йил керак?» деган саволлар кўндаланг бўлмоқда. Бироқ Ғарбнинг «тинкаси қуриши» Россияникидан тубдан фарқ қилади: Ғарбда улкан ТИНКАСИ иқтисодий, технологик ва молиявий база мавжуд. Агар сиёсий ирода бўлса, бу салоҳиятни узоқ муддатли ҳарбий ишлаб чиқаришга йўналтириш мумкин. Ғарбнинг муаммоси маблағ ёки технология етишмаслигида эмас, балки қарор қабул қилишнинг сустлиги ва сафарбарлик иқтисодиётининг йўқлигидадир. Шунга қарамай, Европа аллақачон ҳаракатга тушди. Дронлар, ўқ-дори ва ҳаво мудофааси ишлаб чиқариш кенгаймоқда. Ғарбнинг ёрдами шунчаки «омбордаги бор-будини бериш»дан, Украина ва Европа заводларидан тўғридан-тўғри қурол сотиб олишни молиялаштириш босқичига ўтди. 2026 йилнинг илк ойларида Европанинг дронлар учун ажратган маблағлари кескин ошди ва бу Украинанинг Россия ичкарисига тинимсиз зарба бериш қобилиятини таъминлаётган асосий омилдир.

Хуллас, Ғарб тайёр захираларнинг камайишидан азият чекаётган бўлса, Россия анча кенгроқ ва ҳалокатлироқ инқироз ичида: у инсоний ресурс, техника, фуқаровий иқтисодиёт ва технологияларнинг тинимсиз емирилиши билан юзмаюз. Якуний натижа эса, қайси тараф ўз ишлаб чиқариш қувватини сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан «кўтара оладиган» даражага етказа олишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Украинага бу кучни ким бермоқда ва нима учун айнан ҳозир?

Украинани шунчаки ташқи кучларнинг қўғирчоғи деб аташ қанчалик нотўғри бўлса, уни Россияга қарши мутлақо ёлғиз жанг қилаётган давлат деб тасаввур қилиш ҳам шунчалик ҳақиқатдан йироқдир. Украинанинг бугунги ҳарбий салоҳияти учта асосий омилнинг ўзаро уйғунлиги натижасидир:

Биринчи омил — Украинанинг тўпланган тажрибаси. Бир неча йиллик уруш давомида Украина кенг кўламли дрон саноатини, мослашувчан ҳарбий инновация муҳитини ва мавжуд платформаларни тезкорлик билан ўзгартириш қобилиятини шакллантирди. Разведка маълумотларини зарбалар билан боғлаш ва майдондаги тажрибадан келиб чиқиб қуролларнинг янги версияларини яратиш борасида катта ютуқларга эришди.

Иккинчи омил — Ғарб дастаги. Бу ўз ичига молиялаштириш, тайёргарлик, ҳаво мудофааси, ўқ-дори таъминоти ва разведка маълумотларини алмашишни олади. Бу ёрдам доимо бир хил бўлмагани ва турли сиёсий чекловларга учрагани рост, бироқ у Украинанинг қулашига йўл қўймасликда ва мудофаадан ичкари ҳудудларга зарба бериш қобилиятига ўтишида ҳал қилувчи роль ўйнади.

Учинчи омил — уруш моҳиятининг ўзгариши. Узоқ масофага учувчи дронлар стратегик ракеталардан анча арзон ва уларни кўп миқдорда ишлаб чиқариш мумкин. Энг муҳими, уларни қўллаш учун Ғарбнинг узоқ масофали ракеталари каби ҳар сафар ташқи сиёсий рухсат талаб этилмайди. Бу эса Украинага мустақил ташаббус кўрсатиш учун кенг имконият яратди.

Нима учун айнан ҳозир? Чунки бундай қобилият тўсатдан пайдо бўлиб қолмайди. Украинага саноатни қуриш, операторларни тайёрлаш, разведка маълумотларини жамлаш, моделларни синовдан ўтказиш ва Россия мудофаасидаги заиф нуқталарни аниқлаш учун вақт керак эди. Шунингдек, Европа 2025-2026 йилларга келиб, уруш тақдири фақат анъанавий Ғарб қуролларига боғлиқ эмаслигини тушуниб етгач, дронлар ва қўшма ишлаб чиқаришни молиялаштиришни кескин оширди. Зарбаларнинг кучайиши Киевнинг Москвага муҳим бир муждани етказиш истаги билан ҳам боғлиқ: узоқ давом этувчи уруш фақат бир томонлама бўлмайди. Агар Россия ўз аҳоли сони ва саноат салоҳияти Украинанинг бардошидан каттароқ эканига пул тикаётган бўлса, Украина Россиянинг иқтисодий ва логистик юрагига бериладиган босим Кремлнинг сиёсий ҳисоб-китобларини ўзгартиришга мажбур қиладиган даражада қимматга тушишига ишонмоқда.

Бугунги кунда Россиянинг ҳарбий ҳолатини аниқ бир тенглама билан ифодалаш мумкин: Россия ҳамон хавфли куч бўлиб қолмоқда, бироқ у урушдан олдин ўзига нисбат берилган «мутлақ ҳаракат эркинлиги»дан маҳрум бўлди. У кенг кўламли ракета ва дрон ҳужумларини уюштиришга, Украина инфратузилмасига жиддий зиён етказишга, минглаб янги аскарларни сафарбар қилишга, айрим йўналишларда илгарилашга, ўз саноат ва тарихий захираларидан фойдаланишга ҳамда Ғарбнинг бевосита ҳарбий аралашувидан ҳимояланиш учун ядровий қурол билан таҳдид қилишга қодир.

Аммо тўрт йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, Россия урушни бошлашдан кўзлаган асосий мақсадларига эриша олмади: Киев қулатилмади, у ерда Москвага содиқ ҳукумат ўрнатилмади, Украина давлатчилиги йўқ қилинмади, Ғарб ёрдами тўхтатилмади ва энг муҳими — Россия ўз иқтисодий ва ҳарбий ичкарисини зарбалардан асраб қола олмади. Ҳақиқий бурилиш нуқтаси ҳам айнан шунда. Гап Россиянинг барча куч-қудратини йўқотганида эмас, балки урушдан олдин етарли деб туюлган ҳарбий воситаларнинг қаршилик кўрсатишга қарор қилган ва Ғарбнинг улкан саноат базасига таянган давлатга қарши тезкор ғалаба қозониш учун ожизлик қилганидадир. Россия «яшин тезлигидаги уруш» (блискриг) кутган давлатдан, узоқ давом этувчи уруш гирдобига ботган давлатга айланди. Бундай ўтиш шунчаки тактик ўзгариш эмас, балки давлат учун — унинг армияси, иқтисодиёти, жамияти, саноати ва йўқотишларни бошқаришдаги сиёсий иродаси учун оғир синовдир.

Хотима: Куч тушунчасини қайта белгилаётган уруш Украинанинг Россия ичкарисига бераётган зарбалари уруш янги босқичга кирганидан далолат беради. Энди савол фақатгина «Донбассдаги фалон қишлоқни ким назорат қиляпти?» деган гапдан иборат эмас. Эндиги асосий савол: «Қайси томон уруш товонини рақибининг ички ҳудудлари учун чидаб бўлмас даражада қимматга тушира олади?»

Россия ҳамон улкан ядровий қудратга, йирик армияга ва жангни давом эттириш имкониятига эга. Бироқ ядровий тийиб туриш омили анъанавий ҳарбий куч ўрнини босолмайди, инсоний талафотларни қопламайди, сиёсий ғалабани кафолатламайди ва дронларнинг нефть заводлари, авиабазалар ва аэропортларга етиб боришини тўхтата олмайди. «Оққуш» (Ту-160) ўзининг бор салобати ва рамзий маъноси билан мана шу зиддиятни яққол ифодалайди: Россия ядровий қудратининг бир бўлагини ташувчи бу улкан бомбардимончи самолёт хавфсиз базага, мураккаб таъмирлашга, кучли ҳимояга ва қимматбаҳо мудофаа чораларига муҳтож. Демак, янги даврда куч фақатгина улкан техникаларга эга бўлиш билан эмас, балки ўша техникани босим остида қанчалик ҳимоя қила олиш, ишлаб чиқариш ва ўрнини тўлдира олиш қобилияти билан ўлчанади.

Ғарб эса «тинчлик даври иқтисодиёти» билан узоқ муддатли уруш олиб бориб бўлмаслигини англаб етди. Бироқ ундаги бойлик, технология ва саноат базаси, агар қатъий сиёсий ирода бўлса, ўз салоҳиятини қайта тиклашга имкон беради. Украина эса урушни ниҳоятда оғир мудофаа ҳолатида бошлаганига қарамай, маҳаллий тажриба, ташқи дастак ва дронлар соҳасидаги инновациялар эвазига уруш оловини Россия ичкарисига кўчира олди. Шундай қилиб, асл муҳораба дрон ва завод ўртасида ёки бомбардимончи ва авиабаза ўртасида эмас. Бу — икки хил куч модели ўртасидаги курашдир: бири арсенал, масса ва қўрқитишга таянган куч, иккинчиси эса доимий ишлаб чиқариш, мослашувчанлик, инновация ва тинкани қуритувчи урушга бардош беришга асосланган куч. Бу курашда Россия ҳали қулагани йўқ, лекин у аввалгидек «дахлсиз» ҳам эмас. У тобора кўпроқ сафарбарликка, ҳарбий харажатларга ва хорижий шерикларга қарам бўлиб бормоқда. Бу эса Кремль чизмоқчи бўлган — «катта уруш бошлаб, унинг бадалини тўламасдан, жамият ва иқтисодиётни четда сақлаб қолиш» ҳақидаги манзарадан жуда узоқдир. Золимларнинг бундай таназзули, шубҳасиз, мазлумлар учун нажот ва адолат тонги яқинлигидан бир нишонадир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button